Соғлом эътиқодга йўлланма: Исм ва сифатлар тавҳиди

0

3 – Исм ва сифатлар тавҳиди

Биз собиқ мақолаларимизда тавҳиднинг уч турга: рубубият, улуҳият ҳамда исм ва сифатлар тавҳидига бўлинишини айтиб ўтган эдик. Шунингдек, шу пайтгача аввалги икки тур: рубубият ва улуҳият тавҳиди тўғрисида юз юритдик. Чунки бу турлардан ҳар бирини бир тоифа инсонлар инкор этишган.

Масалан, рубубият тавҳидини даҳрий ва материалистлар каби Аллоҳнинг борлигини тан олмайдиган тоифалар инкор этишади. Бугунги кундаги коммунистлар ҳам шулар жумласидан. Аслида бу тоифалар қайсарлик қилиб, фақат сиртдагина Аллоҳни инкор қилиб, ботинда Аллоҳнинг борлигини тан оладилар. Чунки яратувчисиз бирон мавжудотнинг пайдо бўлишини ақл бовар қилмайди.

  Энди улуҳият тавҳидига келсак, бу тур тавҳидни аксар одамлар инкор қилишади. Аллоҳ таоло мана шу тур тавҳидни деб пайғамбарлар юборди ва китоблар нозил қилди. Улуҳият тавҳидини қадимда ҳам, ҳозирда ҳам мушриклар инкор қилишган. Уларнинг инкори дарахтлар, тошлар, бут-санамлар, қабр, мақбаралар ва тариқат пирларига сиғинишда акс этади. Улар Аллоҳни қўйиб, мазкур нарсалардан фойда келишини умид қиладилар ёки бирон зарар келишидан қўрқадилар. Ачинарлиси, очиқдан-очиқ ширк ишларга қўл урган бу инсонлар ўзларини мусулмон санайдилар.

Учинчи тур исм ва сифатлар тавҳидидир. Исм ва сифатлар тавҳиди деганда Аллоҳ таолони Унинг ўзи ёки Расули сифатлаган комил сифатлар билан сифатлаш, шунингдек, Аллоҳнинг ўзи ёки Расули Аллоҳга нисбат беришни рад қилган ноқис сифатлардан У зотни поклаш назарда тутилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: «У зотга ўхшаш бирон нарса йўқ. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» [Шўро: 11]. Тавҳиднинг бу турини жаҳмийлар тоифаси, шунингдек, уларнинг шогирдлари бўлмиш мўътазилий ва ашъарийлар тоифаси рад этишган. Аслини олганда бу тур тавҳид рубубият тавҳидига дохилдир. Аллоҳнинг исм ва сифатларини инкор этувчи тоифалар кўпайиб, у ҳақда турли шубҳаларни қўзғатишгач, тавҳиднинг бу тури алоҳида ўрганиладиган мустақил турга айлантирилди ва у ҳақда кўплаб китоблар ёзилди. Жумладан, имом Аҳмад ўзининг машҳур «Жаҳмийларга раддия» китобини, ўғли Абдуллоҳ «Ас-сунна» китобини, Абдулазиз Киноний Бишр Ал-миррисийга раддия сифатида ёзилган «Ал-ҳийда» китобини, Абу Абдуллоҳ Марвазий «Ас-сунна» китобини, Усмон ибн Саид Доримий «Бишр Миррисийга раддия» китобини ҳамда буюк имом Муҳаммад ибн Хузайма «Тавҳид китоби»ни ёзишди. Шунингдек, шайхулислом Ибн Таймия ва шогирди Ибн Қаййим каби салафи солиҳ уламолар йўлидан борган кейинги асрларда яшаб ўтган бошқа олимлар ҳам бу борада қимматли асарлар битдилар. Уммат уламолари ичидан ҳақни баён қиладиган, ботилни яксон қиладиган зотларни чиқарган Аллоҳга беҳад ҳамд-санолар бўлсин!

Даставвал Аллоҳнинг сифатларини инкор этган кишилар баъзи араб мушриклари бўлишган эди. Аллоҳ таоло улар ҳақида Қуръони Каримда шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), шундай қилиб, Биз кўпдан-кўп умматлардан кейин келган бир умматга сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун сизни пайғамбар қилиб юбордик. Ҳолбуки, улар Раҳмонга кофир бўладилар» [Раъд: 30]. Мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби шундай бўлган эди: Қурайш қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Раҳмон исмини зикр қилганини эшитгач, буни инкор этдилар. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида «Ҳолбуки, улар Раҳмонга кофир бўладилар» оятини нозил қилди. Ибн Жарирнинг айтишича, оятнинг нозил бўлишига Ҳудайбия сулҳидаги бир воқеа сабаб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиби «Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим» деб ёзганида, Қурайш вакили: «Биз Раҳмонни билмаймиз!», деб инкор қилади. Ибн Жарир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ягона зот Аллоҳга нидо қилар экан «ё Раҳмон, ё Раҳим», дер эдилар. Буни эшитган мушриклар: «Бу (Муҳаммад) ягона зотга дуо қиламан дейди-ю, ҳолбуки, иккита илоҳга дуо қилади?!», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳ, деб дуо қилингиз ёки Раҳмон деб дуо қилингиз. Қандай дуо қилсангиз-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир» [Исро: 110]. Шунингдек, Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Мушрикларга: «Раҳмонга сажда қилинглар», дейилса, «Раҳмон деганинг нима?!», дейишади» [Фурқон: 60].

Ана ўша мушриклар Аллоҳнинг исм ва сифатларини инкор этиш бобида жаҳмий ва ашъарийларнинг аждодлари саналадилар. Ҳа, ёмон авлоднинг ёмон аждоди! Аллоҳ таоло айтади: «Энди сизлар (эй Одам болалари) Мени қўйиб, иблис ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку?! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал – ўринбосардир» [Каҳф: 50].

Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари, айниқса, охирги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари ҳамда уларга чинакам эргашган зотлар эса Аллоҳни Ўзига нисбат берган сифатлар билан сифатлаб, рад қилган сифатлардан поклайдилар ва бу услубга хилоф иш тутган кимсаларнинг йўлини кескин қоралайдилар.

Абдураззоқ Маъмардан, Маъмар Товусдан, Товус отасидан, отаси Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, “Ибн Аббос Аллоҳнинг сифатлари тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган бир ҳадисни эшитганида ҳадис мазмунини инкор қилганидан ўрнидан қўзғалиб кетган бир кишини кўриб, шундай деди: «Улар (ҳақ билан ботил ўртасини) ажратолмайдилар. Маъноси тушунарли, очиқ-ойдин оят ва ҳадисларни эшитишса, қўрқиб кетадилар. Аммо улар (бир неча маънони эҳтимол қиладиган) муташобиҳ оят-ҳадисларни эшитсалар, (ўзларининг хоҳиш-истакларига мос келадиганига эргашиб) ҳалок бўладилар?!».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу сўзи билан унинг илм даврасига келадиган омма инсонлардан баъзиларига ишора қилмоқда. Бундай инсонлар Аллоҳнинг сифатларига тааллуқли (маъноси очиқ-ойдин) бирон «муҳкам» оят ва ҳадисларни эшитсалар, қўрқиб кетишади, бу сифатларни қабул қилолмаганидан ўринларидан қўзғалиб кетадилар. Улар худди Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кимсаларга ўхшайдилар: «Дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб, фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Қуръоннинг муташобиҳ оятларига эргашадилар» [Оли Имрон: 7]. Дарҳақиқат, бундай кимсалар «муҳкам» – очиқ-ойдин оят-ҳадисларни қўйиб, «муташобиҳ» – бир-неча маънони эҳтимол қиладиганларига эргашадилар. Шунингдек, Қуръон ва ҳадиснинг баъзиларига иймон келтириб, баъзиларини инкор этадилар!

Аллоҳнинг сифатларига оид оят ва ҳадислар муташобиҳ эмас, балки муҳкам оят ва ҳадислардир. Мусулмонлар бу оят ва ҳадисларни ўқиб-ўрганиб, маъноларини тушуна оладилар ва улардан ҳеч бирини инкор этмайдилар. Вакеъ айтади: «Бизлар Аъмаш ва Суфён (Саврий)ни кўрдик. Улар бу ҳадисларни (яъни Аллоҳнинг сифатларига оид ҳадисларни) одамларга айтиб беришар ва уларни инкор этишмасди».

Афсуски, Аллоҳнинг исм ва сифатларига оид бу оят ва ҳадисларни жаҳмийлар, мўътазилийлар ва ашъарийлардан иборат бидъатчи тоифалар инкор қилишади. Улар бу борада Аллоҳнинг Раҳмон исмини тан олмаган, Унинг исмларини инкор этган Қурайш мушрикларининг йўлидан борганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Унга ўша исмлар билан дуо ва ибодат қилинглар. Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар» [Аъроф: 180]. Аллоҳ таоло ўзининг гўзал исмлари борлигини маълум қилди ва улар билан дуо қилишга буюрди. Ахир бу исмлар билан Аллоҳни номламасак ва бидъатчи тоифалар айтганидек, уларнинг маъноси ҳам маълум бўлмаса, улар билан қандай Аллоҳга дуо қилиш мумкин?! Шунингдек, Аллоҳ таоло унинг исмлари борасида ҳақ йўлдан оғишган, бу исмларни инкор этган ёки ҳақиқий маъносидан бурган кимсаларни бу манфур қилмишлари туфайли қиёматда азоб-уқубатларга дучор қилиши билан таҳдид қилди. Бошқа бир оятда эса бундай кимсаларга кофирлик тамғасини босиб: «Ҳолбуки, улар (Аллоҳнинг) Раҳмон (исми)га кофир бўладилар», деди.

Шу боис, кўпчилик аҳли суннат уламолари жаҳмийлар тоифасини кофирга чиқарганлар. Бу ҳақда аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:

«Жаҳмийларни кофир деб қилди ҳукм

Турли ўлкалардан беш юзта олим.

Буни нақл айлади Лоликоий,

Балки ундан ҳам олдин Табароний».

Изоҳ қолдиринг