Сийрат: арабларнинг исломдан олдинги ахлоқий ҳолати

0

Арабларнинг ахлоқи бузилиб, ароқ ва қиморга муккасидан кетишганди. Қўшни қабилаларга ҳужум қилиш, карвонларнинг йўлини тўсиш, қабилапарастлик, зулм, одам ўлдириш, ўч олиш, бировнинг молини тортиб олиш, етимларнинг ҳаққини ейиш, судхўрлик, ўғрилик ва зино каби иллатлар кенг тус олганди. Бу дегани мазкур иллатлар уларнинг барчасида бўлган дегани эмас. Уларнинг ичида зино қилмайдиган, ароқ ичмайдиган, бегуноҳ инсонларни ўлдирмайдиган, зулм қилмайдиган, етимларнинг ҳаққини ейишдан ор қиладиган, судхўрликдан нафратланадиган инсонлар ҳам кўп бўлган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, улар асосан қуллар ёки уйининг эшигига байроқ илиб қўйган фоҳишалар билан зино қилишарди. Лекин ҳур аёллар зино қилиши нодир бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳида аёллардан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик ва зино қилмасликка байъат олганларида Ҳинд бинти Уқба розияллоҳу анҳо: “Ҳур аёл ҳам зино қиладими?!” – дегани бунга очиқ далилдир. Умуман олганда арабларда мақтовга лойиқ сифатлар бисёр бўлган ва айнан мана шу хислатлари сабабли ислом дини уларга нозил бўлишига лойиқ саналишган. Қуйида уларнинг мақтовга лойиқ сифатлари ҳақида қиқача сўз юритиб ўтамиз:

  • Ақл-заковат

Араблар римликлар, ҳиндлар, юнон ва форслар каби турли хил фалсафалар билан шуғулланишмагани сабабли қалби поклиги билан бошқа миллатлардан ажралиб турарди. Уларнинг қалби ер юзидаги энг улуғ рисолат – ислом даъватини тарқатишга тайёргарлик кўраётгандек эди гўё. Улар ўша даврдаги энг зеҳни ўткир инсонлар бўлишган. Улардаги бу ақл-заковат динни тарқатиш ва уни ҳимоя қилишга хизмат қилган.

Тил бойликлари уларнинг қанчалар зеҳн ва заковатли бўлишганини исботлайди. Масалан, асал маъносида араб тилида саксонта сўз бор. Шунингдек, тулкининг икки юзта, шернинг беш юзта, туя ва қиличнинг мингта, мусибат сўзининг тўрт мингта маънодоши бор. Бу сўзларни тўлиқ ўрганиш ва ёдда сақлаш учун ниҳоятда кучли зеҳн керак бўлади.

  • Саховат

Араблар шу даражада сахий бўлишганки, агар уйларига меҳмон келиб, меҳмон ҳузурига тортиқ қилишга миниб турган оти ёки туясидан бошқа нарсаси бўлмаса, шу от ёки туяни сўйиб зиёфат қилган. Бунга Ҳотам Тоийни мисол қилишимиз мумкин. Унинг қанчалар саховатли бўлганини айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Зеро, одамлар ўртасида саховат билан танилган киши ҳотамтой деб аталишининг ўзи бунга очиқ бир далилдир.

  • Шижоат ва мардлик

Араблар жангда ўлиш билан фахрланишар, тўшакда ўлишдан эса ор қилишарди. Ҳатто бир арабга акаси ўлдирилгани ҳақида хабар берилганида: “У ўлдирилган бўлса, отаси ҳам, акаси ҳам, амакиси ҳам ўлдирилган эди. Аллоҳга қасам, биз тўшакда ўлмаймиз. Биз найза санчилган ҳолатда қилич остида жон берамиз” – деб жавоб берган.

Араблар учун азизлик, обрўни сақлаш, номусни ҳимоя қилиш биринчи ўринда турарди. Бунинг учун улар жонларини фидо қилишарди.

Араблар табиатан мард ва жасур бўлишган. Улар кучли инсонлар ожиз ва бечораларни, аёл ва қарияларни хорлашини пасткашлик, ёрдам сўраган инсонга ёрдам бермасликни эса аблаҳлик деб билишган.

  • Ҳурриятни яхши кўриб, хорликдан нафратланиш

Араблар озодлик ва ҳурриятни севар, ҳуррият учун керак бўлса жонини ҳам фидо қиларди. Улар хорликка, обрў-эътибори топталишига, камситилиш ва ҳақоратланишга асло рози бўлишмас эди. Араблар хорликка асло сабр қила олмасликларининг исботи сифатида тарихда бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтамиз:

Ҳийратнинг подшоҳи Амр ибн Ҳинд вазирлари билан ўтириб, шундай дейди:
– Онаси менинг онамга хизмат қилишдан бош тортадиган бирон бир арабни биласизларми?
– Ҳа, шоир Амр ибн Кулсумнинг онаси, дея жавоб беради вазирлар.
Подшоҳ Амр ибн Кулсумни онаси билан бирга меҳмонга чақиради. Подшоҳ онасига овқат еб бўлганидан сўнг Амрнинг онасидан ёнидаги товоқни олиб беришини сўрашини тайинлаб қўяди. Она подшоҳнинг айтганини қилиб, Амрнинг онасига иш буюради. Амрнинг онаси эса: “Кимга керак бўлса, ўзи туриб олсин” – деб жавоб беради. Подшоҳнинг онаси қайта-қайта айтаверганида Амрнинг онаси Лайло: “Вой шўрима, ҳой Бани Тағлиб, ёрдамга” – деб қичқиради. Онасининг бу ноласини эшитган Амр жаҳл устида  равоқда осилиқ турган қилични олади-да, подшоҳнинг калласини танасидан жудо қилади ва қабиласини ёрдамга чақириб, биргаликда равоқни тунаб кетишади.

Давоми бор

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг