Соғлом эътиқодга йўлланма: Нубувват далиллари

0

Нубувват далиллари

Нубувват далиллари, деганда пайғамбарнинг чинакам ва ростгўй пайғамбар экани, шунингдек, пайғамбарликни даъво қилган кимсаларнинг ёлғончилигини кўрсатадиган далиллар назарда тутилади. Шунинг учун ҳам бу мавзу муҳимдир.

Нубувват далиллари кўп ва турли-тумандир. Улардан баъзиларини санаб ўтамиз:

  1. Мўъжиза.

«Мўъжиза» сўзи луғавий жиҳатдан «ожиз қолдирувчи» маъносини англатади.

Шариатда эса Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун танлаган бандасининг ростгўйлиги, рисолати ва нубувватининг ҳақ ва асосли эканини кўрсатиш учун уларга берган ғайриоддий ва фавқулодда ишларга айтилади. Пайғамбарларга берилган мўъжизалар турли-тумандир. Масалан, Солиҳ алайҳиссаломга берилган туя қавмига қарши ҳужжат бўлган бир мўъжиза эди. Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаси таёқни илонга айлантириш бўлса, Ийсо алайҳиссаломнинг мўъжизаси туғма кўр ва песларни тузатиш, ўликларни тирилтириш бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келсак, у зотга жуда кўп мўъжизалар берилган. Бу мўъжизаларнинг энг каттаси Қуръони каримдир. У Аллоҳ таоло инсу жинни ожиз қолдирган мангу мўъжизадир. Шунингдек, исро ва меърож воқеаси, ойнинг иккига бўлиниши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтларидаги тошчаларнинг тасбеҳ айтиши, тўнканинг у зотни соғиниб овоз чиқаргани, ўтмиш ва келажакдаги воқеа-ҳодисалар тўғрисида хабар берганлари, буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан саналади.

  1. Нубувват далиллари, калом аҳли айтишганидек, фақат мўъжизада чекланмаган. Аксинча, бу далиллар хилма-хилдир.

Жумладан, Аллоҳ таоло Ўз китобида хабар берганидек, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб, Иброҳим, Лут, Мусо алайҳимуссалом ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз умматларига келажакда содир бўладиган ишлар: бу умматларнинг ғалаба қозониши, душманларининг мағлубиятга учраши ҳақида хабар беришлари ҳам мўъжиза ҳисобланади.

  1. Пайғамбарлар келтирган шариат ва хабарларнинг ғоятда аниқ ва пухталиги, инсониятга махфий бўлган ҳақиқатларни кашф этиб бергани ва уларни ҳидоят қилгани ҳам мўъжизадир. Зеро, бундай мукаммал шариатлар ва аниқ хабарлар фақат Аллоҳ танлаб олган ҳамда одамларнинг энг билимдони ва яхшилари бўлган пайғамбарлар орқали келиши мумкин.

  2. Одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат ва итоат қилишга, охират кунига ишонишга, барча китоблар ва пайғамбарларга бирдай иймон келтиришга буюришда бутун пайғамбарлар йўлининг бирлиги, мазкур ишларга бирон набий хилоф қилмагани, аксинча, ҳар бир пайғамбар олдингисининг йўлини тасдиқлаши, худди Ийсо алайҳиссалом ва ундан олдинги пайғамбарлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини башорат қилишганидек, олдингиси кейингисининг чиқиши ҳақида хушхабар бериши, булар ҳам бир мўъжизадир.

  3. Пайғамбарларнинг чинакам пайғамбар эканига далолат қиладиган ишлардан яна бири Аллоҳ таолонинг уларни қўллаб-қувватлашидир. Аллоҳ таолонинг ишлари ва одатидан маълумки, У зот ёлғончи-каззобни ростгўйни қўллаганидек қўлламайди. Балки Аллоҳ ёлғончиларни тезда шарманда қилади, уларга бир муддат муҳлат бериб, сўнг ҳалок этади. Борди-ю, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бирор золим ҳукмдорни қўлласа, у пайғамбарликни даъво қилган ёки Аллоҳ номидан ёлғон гапирган бўлмайди, балки Аллоҳ уни ўзига ўхшаган золимлар устидан ҳукмрон қилган бўлади, холос. Аллоҳ таоло айтади: «Шунингдек, баъзи золимларнинг қилмишига яраша жазо бўлиши учун улар устидан бошқа золимларни ҳукмрон қилиб қўюрмиз» (Анъом сураси, 129).

Аллоҳ таоло «Аллоҳ мени пайғамбар қилиб юборди», дея ёлғон гапирган кимсаларни асло доимий қўлламайди, балки унга бир муддат муҳлат бериб, сўнг ҳалок қилади. Бирор касб-ҳунарни даъво қилган одамларнинг ростгўйми ёки ёлғончи эканини ажратиш осон бўлгач, пайғамбарлик даъво қилганнинг ростгўйми ёки ёлғончи эканини ажратиб бўлмасинми?! Маълумки, пайғамбарлик даъво қилган инсон ё одамларнинг энг яхшиси, энг мукаммали бўлади, ё уларнинг энг тубани ва эсипасти. Шунинг учун бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сақиф қабиласини Исломга даъват қилганларида қабила оқсоқолларидан бири у зотга шундай деган эди: «Аллоҳга қасамки, мен сенга бир сўз айтаман: агар гапларинг рост бўлса, улуғлигингдан гапингни рад этишга ҳаддим сиғмайди. Борди-ю, гапларинг ёлғон бўлса, гапингга жавоб беришга ҳам арзимайдиган қадрсиз-ҳақир бўласан». Ахир, одамларнинг энг яхшиси ва энг аълосини уларнинг энг тубани ва ноқисидан ажратиш мушкул ишми?! Пайғамбарликни даъво қилган ёлғончи борки, албатта, озроқ бўлса ҳам, фаҳм-фаросати бор инсонга ёлғончилигини кўрсатиб берадиган жаҳолат, ёлғон, фисқ-фужур ва шайтонга қўл бериш каби иллатлар намоён бўлади. Шунингдек, ҳақиқий пайғамбарларнинг барчасида, оз бўлса-да, оқ-қорани ажратадиганлар учун уларнинг ростгўйлигини кўрсатадиган илм, сидқ ва турли мақтовли хислатлар зоҳир бўлган. Негаки, пайғамбар борки, албатта одамларга ниманингдир хабарини беради, нимагадир буюради, кундалик ҳаётида қайсидир ишларни бажаради. Ёлғончи одамнинг буюрган буйруғидан, айтган хабаридан ва қилган ишиданоқ ёлғончилиги ошкор бўлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, баъзи инсонлар пайғамбарларнинг ростгўйлигига далолат қиладиган ишлар билан сеҳргарлар, коҳинлар қиладиган ноодатий ишлар ҳамда бугунги кунда пайдо бўлган ажойиб ва ҳайратомуз замонавий ихтиролар ўртасидаги фарқни ажратолмай қолишлари мумкин. Аслида, бу уч турлик ишнинг ўртасида талай фарқлар бор. Жумладан:

1) анбиёларнинг хабарларида ёлғон ва хато бўлмайди. Коҳин ва мунажжимларнинг шайтонлари ўғирлаган хабарларга таяниб айтган айрим хабарлари тўғри чиқса-да, кўп қисми ёлғондан иборат бўлади;

2) сеҳргарлик, коҳинлик билан бугунги ихтиролар маълум одатий ишлар саналади, уларни ҳар қандай инсон ўрганиб, уриниш натижасида қўлга киритиши мумкин. Бу ишлар инсонлар ва жинлар қила оладиган, шунингдек, уларга бошқа шундай ишлар билан қарши чиқиш мумкин бўлган ишлардир. Аммо пайғамбарларнинг мўъжизаларига келсак, унга инсонлар ҳам, жинлар ҳам қодир эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар инсу жин бирлашиб шу Қуръонга ўхшашини келтирмоқчи бўлсалар, гарчи бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, асло унга ўхшашини келтира олмаслар» (Исро сураси, 88). Бинобарин, пайғамбарларнинг мўъжизаларига бандалар қодир эмаслар. Балки Аллоҳ таоло уларни пайғамбарларининг ростгўй эканига далолат қилувчи белги ва аломат бўлиши учун пайдо қилади. Ойнинг иккига бўлиниши, таёқнинг аждарга айланиши, майда тошларнинг эшитиладиган овозда тасбеҳ айтиши, дарахт кундасининг соғинч ва ҳасратдан инграши, озгина таом ва сувнинг кўпайиши каби мўъжизаларга Аллоҳдан ўзга бирор зот қодир эмас;

3) анбиёлар ёлғиз Аллоҳга Ўзи буюрган шариати билан ибодат қилувчи, олдинги пайғамбарлар келтирган таълимотларни тасдиқлагувчи мўмин-мусулмон бандалардир. Аммо ёлғончи сеҳргарлар, коҳин ва фолбинлар Аллоҳга ширк келтирадиган, Аллоҳ нозил қилган ваҳийнинг баъзисини тасдиқламайдиган ёлғончи мушрик кимсалардир;

4) анбиёлар (уларга Аллоҳнинг саломлари бўлсин) келтирган таълимотлар соғлом фитрат ва ақлга хилоф эмас. Аммо ёлғончи сеҳргарлар, коҳинлар ва дажжоллар Қуръон ва Суннатга, ақлга ва соғлом фитратга қарши чиқадилар;

5) анбиёлар келтирган таълимотлар фитрат ва ақлни камолат сари етаклайди. Ёлғончи сеҳргарлар, фирибгар коҳинларнинг сўзлари ва ишлари ақлни ҳам, фитратни ҳам бузади;

6) пайғамбарлар мўъжизаларни ўзлари пайдо қилмайдилар, балки уни Аллоҳ таоло уларнинг ростгўйлигига белги ва аломат бўлиши учун беради. Ойнинг иккига бўлиниши, таёқнинг илонга айланиши, Қуръоннинг нозил қилиниши, ғайбдан хабар бериш – буларнинг барчаси Аллоҳнинг ишларидир. Демак, мўъжиза кўрсатиш Аллоҳнинг иши, банданинг ихтиёрига топширилган иш эмас. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилишганида Аллоҳ таоло у зотга шундай дейди: «Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), оят-мўъжизалар Аллоҳнинг ҳузурида, мен очиқ огоҳлантирувчиман холос» (Анкабут сураси, 50). Сеҳргар, коҳинлар кўрсатадиган ғайриоддий ишлар ва замонавий ихтиролар эса инсонларнинг амалларидир.

Албатта, анбиёларнинг мўъжизалари билан сеҳргар ва коҳинларнинг ғайриоддий ишлари ўртасида бундан бошқа ҳам талай фарқлар бор. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Нубувватлар» китобида бу фарқларни батафсил зикр қилган.

Изоҳ қолдиринг