Абу Бакр Сиддиқ: жиҳод майдонларида (1)

0

Тарихчилар зикр қилишларича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Бадр жангидан тортиб, бирорта ҳам жангни қолдирмай, барча ғазотларда иштирок этди. Уҳуд жанги куни одамлар саросимага тушиб, чекинганларида ҳам у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида матонат билан турди. Табук жангида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қора рангли энг катта байроқни берганлар[1].

Ибн Асир айтади: “Сийратшунос уламолар ичида Абу Бакр Сиддиқнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштирок этган бирорта ҳам ғазотдан қолмагани ҳақида ҳеч қандай ихтилоф йўқ”.[2]

Замахшарий айтади: “У (яъни Абу Бакр) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий йўлдоши эди. Кичиклик пайтидан дўсти бўлди, улғайгач мол-давлатини сарфлади, Мадинага ҳижрат сафарида ҳам туя ва йўл озуқаси билан тўла маъминлади, бир умр у зотга молини бахшида қилди, қизини берди, сафарда ҳам, шаҳарда ҳам ажралмас ҳамроҳ бўлди. Вафот этганларида у зотнинг энг суюкли аёллари бўлмиш қизи Ойшанинг хонасига дафн қилдирди”[3].

Биз қуйида Сиддиқнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жиҳодларда бирга ўтказган ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз.

  • Абу Бакр Сиддиқ Катта Бадр жангида

Сиддиқ розияллоҳу анҳу иккинчи ҳижрийда бўлиб ўтган Бадр ғазотида иштирок этди ва бу жангда ўзига хос ўринга эга бўлди.

  • Маслаҳатлашув мажлиси

Қурайш карвонининг қутулиб кетгани ва Макка пешволарининг мусулмонларга қарши уруш қилишга қаттиқ тургани хабари етиб келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан маслаҳат мажлиси ўтказдилар. Энг аввал Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, яхши гапларни гапирди. Кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу туриб, у ҳам яхши гапларни гапирди[4].

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳолатни ўрганишлари

Бадрга яқинлашганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга мушриклар қўшини ҳолатини ўрганиш мақсадида атрофни айланиб чиқдилар. Ўша атрофда айланиб юрганларида бир қарияга дуч келдилар ва ундан Қурайш қўшини ҳақида, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва асҳоблари ҳақида нима хабарлар эшитгани тўғрисида сўрадилар. Лекин қария: “Сизлар кимдан эканингизни айтмагунингизча ҳеч нарса айтмайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аввал сиз айтинг, кейин биз айтамиз”, дедилар. “Демак, хабар алмашар эканмиз-да”, деди қария. “Ҳа, шундай”, дедилар. Қария: “Менга етган хабарга кўра, Муҳаммад ва унинг асҳоблари фалон куни йўлга чиқишган. Агар шу хабар тўғри бўлса, улар ҳозир фалон жойга – Мадина лашкари келиб тушган жой номини айтди – етган бўлади. Қурайш эса фалон куни йўлга чиққан, шу хабар тўғри бўлса, улар ҳозир фалон жойга – Қурайш лашкари тушган жойни айтди – келган бўлади”, деди. Сўнгра: “Мен сизлар сўраган нарсани айтдим. Энди айтинглар-чи, сизлар кимдансизлар ўзи?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз сувданмиз”, дедилар, сўнг Абу Бакр билан бирга ортларига бурилиб кетдилар. Қария: “Қайси сувдан? Ироқ сувлариданми?” деганча қолаверди[5].

  • Чодирда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қўриқчилик қилиб тургани

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон қўшини сафларини текислаб, жангга ҳозирлаганларидан сўнг бошқарув қароргоҳига қайтдилар. Қароргоҳ жанг майдони яқинидаги бир тепаликка қурилган чодир эди. У зотнинг ёнларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамда Саъд ибн Муоз бошчилигидаги бир неча ансор йигитлари қўриқчилик қилиб турдилар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу кейинчалик ушбу ҳолат ҳақида сўзлаб: “Эй одамлар! Энг шижоатли одам ким?” деб сўради. “Сиз, эй амирулмўъминин”, дейишди одамлар. “Менга келсак, яккама-якка олишувга чиққанларнинг ҳаммасини тинчитдим. Аммо энг шижоатли инсон Абу Бакр бўлди. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир чодир қурган эдик. “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида туриб, мушриклардан биронтасини ҳам у зотга яқинлаштирмай, қўриқлаб туради?”, деганимизда, Абу Бакр қилич яланғочлаб у зотнинг яқинларига туриб олди. У ўшанда бирорта ҳам мушрикни у зот яқинларига йўлагани қўймади. Шундай экан, у энг шижоатли инсондир”, деди[6].

  • Сиддиқ ғалаба башоратини биринчи бўлиб эшитади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг олдидан лозим чора-тадбирларни ва жанг тадоригини кўрганларидан сўнг Роббиларига дуо ва илтижо қилишга киришдилар. Ундан нусрат ва ғалаба сўраб: “Эй Парвардигор, менга ваъда қилган нусратингни бергин. Парвардигор, Сендан аҳдинг ва ваъдангни сўрайман”, деб илтижо қилдилар. Уруш авжига чиққан пайтда у зот Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Парвардигорим, агар бугун ислом аҳли бўлган бу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида асло Сенга ибодат қилинмай қўйилади”, деб такрор-такрор айта бошладилар. Қаттиқ ёлворганларидан ридолари елкаларидан тушиб кетди. Абу Бакр Сиддиқ уни елкаларига қайтариб ўраб: “Ё Расулуллоҳ, Роббингизга шунча ялиниб-ёлворишингиз етар, Роббингиз албатта сизга берган ваъдасининг устидан чиқади”, деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: “Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман”, деди” [Анфол: 9] оятини нозил қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир зум мудрагандек ҳолатга тушдилар, сўнг бошларини кўтариб: “Хушхабар, эй Абу Бакр! Аллоҳнинг нусрати келди. Мана, Жибрил отининг тизгинидан тутиб турибди, унинг елкаларига чанг қўнган”, дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совут кийган ҳолларида, “Яқинда бу жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!” [Қамар: 45] оятини ўқиганларича чодирдан чиқиб келдилар ва жанггоҳга чиқиб бориб, одамларни жангга тарғиб қилдилар[7].

Сиддиқ бу ҳолатдан жуда муҳим раббоний дарс олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу каби соатларда ва шу каби ўринларда нафсдан ва нафсга суянишдан бутунлай халос бўлишни ва фақат Аллоҳга илтижо қилишни, фақат Ундан нусрат сўраб, Унинг ҳузурида тиз чўкишни ўрганди. Бу ҳолат Сиддиқнинг хотирасида, қалби ва виждонида муҳрланиб қолди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг саҳобаларига эргашиш истагидаги ҳар бир ҳоким, раҳбар ва ҳар бир шахс учун муҳим сабоқ ва ўрнак бўлиб қолади.

Жанг қизиб, уруш шиддат билан бораётган, тўқнашув кучайиб, маърака ўзининг чўққисига чиққан бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари майдонга тушиб келдилар ва одамларга Аллоҳни эслатиб, уларни жангга ундадилар. Ўзлари ҳам олдинги сафда, Абу Бакр билан бирга мушрикларга энг яқин жойда туриб, шижоат билан урушдилар.

Абу Бакр ҳам мислсиз шижоат билан жанг қилар, ҳар қандай кофирни, гарчи ўз ўғли бўлса-да, аёвсиз ўлдиришга тайёр эди. Абу Бакрнинг ўғли Абдураҳмон бу жангда мушриклар томонида туриб уришган, арабларнинг энг паҳлавон ва энг мерган йигитларидан эди. Кейинчалик исломга кирганидан сўнг у отасига: “Ўшанда сиз рўпарамда аниқ нишон бўлганингизда, мен сизни ўлдириш имконим бўла туриб ўлдирмадим” деганида Абу Бакр: “Агар сен менинг нишонимда бўлсанг, албатта ўлдирган бўлардим”, деб жавоб берди[8].

[1] “Табақот Кубро” (1/124). “Сифатус софва” (1/242).
[2] Ибн Асир, “Усудул ғоба” (3/318).
[3] “Хасоисул ашара” (41).
[4] Саҳиҳи Бухорий (3952).
[5] Сийра Ибн Ҳишом (2/228).
[6] “Бидоя ва ниҳоя” (3/271).
[7] Ибн Ҳишом, “Сийра набавийя” (2/457).
[8] Суютий, “Тарихи хулафо” (94-бет).

Изоҳ қолдиринг