Тарк қилинган суннатлар: рўзғор ишларида хотинга кўмаклашиш

0

Асвад ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Ойша розияллоҳу анҳодан: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйда нима қилардилар?” – деб сўрадим. У киши: “Оилаларига кўмаклашар эдилар. Агар намоз вақти бўлса масжидга чиқардилар” – деди” (Бухорий ривояти).

Бу ҳадисни ўқиганда инсоннинг ақлига биринчи бўлиб келадиган савол шу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нега Ойша онамизга кўмаклашар эдилар? Ойша онамиз уйида иш кўплигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилармиди? Ойша онамизнинг уйи жуда ҳам кичкина эмасмиди? У ерда нима иш ҳам бўлиши мумкин? Ахир гоҳида икки ойлаб у кишининг уйида олов ёқиб, овқат қилинмас эдику?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек улуғ инсон уйда ўтириб, кўмаклашадиган даражада қийин иш нима бўлиши мумкин?!

Бу саволларнинг жавоби қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида иш кўпайиб кетгани ёки Ойша онамиз шикоят қилгани учун эмас, хотинларига қанчалик яқин, ҳақиқий турмуш ўртоқ эканларини ҳис қилдириб қўйиш учун кўмаклашар эдилар. Зеро, эрини ҳамиша ўз ёнида ҳис қилиш аёл учун энг катта бахт ҳисобланади.

Агар сиз уй тозалаш, болаларга қараш каби ишларда хотинингизга кўмаклашсангиз унинг қалбида “биз шунчалар яқинмизки, ҳаётдаги ҳар қандай иш ва машаққатни бирга енгиб ўтамиз” деган тушунчани пайдо қиласиз.

Хотингизга нафақат унинг қилаётган меҳнатларининг қадрига етишингиз, балки бу ишларда доим унга кўмакчи эканингизни ҳис қилдирсангиз, ўзини дунёда ундан бахтли одам йўқдек ҳис қилади. Энг муҳими шуки, сиз шу ишни қилар экансиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ҳамда у кишининг одамлар орасида “ўлиб” кетган бир суннатларини қайта “тирилтириш” савобига эришасиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг