Тарк қилинган суннатлар: муқаддима

0

Суннатларни қайта тирилтириш деганда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган ишларни, умматига шариат қилган нарсаларни одамларга эслатиш назарда тутилади. Хусусан, бугунги кунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аксар суннатлари тарк қилинмоқда.

Суннатларга амал қилиш, уларни ўқиб-ўрганиб, бошқаларга ўргатиш, ҳам айтиб, ҳам қилиб, одамлар ўртасида суннатни ёйиш, суннатга амал қилишликка одамларни ундаш, унга хилоф қилишдан огоҳлантириш – буларнинг барчаси суннатни тирилтириш остига киради. “Файзулқадир” китобида: ““Ким бир суннатни тирилтирса” ким уни ўрганса, унга амал қилса, одамлар орасида тарқатса, унга эргашишга қизиқтириб, унга хилоф қилишдан қайтарса, дегани” – дейилган.

Суннатни қайта тирилтирган одамга катта ажру савоб бўлиши ҳақида бир неча ҳадислар келган. Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан деган қуйидаги ҳадис шулардан биридир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ибн Ҳорис розияллоҳу анҳуга: “Кимда ким мен вафот этиб кетганимдан кейин йўқолиб кетган суннатимни қайта тирилтирса, унга шу суннатга амал қилганларникича ажр бўлади ва бу билан уларнинг ажрлари ҳеч ҳам камаймайди. Ким Аллоҳ ва расулини норози қиладиган бир залолат бидъатни пайдо қилса, унга шу бидъатга амал қилганларникича гуноҳ бўлади ву бу билан уларнинг гуноҳлари ҳеч ҳам камаймайди” – дедилар”.

Имом Ибн Можаҳ саҳиҳ санад билан ривоят қилишларича, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг бир суннатимни қайта тирилтирса ва унга одамлар амал қилишса, унга шу суннатга амал қилганларникича ажру мукофот бўлади ва бу уларнинг ажрларини ҳеч ҳам камайтирмайди. Ким бир бидъатни пайдо қилсаю унга одамлар амал қилишса, унга шу бидъатга амал қилганларникича гуноҳ бўлади ва бу уларнинг гуноҳларини асло камайтирмайди” – деганлар.

Имом Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу борадаги ҳадислар бугунги кунда илм ўргатиб, илмга чақириш ва барча эзгў амалларни қилишнинг қанчалик яхши экани тўғрисидаги энг таъсирли ҳадислардир. Чунки “ўлган” ҳадислар жуда ҳам кўп. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларининг маъноси ҳам шу ҳадисларга яқиндир: “Агар киши вафот этса, унинг барча амаллари узилади. Фақат учта амалигина давом этади: бировларга ўргатиб, унга амал қилинган илми, вақф қилинган садақасининг ажри ва унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанди””.

Имом Муслим ўз саҳиҳида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадис ҳам шу маънодадир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким тўғри йўлга даъват қилса, унга шу йўлга эргашганларникича савоб бўлади ва бу уларнинг савобларини камайтирмайди. Ким бир залолатга даъват қилса, унга шу залолатга эргашганларникича гуноҳ бўлади ва бу уларнинг гуноҳларини камайтирмайди” – дедилар”.

Шу қабилда биз ҳам аксар одамлар тарк қилиб қўйган ва одамлар ичида йўқолиб, ғайриоддий нарсага айланиб қолган бир қанча суннатлар, фазилатлар ва одобларни тарқатамиз. Токи биз ҳам расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тирилтириш савобига эришиб, ҳидоят ва эзгўликка даъват қилганлар сафига қўшилсак! Аллоҳ таолодан тўғри сўз ва тўғри ишларга бизни ҳидоятлашини сўраймиз!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг