Тафсир: Бақара сураси, 35-39 оятлар

0

وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنْتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلا مِنْهَا رَغَداً حَيْثُ شِئْتُمَا وَلا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَةَ وَلا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنْ الظَّالِمِينَ (35) فَأَزَلَّهُمَا الشَّيْطَانُ عَنْهَا فَأَخْرَجَهُمَا مِمَّا كَانَا فِيهِ وَقُلْنَا اهْبِطُوا بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ وَلَكُمْ فِي الأَرْضِ مُسْتَقَرٌّ وَمَتَاعٌ إِلَى حِينٍ (36)

  1. Айтдик: «Эй Одам, жуфтинг билан жаннатни маскан тут. Иккингиз ундан хоҳлаган жойингизда тўкин-сочинликда еб-ичингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, золимлардан бўлиб қолурсиз». 36. Шайтон уларни дарахтни деб хато қилишга ундади ва яшаб турган фаровон ҳаётларидан (жаннатдан) чиқарди. Айтдик: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан ерга) тушингиз. Сизлар учун ерда қароргоҳ ва маълум вақтга қадар (у ердаги неъматлардан) фойдаланиб яшаш бор».

Аллоҳ таоло Одамни яратиб, уни бошқа махлуқотларидан афзал қилгач, унга неъматини тўла-тўкис берди: кўнгли таскин топиши, овуниши учун унинг ўзидан жуфтини яратди. Улар иккисини жаннатда яшашга, у ердаги турли-туман мевалар, ноз-неъматлардан истаганларича еб-ичишга, мўл-кўлчилик ва роҳат-фароғатда яшашга буюрди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, сен жаннатда оч ҳам, яланғоч ҳам қолмайсан. Шунингдек, унда чанқамайсан, қуёш иссиғида ҳам қолмайсан» (Тоҳа сураси, 118-119).

Одам ва жуфти яқинлашмасликка буюрилган дарахт жаннат дарахтларидан бири бўлиб, унинг айнан қайси дарахтлиги ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилиш, синаш учун ёки бизларга номаълум бўлган бирон ҳикмат сабабли уларга ушбу дарахт мевасидан ейишни тақиқлади. Аллоҳ таолонинг «золимлардан бўлиб қолурсиз» деган сўзидан маълум бўладики, ушбу дарахтга яқинлашиш уларга ҳаром қилинган эди. Чунки Аллоҳ таоло унга яқинлашиш зулмга олиб боришини маълум қилди. Одам ва жуфтининг душмани Иблис васваса қилаверди, ман этилган дарахт мевасидан ейишни зийнатлаб кўрсатаверди, охир-оқибат уларнинг хатога қўл уришларига сабабчи бўлди. Устига-устак, «Аллоҳга қасам ичиб, «Албатта, мен сизларга яхшиликни раво кўрадиганларданман» (Аъроф сураси, 21), дея қасам ичиб уларни йўлдан урди.

Улар Иблиснинг гапига учиб, алданиб, итоат этдилар. Натижада, уларнинг яшаб турган роҳат-фароғатли ва фаровон ҳаёт – жаннат ҳаётидан чиқишларига сабабчи бўлди. Барчалари меҳнат, машаққат ва кураш диёри бўлмиш ер юзига туширилдилар. «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушингиз». Яъни Одам ва унинг зурриёти Иблис ва унинг зурриётига ўзаро душман бўлган ҳолларида ер юзига туширилдилар.

Маълумки, душман ҳар қандай йўл билан рақибига зарар етказишга ва уни яхшиликдан маҳрум этишга ҳаракат қилади, бор куч-имкониятини шунга ташлайди. Аллоҳ таолонинг «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда…» деган сўзининг замирида Одам болаларини шайтондан огоҳлантириш ётади. Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло буни очиқча маълум қилади: «Албатта, шайтон сизларга душмандир. Шундай экан, уни душман билингиз. У (ўзига эргашган) жамоатини дўзах асҳобларидан бўлишга чақиради, холос» (Фотир сураси, 6). «Мени қўйиб, уни (яъни Иблисни) ва зурриётини дўст тутасизми?! Ҳолбуки, улар сизларга душман-ку?! Золимларнинг ўрин алмаштириши (яъни Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутишлари) нақадар ёмон бўлди!» (Каҳф сураси, 50).

Шундан сўнг Аллоҳ таоло жаннатдан туширилиш интиҳосини зикр қилиб шундай деди: «Сизлар учун ерда қароргоҳ», яъни маскан ва тураржой «ва маълум вақтга  қадар», яъни то ажалингиз етгунга қадар «(у ердаги неъматлардан) фойдаланиб яшаш бор». Сўнг сизлар дунёдан ўзингиз учун яратилган диёрга кўчиб ўтасиз. Ушбу оят дунёнинг вақтинча ва ўткинчи эканига, унинг ҳақиқий маскан эмаслигига, балки охират диёри учун озуқа олинадиган бекат эканига, у ерда мангу қолиш учун обод қилинадиган жой эмаслигига ишора этади.

فَتَلَقَّى آدَمُ مِنْ رَبِّهِ كَلِمَاتٍ فَتَابَ عَلَيْهِ إِنَّهُ هُوَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ (37)

  1. Одам Раббидан бир неча сўзларни қабул қилиб олди. Шунда Рабби унинг тавбасини қабул этди. Зеро, У тавбаларни кўп қабул этувчи ва раҳмли Зотдир.

Одам Раббидан бир неча сўзларни қабул қилиб олди ёхуд Аллоҳ уларни Одамга илҳом йўли билан ўргатди. Бу калималар Одамнинг «Эй Раббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик…» (Аъроф сураси, 23), деган сўзлари эди. Одам гуноҳини эътироф этди ва Аллоҳдан мағфират қилишини сўради. «Шунда Рабби унинг тавбасини қабул этди» ва унга раҳм қилди. «Зеро, У тавбаларни кўп қабул этувчи ва раҳмли Зотдир».

Тавба икки турли бўлади. Биринчиси, Аллоҳ бандани тавбага муваффақ этиши бўлса, иккинчиси, тавбанинг шартлари тўла-тўкис бўлганида, уни бандасидан қабул қилишидир.

Аллоҳ бандаларига раҳмлидир. Бандаларига раҳмлилигининг кўринишларидан бири, уларни тавба сари етаклайди, гуноҳларидан ўтиб, кечириб юборади.

قُلْنَا اهْبِطُوا مِنْهَا جَمِيعاً فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُمْ مِنِّي هُدًى فَمَنْ تَبِعَ هُدَايَ فَلا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ (38) وَالَّذِينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِآيَاتِنَا أُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ (39)das

  1. Айтдик: «Барчангиз жаннатдан тушингиз. Мендан ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, уларга қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар. 39. Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар – ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар унда мангу қолурлар».

Аллоҳ таоло навбатдаги оятга замин бўлиши учун (жаннатдан ерга) тушишни яна такрорлади. Бу Аллоҳнинг «Мендан ҳидоят келганида…» деган сўзидир. Яъни «Эй инсу жин тоифаси, сизларга Мен томондан бирон ҳидоят, яъни сизларни Менга ва Мен рози бўладиган амалларга яқинлаштирадиган бирон пайғамбар ва китоб келган вақтда ким ҳидоятимга эргашса, пайғамбарларимга, китобларимга иймон келтирса, улар сабаб ҳидоят топса, яъни пайғамбарлар келтирган барча хабарларни ва китобларни тасдиқласа, буюрилган ишларга бўйсунса, қайтарилганларидан тийилса, «уларга қўрқув йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар». Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: «Ким ҳидоятимга эргашса, адашмайди, бахтсиз ҳам бўлмайди» (Тоҳа сураси, 123), дейди.

Мазкур оятлардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло ҳидоятига эргашган бандасига тўрт нарсани ваъда қилди:

  1. Қўрқмаслик.

  2. Ғамгин бўлмаслик.

  3. Адашмаслик.

  4. Бахтсиз бўлмаслик.

Қўрқув билан ғамгинлик ўртасидаги фарқ шундан иборатки, агар мусибат ёки фалокат ортда қолган бўлса, кишида ғамгинлик пайдо қилади, олдинда бўлса, қўрқув. Аллоҳ таоло ҳидоятига эргашганлардан қўрқув ва ғамгинликнинг кетишини хабар берди. Агар бу иккиси кетса, уларнинг зидди саналмиш мукаммал хотиржамлик ҳосил бўлади.

Шунингдек, ҳидоятга эргашганлардан адашиш ва бахтсизлик кетади, сўнгра иккисининг ўрнига уларнинг зидди бўлмиш ҳидоят ва саодат келади. Бинобарин, ҳидоятга эргашганлар хотиржамликка, дунёю охират саодати ва ҳидоятга эришадилар. Улардан қўрқув, ғамгинлик, залолат ва бадбахтликдан иборат ҳар қандай ёмон ишлар йироқлашади. Хулоса қилиб айтганда, улар истаганларига эришиб, барча хавотир-ҳадиклардан халос бўладилар. Аксинча, ҳидоятга эргашмаган, уни инкор этиб, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганлар, ҳамроҳ ўз ҳамроҳидан, қарз берган қарздордан ажралмагани сингари дўзахдан асло ажралмайдиган жаҳаннам соҳиблари бўладилар. «Улар унда мангу қолурлар». Яъни улар дўзахдан чиқмайдилар, уларга азоб ҳам енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.

Мазкур ва шунга ўхшаш бошқа оятларда инсу жинлардан иборат халқларнинг саодатли ва шақоватли (бадбахт) бандаларга бўлиниши айтилади. Шунингдек, бу оятларда ҳар икки тоифанинг сифатлари ва бу сифатларни тақозо этувчи амаллар, жинлар тоифаси ҳам савоб ва гуноҳда, шариат бўйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилишда инсонлар каби жавобгар экани баён этилади.

Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмига ўз неъматлари ва яхшиликларини эслатиб шундай дейди:

Изоҳ қолдиринг