Талоқ: Биров орқали талоқ қилиш, талоқ даъвоси, қулнинг талоғи

0

Еттинчи масала: талоқда вакил қилиш жоизми?

Айрим уламоларнинг фикрича, талоқда вакил қилиш дуруст эмас. Чунки Аллоҳ таоло талоқ қилиш ҳуқуқини эрга берган, ундан бошқа бирон кимса талоқ қилиш ҳуқуқига молик эмас.

Аксар уламоларнинг фикрича, талоқда вакил қилиш жоиз. Шу рожиҳ фикрдир. Чунки талоқда вакил қилишнинг бирон зарари йўқ. Талоқда вакил қилганда ҳам аслида эр талоқ қилади. Фақат у гоҳида аёлини бевосита ўзи талоқ қилиши, гоҳида эса биров орқали талоқ қилиши мумкин. Шу боис, эр вакил қилмаса, биров унинг хотинини талоқ қилолмайди.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Никоҳда, хулуъда бировни вакил қилиш дуруст экан, энди талоқда вакил қилиш жоиз эмас, дейиш мантиққа тўғри келмайди. Аллоҳ субҳонаҳу таоло иккита ҳакамга оилавий уриш-жанжалда эр-хотин ҳолатини ўрганиб, улар ўртасида ҳукм қилиш ҳуқуқини берган. Агар ҳакамлар эр-хотин ўртасини ажратишни маъқул кўрса, ажратади, яраштиришни маъқул кўрса, яраштириб қўяди. Маълумки, бу иш эрдан бошқалар тарафидан қилинган талоқ ёки фасх (никоҳни бекор қилиш) ҳисобланади. Фарқли жойи шундаки, ҳакамлар эрнинг вакили, дейилса, бу ишни унинг розилиги билан, ҳакам, дейилса, унинг розилигисиз қилган бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳокимга эрнинг номидан унинг хотинини талоқ ёки хулуъ қилиш ҳуқуқини берган. Талоқда вакил қилиш Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириш ёки У зотнинг динини ўзгартириш эмас. Зеро, ҳар қандай ҳолатда талоқ эрнинг қўлида бўлади: ё бевосита ўзи, ёки вакили орқали талоқ қилади…»[1].

Эслатмалар:

  1. Эр вакилига талоқ қилиниши керак бўлган хотинини (айниқса, бирдан ошиқ хотини бўлса) аниқ белгилаб бериши лозим. Шунингдек, эр талоқ қилиш учун муайян вақт белгилаган бўлса, вакил бу вақтга риоя қилиши ҳамда суннатга мувофиқ талоқ қилиши керак.

  2. Баъзи Ислом ўлкаларида айрим инсонлар никоҳ шартномасида талоқ қилиш ҳуқуқини аёлга беришга келишиб оладилар. Унга кўра, аёл истаган пайтда эрини «талоқ қилиши» мумкин! Албатта, шариатга зид бундай шартлар, гарчи юзта бўлса ҳам, ботилдир[2].

Саккизинчи масала: аёл талоқ тушганини даъво қилиши ва эрнинг инкор этиши

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аёл эри талоқ қўйганини даъво қилса ва бунга битта адолатли гувоҳ келтирса, у ҳолда эрига қасам ичирилади. Агар эри қасам ичса, гувоҳнинг гапи ботил бўлади. Агар эр қасам ичишдан бош тортса, бош тортиши иккинчи бир гувоҳ-далил деб ҳисобланади ва аёл талоқ қилинган саналади»[3].

Агар мазкур ҳадис собит бўлса, ундан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

  • Аёлнинг «талоқ қилди» деган қуруқ даъвоси қабул қилинмайди.

  • Агар аёл даъвосининг исботи ўлароқ, битта гувоҳ келтирса, бироқ эр «талоқ қилмадим» деб қасам ичса, аёлнинг даъвоси ботил бўлади.

  • Агар эр қасам ичишдан бош тортса, аёлнинг фойдасига ҳукм қилинади, талоқ тушган ҳисобланади.

Тўққизинчи масала: чўри озод бўлса-ю, эри қуллигича қолса, нима бўлади?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бариранинг эри Бани фулоннинг Муғис исмли қора танли қули эди. Унинг Мадина кўчаларида Бариранинг ортидан эргашиб юргани ҳамон кўз олдимда»[4].

Барира деган чўри Муғис исмли қулнинг хотини эди. Сўнг Барира озод этилди. Чўри озод бўлса, унга эрининг никоҳида қолиш-қолмаслик ихтиёри берилади: хоҳласа, эски турмушини давом эттиради, хоҳласа, эридан ажралади. Бироқ мазкур ажралиш фасх ҳисобланадими ёки талоқми? Бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф бор. Рожиҳ фикрга кўра, у фасх (эрнинг аралашувисиз никоҳнинг шариат томонидан бекор қилиниши) ҳисобланади.

Ўнинчи масала: қул талоғининг ҳукми

Уламолар қул эрнинг талоғи ҳукмида ихтилофлашганлар. У фақат иккита талоқ қилиш ҳуқуқига эгами ёки уч талоққа ҳамми? Қуйида ушбу ихтилоф тафсилотларини келтирамиз:

Биринчи фикр: қул билан ҳур талоқ масаласида бир хил ҳуқуққа эга бўлиб, ҳар иккиси аёлини, ҳур ёки чўри бўлишидан қатъи назар, уч бор талоқ қилиши мумкин. Бу зоҳирийларнинг фикридир.

Иккинчи фикр: эр-хотиндан бири қул ёхуд чўри бўлса, қуллик сабабидан талоқ қилиш ҳуқуқи иккитага тушиб қолади. Бинобарин, эр ҳур бўлиб, аёл чўри бўлса ёки аксинча, эр қул бўлиб, аёл ҳур бўлса ҳам, ўрталаридаги талоқ фақат иккитадан иборат бўлади.

Учинчи фикр: талоқнинг сони эрга боғлиқ: агар у ҳур бўлса, уч бор талоқ қилиш ҳуқуқига, агар қул бўлса, икки бор талоқ қилиш ҳуқуқига эга. Аёлнинг ҳур ёки чўри бўлиши аҳамиятсиз. Бу Имом Шофеий ва Имом Моликнинг, шунингдек, Имом Аҳмад мазҳабидагиларнинг машҳур фикридир.

Тўртинчи фикр: талоқ сони аёлга боғлиқ: агар у ҳур бўлса, эр (ҳур бўладими, қулми, фарқи йўқ) уч талоқ қилиш ҳуқуқига эга. Агар аёл чўри бўлса, у ҳолда эр уни фақат икки бор талоқ қила олади. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикридир.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ мазкур масала ва унга оид уламоларнинг фикрларини келтирар экан, улардан бирини бошқасидан рожиҳ қилмаган. Бироқ у ушбу масала хусусида келган барча ҳадисларнинг заифлигига, бу борадаги саҳобаларнинг сўзлари ҳам бир бирига қарама-қарши эканига, улардан бири бошқасидан афзал эмаслигига ишора қилган ва ҳар бир гуруҳ ўз фикрини қайси қиёсга асосан билдирганини баён қилган[5].

Менга, валлоҳу аълам, зоҳирийларнинг фикри рожиҳ кўринади. Чунки Қуръон ва суннатдаги талоққа оид далиллар ҳур билан қул ўртасини ажратмаган. Эрга охирги учинчи талоқдан олдин икки марта ражъий талоқ қилиш ҳуқуқи берилишини тақозо этган ҳикмат ҳурга ҳам, қулга ҳам баб-баравар тегишлидир.

[1] “Зодул маъод”, 5/299.
[2] Қаранг: “Доимий қўмита фатволари”, 20/10/5245. Дувайш тартиби.
[3] Ибн Можа (2038), Дорақутний (4/166) ривояти. Ҳадисни Бувсирий «Аз-завоид»да саҳиҳ деган бўлса, Ибн Қаййим «Зодул маъод»да (5/283) «қавий» (кучли) деган. Аммо Шайх Албоний уни «Заифул жомеъ»да (310) заиф деган.
[4] Бухорий (5283), Термизий (1156) ривояти. Масалага оид бошқа ҳадислар билан танишиш учун қаранг: Бухорий (9/138), Муслим (755), Насоий (6/162).
[5]«Зодул маъод», 5/275-277-бетлар.

Изоҳ қолдиринг