Талоқ: Эрга итоатсизлик қилиш

0

Эрга итоатсизлик қилиш

Аёл эрига итоат қилиши вожиб бўлган ишларда бўйсунмаслиги сабабли гуноҳкор бўлади.

Масалан, эри тўшакка чақирганда аёл унинг истагини бажармаслиги итоатсизлик ҳисобланади. Шунингдек, бу пайтда эрнинг истагини норозилик ва ғазаб билан бажарса ҳам, итоатсизлик қилган бўлади. Чунки бундай ҳолатдаги аёлига жинсий яқинлик қилган эр мукаммал суратда шаҳватини қондира олмайди.

Эр итоатсиз аёлига қандай муомала қилиши лозим?

Аллоҳ таоло айтади: «Итоатсизлигидан қўрққан аёлларингизга насиҳат қилинг, тўшакларда ёлғиз қолдиринг ва уринг. Агар сизларга итоат қилсалар, (ўтган ишлар учун) уларга озор берманг, (дашном ва тазйиқдан тийилинг)» (Нисо сураси, 34). Демак, аёлида ўзига нисбатан итоатсизлик кўрса, эр қуйидагиларни қилиши лозим:

Биринчидан, насиҳат қилиш.

Аёлга панд-насиҳат қилишдан мақсад эрига итоат этган тақдирда Аллоҳ унга берадиган савобни, итоатсизлик қилса, хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий бўлсин, унга етажак жазони эслатиш билан унинг қалбини юмшатишдир.

Эр аёлига хушмуомалалик билан, унинг қалбига таъсир қиладиган сўзларни айтиб насиҳат қилиши, бунинг учун эр-хотинлик ҳаёти давомида орттирган тажрибаси, аёлининг характери ва шахсиятига оид билганларини ишга солиши лозим.

Иккинчидан, тўшакда бирга ётмаслик.

Бундан мақсад аёлини ётоғида ёлғиз қолдиришдир. Бинобарин, ётоқхонадан чиқмаган ҳолда бир тўшакда ётмаса ҳам бўлади. Шунингдек, бошқа хонада ётиши ҳам жоиз.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумҳур уламоларнинг фикрича, аёллар билан бирга ётмасликдан мақсад, оятнинг зоҳирига кўра, уларнинг олдларига кирмаслик ва улар билан бирга ётмасликдир»[1].

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига бир ой яқинлик қилмасликка қасам ичдилар ва (улар билан бирга ётмасдан) болохоналарида ётиб юрдилар. Орадан йигирма тўққиз кун ўтиб (болохонадан) тушдилар. «Ё Расулуллоҳ, сиз бир ойга қасам ичган эдингиз-ку?!» дейишди. У зот айтдилар: «Баъзи ойлар йигирма тўққиз кун (бўлиши ҳам  мумкин)»[2].

Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Уйдан чиқмаган ҳолда (аёлинг билан) бир тўшакда ётма»[3].

Биринчи ҳадисга кўра, уйдан ташқарида ётиш ҳам жоиз бўлса, иккинчи ҳадисга кўра, бундай қилиш тақиқланади. Улар иккиси ўртасида қарама-қаршилик йўқ.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳақиқат шуки, аёл билан бир тўшакда ётмаслик тартиби ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Баъзи ҳолатларда бир хонада бўлиб, бирга ётмаслик бошқа хонада ётишдан кўра аёлга кўпроқ таъсир қилади. Бунинг акси ўлароқ, кўп ҳолатларда аёл билан бир хонада ётмаслик табиатан заиф бўлган аёлларга янада аламлироқ таъсир этади»[4].

Баъзи уламоларнинг фикрича, аёл билан тўшакда бирга ётмасликдан мақсад бир тўшакда ётилса ҳам, унга орқа ўгириб олиш ва у билан гаплашмасликдир.

Учинчидан, аёлни уриш.

Абд ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Биронтангиз аёлини худди қулни калтаклагандек калтакламасин. Сўнг куннинг охирида қандай қилиб яна у билан қовушади?!»[5]

Ҳадисда аёлларни қаттиқ уришдан қайтарилган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида қилган хутбаларида шундай деганлар: «Аёллар зиммасидаги ҳаққингиз уйингизга сиз ёқтирмаган бирон кишини киритмасликларидир. Борди-ю, шундай қилсалар, уларни озор бермайдиган даражада урингиз»[6].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Озор бермайдиган даражада уришдан мақсад қаттиқ, оғриқли ва из қолдирадиган қилиб урмасликдир»[7].

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёлни уриш миқдорига келсак, ўн мартадан ошмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат Аллоҳнинг ҳадларидагина (яъни шариат томонидан аниқ белгиланган жазоларда)  ўн даррадан кўп урилади»[8], деганлар»[9].

[1] «Фатҳул Борий», 9/301.
[2] Бухорий (5201), Муслим (411), Термизий (790), Насоий (6/166) ривояти.
[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (2142), Ибн Можа (1850) ривояти. Албоний «Саҳиҳут-тарғиб»да (1929) саҳиҳ деган.
[4] «Фатҳул Борий», 9/301.
[5] Бухорий (5204), Муслим (2855), Термизий (2343), Ибн Можа (1983) ривояти.
[6] Муслим (1218), Ибн Можа (3074), Аҳмад (2/67) ривояти.
[7] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 3/345.
[8] Бухорий (6848, 6850), Муслим (1708), Абу Довуд (4492), Термизий (1463), Насоий («Тошбўрон қилиш» бобида), Ибн Можа (2601) ривояти.
[9] «Аш-шарҳул мумтеъ», 5/384.

Изоҳ қолдиринг