Таҳорат китоби: мисвок боби (2)

0

Ўн саккизинчи ҳадис

عَنْ حُذَيْفَةَ بْنِ الْيَمَانِ رضي الله عنهما قَالَ: “كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – إذَا قَامَ مِنْ اللَّيْلِ يَشُوصُ فَاهُ بِالسِّوَاكِ” .

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда уйқудан турсалар, оғизларини мисвок билан ишқалаб ювар эдилар” [Бухорий: 889 ва Муслим: 1136].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам озодаликни яхши кўрганлари ва ёқимсиз ҳидни ёқтирмаганлари учун тунги узун уйқудан турсалар тишларини мисвок билан ювар эдилар. Чунки одатда тунги уйқудан сўнг оғиз ҳиди ўзгариб, ундан ёқимсиз ҳид келади. Мисвок билан оғизни тозалаш эса ўша ёқимсиз ҳидни кетказади ва уйқуни очишга ёрдам беради. Зеро, мисвокнинг уйқуни очиш ва одамни тетиклаштириш хусусиятлари бор.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Тунги уйқудан кейин оғизни мисвок билан тозалаш янада таъкидлироқдир. Зеро, уйқу оғиз ҳиди ўзгаришига сабаб бўлади. Мисвок эса тозалаш воситасидир. Шунга кўра, ҳар қачон оғиз ҳиди ўзгарса уни мисвок билан тозалаш суннат саналади.

2 – Юқорида зикр қилинган изоҳда айтилганидек, ҳар қачон оғиз ҳиди ўзгарса, оғизни мисвок билан тозалаш суннати муаккада бўлади.

3 – Умуман, озодаликка риоя қилиш лозим. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ва юксак одоблардан.

Изоҳ қолдиринг