Сиддиқ жиҳод майдонларида (6)

0

Сиддиқ Табук ғазотида:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига ўттиз минг кишидан иборат улкан қўшин билан чиқдилар. Ушбу ғазот Шомдаги румликларга қарши уруш эди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчиликларида Саниятул вадоъ деган жойда тўпландилар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ичидан қўмондонларни ва байроқдорларни танлаб олдилар. Қўшиннинг энг катта байроғини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бердилар.

Ушбу ғазот асносида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг айрим хусусиятлари намоён бўлди:

Абдуллоҳ Зул-бижодайн исмли саҳоба вафот этганида:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Табук ғазотига чиққан эдик. Бир куни тунда ўрнимдан туриб қарасам, узоқда, лашкаргоҳ четида гулхан шуъласи кўринди. Қизиқиб, унга яқин бордим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар билан турган эканлар. Абдуллоҳ Зул-бижодайн Музаний вафот этган экан, улар унга қабр қазибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр ичида туриб, икковларига: “Биродарингизни менга узатинглар”, дедилар. Улар уни узатдилар. Қабрига қўятуриб: “Эй Аллоҳ, мен ундан розиман, Сен ҳам ундан рози бўлгин”, деб дуо қилдилар”. Ровий (Абдуллоҳ ибн Масъуд) деди: “Кошки ўша қабр эгаси мен бўлсам эдим”[1].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу майитни лаҳадга қўйиш пайтида: “Бисмиллаҳи ва ала миллати росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллама ва бил яқийни бил баъси баъдал мавт” (маъноси: Аллоҳ номи ила, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам динлари устида, ўлимдан сўнг қайта тирилишга иймон келтирган ҳолда), дер эдилар[2].

Сиддиқнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мусулмонлар ҳаққига дуо сўрагани:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: Табукка жазирама иссиқ пайтда чиққандик. Йўлда бир жойга тушдик. Бизга қаттиқ ташналик етганди. Ташналикнинг зўридан томоқларимиз қуриб, ёрилиб кетаёзганди. Ҳатто айримлар туясини сўйиб, унинг қорни ичидаги сувини сиқиб ичиб, қолганини жигарига босар эди. Абу Бакр Сиддиқ: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, У сизни яхши дуоларга одатлантирган”, деган эди: “Шундай қилишимни истайсизми?”, дедилар. “Ҳа”, деди. Шундан сўнг у зот дуога қўл кўтардилар. Қўлларини туширмасларидан ҳаво айниб, ёмғир томчилай бошлади. Кейин шаррос ёмғир қуйди ва ҳамма ўзида бор идишини сувга тўлдириб олди. Кейин йўлга чиқдик. Қарасак, ёмғир лашкаргоҳдан у ёғига ёғмаган экан[3].

Сиддиқнинг Табук ғазотига қилган нафақаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига чиқиш олдидан масофа узоқлиги ва душман сонининг кўплигини эътиборга олиб, урушга пухта ҳозирлик кўришга буюрдилар, мусулмонларни сафар тадориги учун нафақа қилишга ва пул-мол сарфлашга чорладилар. Инфоқ қилувчиларга Аллоҳнинг улуғ ажру савобларини ваъда қилдилар. Ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб, инфоқ қилди. Бу борада Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга тенг келадигани топилмади. Қўшиннинг асосий нафақасини у ўз зиммасига олди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ярим молини келтириб берди. У шу сафар Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ўзиб кетган бўлсам керак, деб гумон қилганди. Форуқнинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни садақа қилишга буюрдилар. Бу менинг анча молим бор пайтга тўғри келганди. Ўзимга ўзим: “Агар Абу Бакрдан ўзадиган бўлсам, шу бугун ўзишим мумкин”, дедим-да, молимнинг ярмини келтириб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аҳли оилангизга нима қолдирдингиз?”, деб сўраган эдилар: “Ярим молимни қолдирдим”, дедим. Кейин Абу Бакр бор молининг ҳаммасини олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Бакр, аҳли оилангизга нима қолдирдингиз?”, дегандилар, Абу Бакр: “Уларга Аллоҳ ва Расулини қолдирдим”, деди. Шунда мен ичимда: “Абу Бакрдан ҳеч қачон ўза олмас эканман”, дедим[4].

Умарнинг яхши ишларда Абу Бакрга ҳавас қилиши ва ундан ўзишга интилиши мубоҳ иш, бироқ Сиддиқнинг ҳоли барибир афзал. Негаки, у бу ишни ҳеч кимга қарамасдан ва бировдан ўзишни мутлақо қасд қилмасдан қилганди[5].

Сиддиқнинг 9 ҳижрийда ҳажга бош қилиниши:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида жамият тарбияси ва давлат қурилиши барча бўғимларда ва ақидавий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий ва тааббудий (ибодатга оид) соҳаларда бир хилда давом этиб борди. Шу йилгача ҳали ҳаж ибодатини жамоавий тарзда адо этилмаган эди. Фатҳдан сўнг ҳижрий 8 йилда Аттоб ибн Усайд бошчилигида ҳаж қилинган, бироқ мусулмонларнинг ҳажлари мушрикларнинг ҳажларидан фарқли бўлмаган эди[6]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг ҳижрий 9 йил ҳаж мавсумида ҳаж қилмоқчи бўлдилар, кейин: “Байтуллоҳга мушриклар ҳам келиб, яланғоч тавоф қилишади. То шунга барҳам берилмагунича ҳаж қилишни истамайман”, дедилар. Сўнг шу йили Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ҳаж ишларига бош қилиб юбордилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳожиларга бош бўлиб, йўлга отланди. Шундан сўнг “Бароа” сураси нозил бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни чақириб, унга Абу Бакрнинг ортидан етиб олишни ва ҳажда одамларга ушбу сурани ўқиб беришни амр этдилар. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Азбо номли туяларига миниб йўлга чиқди ва Абу Бакрга Зулҳулайфада етиб олди. Сиддиқ ундан: “Амир бўлиб юборилдингизми, маъмур (тобе) бўлибми?”, деб сўраган эди, Али: “Йўқ, маъмур бўлиб”, деб жавоб берди. Кейин йўлда давом этдилар. Абу Бакр одамларга бош бўлиб, ҳаж русумларини одатда жоҳилият пайтида адо этиладиган ўринларда адо этди. У шу кунлар мобайнида бир неча ўринларда хутба қилди, одамларга ҳаж маросимларини тўғри адо этиш йўл-йўриқларини кўрсатди. Абу Бакр қаерда хутба қилса, ортидан Али ибн Абу Толиб одамларга “Бароа” сурасининг бошидаги оятларни ўқиб берарди. Сўнг одамлар ичида жар солиб: “Жаннатга фақат мўмин инсон киради, Байтуллоҳни яланғоч кимса тавоф қилмайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кимнинг ўртасида аҳд-битим бўлса, унинг аҳди то муддатининг охиригача, бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди!”, деб эълон қиларди[7]. Сиддиқ Абу Ҳурайрага бир неча саҳобалар билан бирга Алига ўз вазифасини адо этишига ёрдам беришларини амр этди[8].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуга ушбу ҳаж мавсумида мушрикларга ўртадаги барча битимлар бекор қилинганини эълон қилиш вазифасини топширган эдилар. Бу эса арабларнинг урфига тўла мос келадиган иш бўлиб, араблар одатига кўра бирон битим тузилгани ё бекор бўлгани ҳақидаги эълонни қабиланинг саййиди ё унинг вакили эълон қилар, бу урф Исломга ҳам зид эмасди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалдан ишнинг тадбирини олдилар ва Алини ушбу вазифа билан юбордилар. Али розияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида одамларга “Бароа” сурасининг дастлабки оятларини ўқиб беришлари сабаби шу эди. Шиа рофизалар даъво қилишганидек, бу унинг халифаликка Абу Бакрдан кўра ҳақлироқ эканига ишора эмас эди. Доктор Муҳаммад Абу Шаҳба шу воқеани изоҳлар экан: “Билмадим, улар Сиддиқнинг Алига: “Амир бўлиб юборилдингизми, маъмур (тобе) бўлибми?” деганида Алининг: “Йўқ, маъмур бўлиб” деган сўзларидан қандай ғофил бўлишган экан?! Маъмур қандай қилиб халифаликка амирдан кўра ҳақлироқ бўлсин?!”, дейди[9].

Ушбу ҳаж келгуси йилдаги катта ҳажга – Ҳажжатул Вадоъга тайёргарлик мақомини олди. Абу Бакр бошчилигидаги ҳажда бут-санамлар даври ўтиб, бутунлай бошқа янги давр бошлангани, энди бундан буёғига одамлар фақат Аллоҳнинг шариатига бўйсуниб яшашлари лозимлиги баралла эълон қилинди. Ушбу хабар узоқ-яқиндаги араб қабилалари орасида тарқалгач, араблар иш жиддий тус олганини ва бутпарастлик даври ҳақиқатан ортда қолганини тушуниб етдилар ва бирин-кетин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ўз вакилларини юбориб, Исломни қабул қила бошладилар[10].

Сиддиқ Ҳажжатул Вадоъда:

Имом Аҳмад “Муснад”да Асмо бинти Абу Бакрдан ривоят қилади: “(Ҳажжатул Вадоъда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж сафарига чиқдик. Арж деган жойга етганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дам олишга тўхтадилар. Ойша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига, мен отамнинг ёнларига ўтирдим. Абу Бакрнинг сафар анжомлари ортилган туяси унинг ғуломида эди. У ғуломи келишини кутиб ўтирди. Ғулом етиб келди, туя йўқ эди. “Туянг қани?” сўради Абу Бакр ундан. “Тунда йўқотиб қўйдим”, деди у. Шунда Абу Бакр: “Биттагина туя бўлса-ю, шуни ҳам йўқотдингми?!”, деди ва ғуломни ура бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилиб: “Манави муҳримнинг (эҳромдаги одамнинг) қилаётган ишини кўринглар”, дедилар[11].

[1] «Ҳилятул авлиё ва табақатул асфиё” (1/112).
[2] Абдураззоқ,”Мусаннаф” (3/497).
[3] Ибн Ҳиббон, китобул жиҳод, ғазвату табук (1707).
[4] Сунан Абу Довуд (1678).
[5] Фатово Ибн Таймия (10/72).
[6] Имодуддин Халил, “Диросот фий аҳдин нубувва” (222).
[7] Саҳиҳ сийра набавия (625).
[8] Абу Шаҳба, “Сийра набавия” (2/537).
[9] Абу Шаҳба, “Сийра набавия” (2/540).
[10] Қалъачи, “Қироа сиясия лис сийратин набавия” (283).
[11] Муснади Аҳмад (6/344).

Изоҳ қолдиринг