Сиддиқ жиҳод майдонларида (4)

0

Ҳудайбия сулҳига муносабати:

Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳ битими тузишга муваффақ бўлдилар. Гарчи бу сулҳда мушрикларга кўпроқ ҳақ берилгандек ва мусулмонларга нисбатан адолатсизлик бўлгандек кўрингани билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламасликларига ва албатта Аллоҳнинг кўрсатмасига амал қилаётганларига аниқ ишонгани учун у зотнинг мушриклар талабларига ён босишларини тўғри қабул қилди ва бу борада тутган позицияларига тўла қўшилди.

Муаррихлар зикр қилишларича, Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эмасмисиз, ахир?!”, деди. “Шундай”, дедилар у зот. “Бизлар мусулмон эмасмизми?!”, деди у. “Ҳа, шундай”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Улар мушриклар эмасми?!”, деди у. “Ҳа, шундай”, дедилар у зот. “Ундай бўлса нима учун динимизда уларга ён босамиз?!”, деди. “Эй Ибн Хаттоб, мен Аллоҳнинг элчисиман, У Зотга итоатсизлик қилмайман ва У мени ҳаргиз ташлаб қўймайди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Ахир сиз, албатта Байтуллоҳга бориб, уни тавоф қиламиз, демаганмидингиз?!”, деди Умар. “Ҳа, шундай деганман. Бироқ бу йил қиламиз, деб айтганманми?!”, дедилар. “Йўқ”, деди. “Сиз албатта Байтуллоҳга борасиз ва уни тавоф қиласиз”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Умар айтади: “Шундан сўнг мен Абу Бакрнинг олдига бордим ва унга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган гапларимни айтдим. Абу Бакр ҳам гапларимга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганларидек жавоб қайтарди”. Шундан сўнг Абу Бакр Умарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан асло тортишмасликни насиҳат қилиб: “Сиз бир умр у зотнинг этакларини маҳкам ушлайверинг. Мен у зотни Аллоҳнинг пайғамбари эканларига гувоҳлик бераман. Аллоҳга қасамки, у зот ҳақ устидалар ва Аллоҳ у зотни асло зое қилмайди”, деди[1].

Сиддиқнинг жавоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоблари билан бир хил бўлди. Бўлмаса, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деб жавоб берганларини эшитмаган эди. Гарчи Умар Аллоҳ таоло томонидан илҳом ато этилган киши бўлса-да, умумиятла олганда Абу Бакр Аллоҳ ва Расулига Умардан кўра мувофиқроқ эди, Сиддиқнинг мартабаси Мулҳам (илҳом берилган)нинг мартабасидан кўра юқорироқ эди. Негаки сиддиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир айтган сўзларини киприк қоқмай қабул қиларди.

Кейинчалик Сиддиқ Ҳудайбияда содир бўлган ушбу улкан фатҳ ҳақида сўзлаб, шундай деганди: “Исломдаги бирорта ҳам фатҳ Ҳудайбия фатҳидан кўра каттароқ бўлмади. Лекин одамларнинг фикрлари Муҳаммад билан Рабби ўртасида бўлган сирдан қосирлик қилди. Ҳа, бандалар ошиқиб кетадилар, бироқ Аллоҳ таоло то ишлар Ўзи истаган мақомга етмагунича шошилмайди. Мен “Ҳажжатул вадоъ”да кўрдимки, Суҳайл ибн Амр қурбонлик  бўғизланадиган ўринда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туяларни яқинлаштирар, у зот уларни ўз қўллари билан бўғизлардилар. Сўнг у зот сартарош чорлаб, сочларини олдирдилар. Мен Суҳайлга қараб турардим, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ерга тушган сочларини олиб, кўзига суртарди. Мен шунда унинг Ҳудайбия куни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ёзилишига ва “Муҳаммад Расулуллоҳ” деб ёзилишига қандай қаршилик қилганини эсладим ва уни исломга ҳидоят қилиб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар айтдим”[2].

Хайбар ғазотида:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарни қамал қилиб, яҳудларга қарши жанг қилишга ҳозирлик кўрдилар. Биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ бошчилигида Хайбарнинг баъзи қалъаларига аскар юбордилар. Улар анча уринишдан сўнг фатҳ қилолмай ортга қайтдилар. Сўнгра Умар ибн Хаттобни юбордилар. Улар ҳам бирон натижага эришолмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига қайтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эртага бу байроқни бир кишига бераманки, Аллоҳ унинг қўлида фатҳ-ғалаба ато этади, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради”, дедилар. У инсон Али ибн Абу Толиб бўлиб чиқди.

Айрим саҳобалар яҳудларнинг кучини қирқиш ва асосий даромадлари манбаидан маҳрум қилиш учун хурмоларини кесиб ташлаш маслаҳатини бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг маслаҳатларига рози бўлгач, мусулмонлар хурмо дарахтларини кесишга тушдилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бу ишни тўхтатишларини сўради. Негаки, Хайбар қай йўл билан фатҳ қилинмасин, уларнинг боғлари вайрон этилиши охир-оқибат мусулмонларга зарар келтирарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сиддиқнинг маслаҳатини қабул қилдилар ва хурмозорларни кесишни тўхтатишга буйруқ бердилар[3].

Нажд ғазотида:

Ибн Саъд Иёс ибн Саламадан ривоят қилиб келтиришича, отаси унга шундай ҳикоя қилиб берган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Наждга қўшин юбордилар, унга Абу Бакрни амир қилиб тайинладилар. Биз Ҳавозин қабиласига тунда ҳужум қилдик, ўша кунги шиоримиз (яъни, бир-биримизни таниб олиш учун қўллаган махфий сўзимиз): “Ўлдир! Ўлдир!” деган сўз бўлди. Мен етти кишини ўз қўлим билан қатл қилдим”[4].

Бани Фазора жангида:

Фазора қабиласининг бир уруғи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд қилмоқчи бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқни улар устига юбордилар. Имом Аҳмад Салама ибн Акваъдан ривоят қилади: «Мен Абу Бакр билан бирга чиққандим. Субҳ намозини ўқиганимиздан сўнг унинг буйруғи билан ҳужумга ўтдик. Ўлганлар ўлиб, қолганлар қочаётган эди, бир гуруҳ одамларни кўрдим, улар ичида болалар ҳам бор эди. Мен улар тоққа чиқиб кетиб қолишларидан қўрқиб, улар ортидан қувиб етдим ва улар билан тоғ оралиғига камон ўқи отдим. Улар камон ўқини кўриб, тўхтаб қолишди. Ораларида эгнига теридан тикилган кийим кийиб олган Умму Қирфа исмли бир аёл, унинг ёнида эса унинг қизи ҳам бўлиб, у арабларнинг энг сулув қизларидан эди. Мен уларни олдимга солиб, Абу Бакрнинг ёнига келтирдим. Абу Бакр ўлжадан тушган улушлар қаторида унинг қизини ҳам менга берди. Мен унга қўлимни теккизмадим. Мадинага келганимиздан сўнг ҳам унга ҳали қўлимни теккизмаган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени бозорда учратиб: “Эй Салама, ўша аёлни менга ҳадя қилгин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, у менга ёқиб қолди, бироқ унга қўл теккизмадим”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамасдан, бурилиб кетдилар. Эртаси куни яна бозорда менга йўлиқиб: “Эй Салама, ўша аёлни менга ҳадя қилгин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, олаверинг, у сизга”, дедим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлни Маккага юбориб, эвазига у ердаги мусулмон асирларини қутқариб олдилар”.

Қазо умрасида:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳи туфайли умрадан тўсилиб, ортларига қайтиб кетган эдилар. Кейинги йили ўша умранинг қазосини ўташ учун йўлга отландилар. Ушбу сафарларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам у зотга ҳамроҳлик қилди.

Зоти салосил жангида:

Рофеъ ибн Амр Тоий айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Осни қўшинга бош қилиб, “Зотис салосил” деган жойга юбордилар. Қўшин таркибида Абу Бакр, Умар ва бошқа катта саҳобалар бор эди. Улар йўл юриб, Жабали Той номли ерга етиб келдилар. Ўша ерда Амр қўшинга йўлбошчилик қиладиган одам қидиртириб, мени топиб, шу ишга тайинлади. Жанг бўлиб ўтганидан сўнг мен Абу Бакрнинг ёнига бордим, уни устига ташлаб олган бир абоасидан (енгсиз устки кийимидан) таниб олгандим, уловга минган пайти уни устига маҳкамлаб олар, уловдан тушганида ечиб қўярди. Мен унинг ёнига бориб: “Сизни шерикларингиз ичидан таниб олган эдим. Менга шундай бир нарсани ўргатингки, ўшани ёдлаб олсам, сизларга ўхшаган бўлай. Бироқ ўта узун бўлмасин, эсимдан чиқиб қолади”, дедим. У: “Бешта бармоғингни санай оласанми?”, деди. “Ҳа”, дедим. У: “Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ва Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик берасан. Беш вақт намоз ўқийсан. Молинг бўлса, молингнинг закотини берасан. Байтуллоҳни ҳаж қиласан. Рамазон ойи рўзасини тутасан. Хўш, ёдлаб олдингми?”, деди. “Ҳа”, дедим. “Хўп, яна шуни ҳам ёдлаб ол, ҳеч қачон икки кишига ҳам амир бўлма!”. “Нима, амирлик фақат сиз шаҳарликларга хосми?”, дедим. У деди: “Мумкинки, ҳали (бу иш) ёйилиб, амирлик сенга ва сендан кўра қуйироқ одамларга ҳам етади. Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборганида одамлар исломга кирдилар. Баъзилари холис Аллоҳ учун динга кирди, Аллоҳ уларни ҳидоят қилди. Баъзилари эса қиличдан қўрқиб кирди. Ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг зиммасида, аҳди ва омонлигидадир. Энди бир киши амир бўлса, шунда одамлар ўзаро бир-бирларига зулм қилишса, амири уларга ҳақларини олиб бермаса, Аллоҳ ундан интиқом олади”[5].

Зоти салосил жангида бўлган бир воқеада Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг амирларни эҳтиром қилиш борасидаги ўзига хос хусусияти яна бир бор яққол кўринди. Ушбу ҳодиса Абу Бакрнинг кучли шахсият эгаси эканини ҳамда унинг ҳақиқий эр кишиларни бино қилишда, уларни қадрлаш ва ҳурматларини ўрнига қўйишда алоҳида лаёқати борлигини кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Бурайдадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зоти салосил жангида Амр ибн Осни амир қилиб юбордилар. Қўшин ичида Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳам бор эдилар. Жанггоҳга яқин жойга етганларида Амр уларга гулхан ёқишни тақиқлади. Умарнинг жаҳли чиқиб, Амрнинг ёнига бормоқчи бўлган эди, Абу Бакр уни қайтарди ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни уруш илмидан яхши хабардор бўлгани учунгина сизнинг устингизга амир қилганлар”, деди. Шу билан Умар тинчланди[6].

[1] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавийя” (3/346).
[2] “Канзул уммол” (30136). Муҳаммад Аҳмад Ошур, “Хутаб Абу Бакр Сиддиқ” (117).
[3] Воқидий, “Мағозий” (2/644).
[4] Табақотул кубро (1/124). Абу Довуд, “Китобул жиҳод” (3/43).
[5] Мажмауз завоид (5/202).
[6] Ҳоким, “Мустадрак” (3/42).

Изоҳ қолдиринг