Таровиҳда мусҳафга қараб Қуръон ўқишнинг ҳукми

0

Савол:

Таровиҳда мусҳафга қараб Қуръон ўқишнинг ҳукми нима?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Намозда Қуръонга қараб қироат қилишнинг зарари йўқ. Чунки Ойша розияллоҳу анҳонинг қули рамазонда мусҳафга қараб Ойша розияллоҳу анҳога имомлик қилган. Бу воқеани Бухорий роҳимаҳуллоҳ (1/245) муаллақ ҳолда ривоят қилган.

Ибн Ваҳб роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Шиҳоб айтди: “Бизнинг энг яхши одамларимиз рамазонда (намозда) мусҳафга қараб  қироат қилишар эди”” (“Мудаввана” 1/224).

Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар мусҳафга қараб ўқиса, намози бузилмайди. У Қуръон ёдлаган бўладими, ёдламаган бўладими, бунинг фарқи йўқ. Агар Фотиҳани ёдламаган бўлса,  у ҳолда мусҳафдан ўқиши вожиб бўлади. Намозда гоҳ-гоҳида мусҳафни варақлаши билан намози бузилмайди… Бу биз (шофеий мазҳаби)нинг, шунингдек, имом Молик, имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад ва имом Аҳмадларнинг мазҳабидир” (“Ал-мажмуъ”, 4/27 (ўзгартириш билан олинди)).

Саҳнун роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Рамазонда ва нафл намозларида имомнинг мусҳафга қараб одамларга имомлик қилишининг зарари йўқ”. Ибн Қосим роҳимаҳуллоҳ: “Бу иш фарз намозларида макруҳ саналади” – деганлар (“Мудаввана” 1/224).

Намозда Қуръонни кўтариб туриш ва уни варақлаш кўп ҳаракат саналади, дея бу ишнинг жоиз эканига эътироз билдириш нотўғри. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам набиралари Умома розияллоҳу анҳони кўтариб, одамларга имом ўтиб берганлари собит бўлган (Бухорий (494) ва Муслим (543) ривояти). Маълумки, намозда Қуръонни кўтариб туриш (ва уни варақлаш) намозда болани кўтариб туришчалик кўп амал эмас, валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA саҳифаси

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг