Таҳорат китоби

0

Олтинчи ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Биронтангизнинг идишидан ит сув ичса уни етти марта ювсин” [Бухорий: 172 ва Муслим: 576].

 Имом Муслимга оид бир ривоятда: “Биринчисини тупроқ билан ишқаласин”, дейилган [Муслим: 577].

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан келтирган бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангизнинг идишини ит яласа уни етти марта ювиб, саккизинчисини тупроқ билан ишқаласин”, деганлар [Муслим: 579].

Шарҳ:

Дарҳақиқат, ит нажас ҳайвон саналиб, унинг сўлагида кўп бактерия ва касалликлар бор. Шу боис доно шариатимиз ит ялаган идишни дастлаб тупроқ билан ишқалаб, сўнг етти марта сув билан ювишга буюрди. Зеро, идишни тупроқ билан ишқалаб, сўнг кетидан сув билан ювиш ит сўлагидаги нажосат ва унинг зарарини тўлиқ кетказади.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар мазкур ҳадисдан олинадиган ҳукмларнинг баъзисида ихтилоф қилишган. Ит ялаган ёки ичган идишни етти марта ювиш ва тупроқ билан ишқалаш шарт ёки йўқлиги ана шундай ихтилофлардан биридир.

Мазкур саҳиҳ ҳадисда ит ялаган идишни дастлаб тупроқ билан ишқалаб, сўнг сув билан етти марта ювиш шартлиги очиқ ойдин айтилган бўлиб, бу борадаги тўғри фикр ҳам шудир. Бундан бошқа фикр эгалари бу каби ёрқин саҳиҳ далилларга суянмаганлари боис уларнинг фикрларини зикр қилиб ўтирмадик.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1- Ит ўта нажас ҳайвон бўлгани учун унинг сўлаги оғир нажосат деб эътибор қилинади. Бинобарин, ит сўлаги теккан нарсада нажосат асорати кўринмасада уни нажас қилади. Қуйида бу ҳақда тўлиқроқ маълумот келади, иншаоллоҳ.

2- Ит овқат еган идиш ва ундан қолган таом ҳам нажас саналади.

3- Ит ялаган нарсани етти марта ювиш фарз[1].

4- Ит ялаган нарсани бир марта тупроқ билан ювиш фарз. Уни дастлаб тупроқ билан ишқалаб, сўнг ортидан сув билан ювиш афзалдир. Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдаги: “…саккизинчисида тупроқ билан ишқаласин”, деган сўздан мурод аввал етти бор сув билан ювиб, сўнг саккизинчида тупроқ билан ишқалашдир. Бироқ дастлаб тупроқ билан ишқалаб, сўнг сув билан ювадими ёки аксинча, дастлаб сув билан ювиб, сўнг тупроқ билан ишқалайдими ёки сувга тупроқ аралаштириб ювадими, бунинг фарқи йўқ. Аммо нажосат ўрнини тупроқ билан ишқалаб қўйишнинг ўзи кифоя қилмайди.

5- Тупроқ ўрнини босадиган бошқа тозаловчи моддалар билан ит ялаган идишни ювса бўлади. Чунки ҳадисда ит сўлагини тупроқ билан кетказиш эмас, балки мутлақ тозалик назарда тутилган. Бу имом Аҳмаднинг мазҳаби ва имом Шофеийдан ривоят қилинган бир фикрдир. Аммо шофеий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, ит ялаган идишни фақат сув ва тупроқ билан ювиш лозим. Бу фикрни Ибн Дақиқул Ийд роҳимаҳуллоҳ ёқлаб шундай деган: “Ҳадисда тупроқ зикр қилинган бўлиб, у тозаловчи моддаларнинг биридир”. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Рожиҳ – тўғри фикрга кўра ушнон[2], совун ёки бундан бошқа тозаловчи моддалар тупроқнинг ўрнига ўтмайди”.

Айтишларича, замонавий илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ит сўлагидаги бактерияларни тупроқчалик бошқа бирон тозаловчи модда кетказа олмас экан. Агар бу илмий маълумот тўғри бўлса, олий шариатимиз мўъжизаларидан яна бири зоҳир бўлади. Пайғамбаримизнинг: “Тупроқ билан ишқаланглар”, деган сўзлари бу борада тупроқ қўлланиш лозимлигини қўллаб-қувватлайди.

6- Мазкур ҳадис орқали пок шариатимизнинг янада буюклиги, унинг Ҳикматли ва барча нарсадан хабардор Зот томонидан нозил қилингани ва уни етказувчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳавойи-нафсидан келиб  чиқиб сўзламаслигини билиб оламиз. Баъзи уламолар шариат итнинг сўлагини оғир нажосат деб эътибор қилгани ва уни кетказиш борасида алоҳида йўл кўрсатгани, ҳолбуки, ундан бошқа нажосатларни кетказиш хусусида бундай йўл-йўриқ кўрсатмаганлигини кўриб: “бундан қандай ҳикмат кўзланган экан?”, дея ҳайрон қолишган. Ҳатто бир гуруҳ уламолар: “Итнинг сўлаги теккан идишни мазкур кўринишда тозалаш иллати аниқ бўлмаган ибодат қабилидан бўлиб, унинг ҳикматини ақл билан идрок қилиб бўлмайди”, деб айтишган. Замонавий тиббиёт мутахассислари сўнгги даврларда ихтиро қилинган асбоб-ускуналар орқали итнинг сўлагида хатарли касаллик ва микроблар борлиги, уни сувнинг ўзи кетказа олмаслигини исботладилар.

 Барча нарсани билувчи ва барча нарсадан хабардор Зот – Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан покдир. Шариатимиз кўрсатмаларига сўзсиз бош эгиб, унга чин қалбдан ишонган зотларга бахт-нажот, уни инкор қилганларга эса ҳалокат бўлсин!

7- Ҳадиснинг зоҳиридан бу ҳукм барча итларга тегишли экани келиб чиқади. Бироқ шариатимиз томонидан ов, қўриқчи ва пода итларини боқишга рухсат берилган. Уламоларнинг айтишларича, мазкур мақсадларда асранган итлар теккан нарсаларни ювиш ортидан инсонларга машаққат етади. Бинобарин, шариатимиз мазкур мақсадларда ит боқишга рухсат бериши улар теккан нарсани сўлагини етти марта ювиш шарт эмаслигига далолат қилади.

[1] Ит кийим, инсон жасади ва шу каби идишдан бошқа нарсаларни яласа уларни ҳам дастлаб тупроқ билан ишқалаб, сўнг етти марта сув билан ювиш керакми ёки нажосат асорати кетгунча ювилса кифоями? Бу борада уламолар ихтилоф қилган бўлиб, келажакда саҳифамизда бу ҳақда батафсил маълумот берамиз, иншаоллоҳ.
[2] “Ушнон” қумли ерларда ўсадиган дарахт. Ундан совун ўрнида қўл ва кийимларни ювишда фойдаланилган.

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг