Тарк қилинган суннатлар: жума намозига барвақт бориш

0

  Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким жума куни жанобатдан ғусл қилгандек ғусл қилиб, жума намозига барвақт борса, туя садақа қилгандек бўлади. Ундан кечроқ борган киши мол, ундан кейинроқ борган шохли қўй, ундан кейинроқ борган товуқ садақа қилгандек ва ниҳоят, охирги вақтда борган киши эса тухум садақа қилгандек бўлади. Имом минбарга чиққанида фаришталар ҳам хутбани тинглаш учун ўтирадилар (ва бундан кейин келганлар жума намозига барвақт бориш савобидан бебаҳра қоладилар)” (Бухорий (841) ва Муслим (850) ривояти). Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Жума куни масжиднинг ҳар бир эшиги олдига фаришталар келиб, ким қайси вақтда келганини ёзиб ўтиришади. Агар имом хутбага чиқса, фаришталар дафтарларини ёпиб, хутбага қулоқ солишади” (Бухорий ривояти, 3211-ҳадис).

Ҳафтасига битта туя, битта мол ёки битта қўй садақа қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин Аллоҳ таоло бизга мана шу савобга эришиш имконини ато этди: жума куни ғусл қилиб, жума намозига энг биринчи вақтида борган киши гўёки туя садақа қилгандек савобга эга бўлади. Ҳадисда айтилган вақтлар намоз вақтидан тахминан бир-икки соат олдинга тўғри келади.

Жумага барвақт боришнинг ҳикматлари жуда ҳам кўп. Жумладан, жумага барвақт борган киши хутба бошлангунича масжидда Қуръон ўқиб ўтириши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар айтиши ва шунга ўхшаш ибодатларни қилиши билан бундай улуғ кунда гуноҳларининг каффорат қилиниши бахтига сазовор бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, жума намози ўтган жумадан то шу кунга қадар содир этилган кичик гуноҳларга каффорат бўлади (Муслим ривояти, 470).

Келинг, азизлар! Бу суннатни ҳам ҳаётимизга татбиқ қилиб, қолганларни ҳам шунга тарғиб қилиб, одамлар ўртасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир суннатларини тирилтирайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг