Тарк қилинган суннатлар: васият ёзиб қўйиш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

Бирон нарсани васият қилмоқчи бўлган мусулмон киши васиятини ёзиб олмай икки кеча тунашга ҳаққи йўқ”. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳадисни эшитганимдан кейин васиятимсиз бир кеча ҳам тунамадим” (Бухорий ривояти).

Мусулмон киши ўлимни эсидан чиқармас экан, доим охиратга тадорик кўриб юради, гуноҳларидан тавба қилади, қилган хатоларини тузатишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим саҳобаларга ўлимни, охират кунини эслатиб турар эдилар. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Лаззатларни тугатувчини (яъни ўлимни) кўп эсланглар” – деганлар.

Васият ёзиб қўйиш ҳам ўлимни эслатиб турувчи омиллардан бири ҳисобланади. Васият деганда фақат инсон ўзидан кейин қолдирадиган моддий мерослар эмас, балки бошқалар билан ўртасидаги олди-бердилар, шерикчилик мол-мулклари, омонатлар, буларнинг барчаси васиятда ёзилиши керак.

Васият ёзаётган киши ўз васиятини бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш билан бошлаши ҳамда шу васият унинг ўзига тегишли эканини исботлаш учун гувоҳлар иштирокида ёзиши мустаҳабдир.

Келинг, ҳар биримиз шу бугундан бошлаб васиятимизни ёзиб қўяйлик ва мана шундай улуғ бир суннатни қайта тирилтирайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг