Таровеҳда айтиладиган зикрлар

0

Савол:

Таровеҳ намозида тўрт ракаатдан кейин ўтириб дам олинади ва “Субҳаана зил-мулки вал малакуут…” деб бошланадиган зикр ўқилади. Бундай қилиш бидъатми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Уламолар таровеҳ намозида тўрт ракаатдан сўнг ўтириб дам олиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Чунки саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги имомлардан иборат салафи солиҳлар шундай қилишган. Бироқ тўрт ракаатдан сўнг муайян зикр ёки дуолар ўқиш тўғрисида суннатда бирон далил келмаган. Шунга биноан фуқаҳолар бу хусусда ихтилоф қилишган, кимдир бу пайтда зикр, дуо ва салавот айтишни мустаҳаб деса, кимдир жоиз, бошқа бир гуруҳ бидъат дейишган. Шундай бўлсада бу борадаги бирдан бир тўғри фикр ҳозирги кунда аксар ислом ўлкаларида таровеҳ намозларининг ҳар тўрт ракаатидан кейин айтиладиган зикр ва салавотлар бидъатлигидир. Бизнинг диёрларимизда айтиш одат тусига кирган «Субҳаана зил мулк…», деб бошланадиган зикр ва дуолар ҳам шулар жумласидандир. Агар мусулмонлар таровеҳ намозининг тўрт ракаатидан кейин ҳар ким ўзи якка тартибда, овозини чиқармаган ҳолда истаган зикр, дуо ва салавотларни айтишганида бошқа гап эди. Бироқ муайян зикрни доимий тарзда баланд овозда, баъзан жўр бўлиб айтиш бидъатдир. Баъзи ислом ўлкаларида бунинг ўрнига Ихлос сурасини уч марта ўқийдилар, бошқа бирида яна бошқа муайян зикрлар айтилади. Албатта буларнинг барчаси салафи солиҳлар йўлига зид бўлган ишлардир. Зеро, зикр, дуо, салавотлар ибодатдир. Ибодатлар дуруст бўлиши учун албатта муайян далил керак.

Шундай бўлсада воқеликда бундай бидъатларни ўзгартириш мусулмон кишидан катта билим ва ҳикмат талаб қилади. Бунинг учун аввало одамларга суннатга эргашиш аҳамиятини ва бидъатлар ортидан келадиган зарарларни тушунтириш, бидъатларга эътироз билдиришдан аввал унинг ортидан келиб чиқадиган фойда ва зарарлар ўртасини солиштира билиш лозим, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг