Смайлик жўнатишнинг ҳукми нима?

4

Савол:

Смайлик жўнатишнинг ҳукми нима? Баъзилар бу иш ҳаром дейишмоқда.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган хатлашувчи мимикасини ифодаловчи расмчалар ёхуд смайликларни ишлатиш жоиз.  Бу шариатимизда қайтарилган тасвир ҳукмига кирмайди.

Бунинг баёни қуйидагича:

  1. Бу смайликларда инсонниг қулоғи, сочи ва бурни каби аъзолари бўлмай, инсон қиёфасини тўкис ифода қилмайди. Улар расмдан кўра кўпроқ рамз, яъни символларга ўхшайди. Баъзи уламоларнинг фикрича, агар расм инсон унга диққат билан қарагандагина расм эканини биладиган даражада кичик бўлса, уларни қўллаш макруҳ бўлмайди (“Фатово ҳиндия”:  1/108 га қаралсин).

  2. Бу смайликларда кўкрак ва қорин каби тирик жонзотнинг усиз ҳаёт бўлиши тасаввур қилинмайдиган аъзолар бўлмайди. Қолаверса, смайликнинг ўзи ҳам ҳақиқий бошдан фарқли ўлароқ, соч, бурун ва қулоқлардан холи думалоқ шаклдан иборат, холос.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  «Расм(нинг асосий қисми) бошдир. Агар бош кесилса, (яъни расмдан бош қисми олинса), у расм саналмайди»,  деганлар.

Жумҳур уламоларнинг фикрича, расмдан инсон ҳаёти усиз тававвур қилинмайдиган аъзолардан бири олиб ташланса, шариатимизда қайтарилган расм ҳукмига кирмайди.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расмнинг бош қисми олиб ташланса унинг макруҳлиги қолмайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расм(нинг асосий қисми) бошдир. Агар бош кесилса (яъни расмдан бош қисми олинса), у расм саналмайди”. Бу фикр Икримадан ҳам ривоят қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Жаброил келиб менга: “Кеча сизнинг олдингизга келдим. Бироқ эшикдаги ҳайкал (монумент), уйингиздаги расмлари бор парда ва ит борлиги мени олдингизга киришдан тўсди”, деб Расулуллоҳни эшикдаги ҳайкалнинг бошини олиб, дарахт шаклига ўхшатиб қўйишга, пардани кесиб, ундан бош остига қўйиладиган иккита ёстиқ ясашга ва итни уйдан чиқариб юборишга буюрдилар ва у зот шундай қилдилар.

Расмдан кўкрак ё қорин каби уларсиз яшаб бўлмайдиган аъзолар олиб ташланса ёки расмнинг боши танасидан жудо қилинган бўлса, у ҳолда (ҳадисларда келган) қайтариқ жумласига кирмайди. Чунки бошсиз танада ҳаёт қолмагани каби мазкур аъзоларни олиб ташлаш билан ҳам танада ҳаёт қолмайди.

Аммо расмдан кўз, қўл ва оёқ каби уларсиз ҳаёт тасаввур қилинадиган  аъзолар олиб ташланса, у ҳолда шариатимиз қайтарган расм жумласидан бўлади.

Шунингдек,  расм бошсиз танадан ёки танасиз бошдан иборат бўлса ёки боши бўлиб,  танасининг қолган қисми жонсиз мавжудотнинг танаси бўлса, улар ҳам қайтариқ остига кирмайди, чунки бу тирик жоннинг расми саналмайди” (“Муғний”:  7/216), валлоҳу аълам.

 

Discussion4 fikr

  1. Втр номозини окилиш хакида батафсил малумот беринг илтимос

Изоҳ қолдиринг