Шиаларнинг исмлари

0

Шиаларнинг исмлари

1. Шиа – бу уларнинг энг машҳур исми бўлиб, уларнинг барча гуруҳларини ўз ичига олади. Бу исм мазкур тоифанинг атоқли номи эканида уламолар ўртасида хилоф йўқ.

2. Рофизийлар (бўйин товловчилар ёхуд рад этувчилар) – бу исм шиаларнинг баъзи тоифасига ишлатилса-да, баъзи уламолар шиаларнинг барча гуруҳларини шу ном билан аташган.

3. Зайдийлар – бу исмни ҳам баъзи инсонлар шиа тоифасининг барчасига ишлатишади.

 Шиаларнинг барчасини, жумладан, зайдийлар каби ҳижрий биринчи асрнинг охирларида пайдо бўлган шиаларни ҳам рофизийлар деб аташ тўғри эмас. Чунки “рофизий” (бўйин товловчи) сўзи Зайд ибн Алининг баъзи шиаларга қарата айтган: “Менинг йўлимдан бўйин товладинглар” – деган сўзидан олинган. Шундан кейин Зайд ибн Алининг йўлидан чиққан шиалар рофизийлар номини олишган. Бу бўлинишнинг сабаби шуки, улар Зайд ибн Алидан Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг халифалиги ношаръий бўлган, дейишни талаб қилишган ва Зайд бунга рози бўлмаган. Бу дегани рофизийлик тушунчаси, яъни Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг халифалиги ношаръий бўлган, деган бузуқ эътиқод айнан шу вақтда пайдо бўлган, дегани эмас. Балки рофизийлик тушунчаси ундан олдин ҳам бўлган, фақат Зайднинг юқоридаги сўзидан кейин бу бузуқ эътиқоддаги инсонлар рофизийлар номини олишган.

Шунингдек, шиаларнинг барчасини зайдийлар, деб аташ ҳам тўғри эмас. Чунки шиалар Зайд ибн Алидан олдин ҳам бўлишган. Қолаверса, зайдийлар билан рофизийлар ўртасида кучли келишмовчиликлар бор. Зайдийлар эътиқоди рофизийлик эътиқодига тўғри келмайди. Масалан, зайдийлар рофизийлардан фарқли ўлароқ, Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг халифалиги ношаръий бўлган, деб эътиқод қилишмайди ва бу икки улуғ саҳобийни ҳақорат ҳам қилишмайди.

Хулоса қилиб айтганда, шиа исми бу фирқанинг барча оқимларини ўз ичига олади. Бу исм уларнинг баъзиларига тўғри келмаслиги мумкин. Албатта, бу табиий, чунки исм шу исм эгасига доим ҳам тўғри тушавермайди. Масалан, воқеликда исми мусулмонча бўлган кофирлар талайгина. Уларнинг исми мусулмонча бўлиши ўзларининг ҳам мусулмонлини билдирмайди. Худди шундай, бу тоифанинг шиа, яъни “тарафдор” номи билан номланиши уларнинг ҳақиқатдан ҳам Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари эканига далил бўлмайди. Иншааллоҳ, келгуси мақолаларимизда шиаларнинг гуруҳлари ҳақида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг