Сийрат: Пайғамбаримиз туғилишларидан олдинги муҳим тарихий воқеалар

0

Бугунгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан олдин арабларнинг диний, ижтимоий ҳамда ахлоқий ҳолатларини ўрганиб чиқдик. Келинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари ҳақида сўз юритишдан олдик у зотнинг таваллудларига яқин бўлиб ўтган муҳим воқеалар билан қисқача танишиб чиқайлик.

Замзам булоғининг қайта қазилиши

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Ҳожар онамизни ҳамда ўғли Исмоилни саҳрога ташлаб кетгани, Ҳожар онамиз сув излаб Сафо ва Марва тоғлари орасида югургани, сўнг Аллоҳ таолонинг мўъжизаси билан Исмоил алайҳиссалом йиғлаганча товонларини ерга урганида ўша ердан замзам суви булоқ бўлиб отилиб чиққанини барчамиз ўқиганмиз. Иншааллоҳ, бу воқеа хусусида саҳифамиздаги “Пайғамбарлар тарихи” номли туркум мақолаларда алоҳида тўхталиб ўтилади. Бироқ вақтлар ўтиши билан бу қудуқ кўмилиб, ер остида қолиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Абдулмутталиб замзам қудуғини қайта қазиганди. Али розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, бу воқеа қандай содир бўлгани ҳақида Абдулмутталиб шундай дейди:

Мен ҳижрда ухлаб ётганимда тушимда бир киши ёнимга келиб: “Тойбани қазигин” – деди. – Тойбанг нимаси, деган эдим, у кетиб қолди. Эртаси кун яна шу жойга келиб ухладим. Тушимда ҳалиги киши келиб: “Баррани қазигин” – деди. – Барранг нимаси, дегандим, у яна кетиб қолди. Эртаси кун яна шу жойга келиб ухладим. Тушимда ҳалиги киши келиб: “Мазнунани қазигин” – деди. – Мазнунанг нимаси, дегандим, у яна кетиб қолди. Эртаси кун яна шу жойга келиб ухладим. Тушимда ҳалиги киши келиб: “Замзамни қазигин” – деди. – Замзаминг нимаси, дедим. – У асло суви тугамайдиган қудуқ. Унинг суви камаймайди ҳам. Бу қудуқ кўп сонли ҳожиларни суғоради. Унинг суви бамисоли қон билан ахлат оралиғидан чиқувчи мусаффо сутдек. Бу қудуқ чумолилар уйининг олдидаги оқ оёқли қарға чўқийдиган жойда, деди” (“Сийрати Ибн Ҳишом” 1\143-144).

Абдулмутталибга гап нима ҳақида экани тушунтирилди, қудуқнинг жойи кўрсатилди. У бу туши ҳақ эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнг эртаси куни курагини олиб, ўғли Ҳорис билан бирга қудуқ қазишга жўнади. Ўша вақтда Абдулмутталибнинг Ҳорисдан бошқа ўғли йўқ эди. Абдулмутталиб қудуқ қазишни бошлади. У қудуқнинг деворини кўрганида такбир айтиб юборди. Бу такбирни эшитган қурайшликлар Абдулмутталиб излаганини топганини  билдилар. Улар дарҳол Абдулмутталибнинг ҳузурига етиб келишди ва улар ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:

– Абдулмутталиб, ахир, бу отамиз Исмоилнинг қудуғи-ку. Бу қудуқда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор. Бизни ҳам бу қудуғингга шерик қиласан.
– Қилиб бўлибман. Бу менинг шахсий қудуғим. Бу қудуқ сизларга эмас, менга берилди, – деб жавоб берди Абдулмутталиб.
– Ҳеч бўлмаса, бизга ярмини берасан. Биз келишиб олмагунимизча сени тинч қўймаймиз.
– Ундай бўлса, ўртамизда сиз хоҳлаган бир киши ҳакам бўлсин.
– Бани Саъд ибн Ҳузайл қабиласидаги фолбин аёл ҳакам бўлади.
– Майли, розиман.

Бу фолбин аёл Шом тепаликларида яшарди. Шу тариқа Абдулмутталиб Бани Абдуманофлик бир гуруҳ қариндошлари билан сафарга отланди. Қурайшнинг ҳар бир қабиласидан бир киши чиқиб, уларга ҳамроҳ бўлди. Сафар асносида уларнинг сувлари тугаб қолди. Йўлда кўринганлардан сув сўрашганида “биз ҳам чўлдамиз, сувимизни берсак сизларга ўхшаб сувсиз қоламиз”, деган жавоб олишди. Чўлда сувсиз қолиб, чанқоқдан ўлишларига амин бўлдилар. Абдулмутталиб: “Ҳар биримиз куч-қуввати борида ўзига қабр қазиб олсин. Агар бирортамиз ўлсак, қолганлар уни шу қабрга дафн қилади. Охирги вафот этган кўмилмай қолади. Бир гуруҳ инсонлар кўмилмай қолганидан кўра биттамиз шу кўйга тушганимиз яхши” – деди. Ҳамроҳлари бу фикрни ўринли деб қабул қилишди. Ҳар бирлари ўзларига гўр қазиб, ўлимларини кутиб ўтирдилар. Сўнг Абдулмутталиб шерикларига: “Ҳаёт учун курашмасдан, ўзимиз учун ҳаракат қилмасдан ўлимга таслим бўлиб ўтиришмиз ожизликдир. Изланайлик, шояд бирон жойдан Аллоҳ ризқимизни берар, туринглар” – деди. Ҳамма туясига минди. Абдулмутталиб туясини тургизган эди, туянинг оёқлари остидан чучук сув булоқ бўлиб чиқа бошлади. Абдулмутталиб такбир айтиб юборди, ҳамроҳлари ҳам такбир айтишди. Барчалари туяларидан тушиб, сув ичдилар ва идишларини ҳам тўлдириб олдилар. Сўнг Қурайш қабилаларидан чиққан вакилларни ҳам сувга чақирдилар. Улар ҳам тўйиб сув ичдилар, идишларини ҳам тўлдириб олдилар. Қурайш вакиллари бўлиб ўтган воқеани кузатиб туришганди. Шунинг учун сув ичиб бўлишгач: “Аллоҳга қасам, Аллоҳ сенинг фойдангга ҳукм чиқарди. Аллоҳга қасам, энди биз сен билан асло замзам суви борасида тортишмаймиз. Бу чўлда сени сув билан сийлаган зот замзам қудуғини сенга ато этибди” – дедилар. Шу тариқа улар фолбиннинг ҳузурига боришмади, замзам қудуғи Абдулмутталибнинг ўзига қолди (“Ал-комил фит тарих” 1\242).

Замзам сувининг фазилати

Замзам сувининг фазилати ҳақида бир қанча ҳадислар бор. Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам шулар жумласидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга: “Бу муборак қудуқ. Унинг суви овқат ўрнига ўтади” – деганлар (Муслим (6442) ривояти). Дорақутний ривоят қилган ҳадисда эса: “Замзам нима мақсадда ичилса шунга яроқли бўлади. Агар шифо мақсадида ичсанг Аллоҳ шифо беради, очқаганинг учун ичсанг Аллоҳ қорнингни тўқ қилади, чанқоғинг босилиши учун ичсанг Аллоҳ чанқоғингни босади. Бу сув Жаброилнинг зарбасидан чиққан, Аллоҳ таоло бу билан Исмоил алайҳиссаломни суғорган” – деганлар (Дорақутний (238\2702) ва Ҳоким (1782) ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Замзам сувини ичишда қилинган дуо мустажобдир” – деганлар (Ибн можа (3062) ривояти).

Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда “Фил воқеаси” ҳақида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг