Тавҳид ақидаси: Ақида маъноси, унинг дин биноси пойдевори сифатидаги аҳамияти

0

 Ақиданинг луғавий маъноси

Ақида ва эътиқод сўзлари «боғлаш» маъносидаги «ақд» (عقد) сўзидан олинган бўлиб, «фалон нарсага эътиқод қилдим» дегани унга дилимни ва қалбимни боғладим, деганидир. Инсон ақида билан диндорга айланади. Ақида қалб амали бўлиб, у қалбнинг бир нарсага ишониши ва тасдиқлашидир.

Ақиданинг шаръий маъноси

Ақида Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир. Булар иймон рукнлари деб аталади.

Шариат икки қисмга: эътиқодий ва амалий ишларга бўлинади.

Эътиқодий ишлар амалнинг шакли шамойилига тааллуқли бўлмаган, Аллоҳнинг Раб эканига ва ёлғиз Унга ибодат қилиш вожиблигига эътиқод қилиш, шунингдек, юқорида айтилган барча иймон рукнларига қатъий ишониш каби ишлардир. Улар асллар (дин асослари) деб номланади.

Амалий ишлар амалнинг шакли шамойилига тааллуқли бўлган, намоз, закот, рўза ва бошқа амалий ҳукмларга ўхшаган ишлардир. Улар фарълар (тармоқлар ёхуд иккинчи даражали ишлар) деб номланади. Чунки фарълар асллар устига қурилади, уларнинг яроқлилик ва яроқсизлиги аслларга боғлиқ.

Соғлом ақида диннинг пойдевори саналиб, амалларнинг дуруст бўлиши унга боғлиқдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ким Раббига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Раббига бандалик қилишда бирон кимсани Унга шерик қилмасин!» (Каҳф: 110).

«Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, шубҳасиз, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65).

«Бас, сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг! (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 2, 3).

Ушбу ояти карималар ва шу маънодаги бошқа кўплаб оятлар амаллар фақат ширкдан холи бўлсагина мақбул бўлишига далолат қилади. Шунинг учун пайғамбарлар – уларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин – энг аввало ақидани тузатишга аҳамият қаратганлар. Улар ҳамма нарсадан аввал қавмларини ягона Аллоҳгагина ибодат қилишга ва Ундан ўзгага ибодат қилмасликка даъват қилардилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

Ҳар бир пайғамбарнинг қавмига айтадиган биринчи сўзлари шундай эди:

«Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59, 65, 73, 85).

Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва бошқа пайғамбарлар ўз қавмларига шундай хитоб қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг илк даврида, Маккада ўн уч йил мунтазам равишда одамларни тавҳидга ва ақидани тузатишга чақирдилар. Чунки дин биносининг асосий пойдевори шудир. Барча замонларда даъват эгалари ва ислоҳга чорловчилар пайғамбарлар изидан бориб, биринчи навбатда даъватларини тавҳидга чорлаш ва ақидани тузатишга чақиришдан бошлардилар, шундан кейингина диндаги бошқа буюрилган ишларга ўтардилар.

 Соғлом ақида манбалари ва ақидани қабул қилишдаги салафлар манҳажи

 Ақида тавқифий (далилга боғлиқ) бўлиб, фақат шариат соҳиби томонидан келган далил билангина собит бўлади ва унда фикр ва ижтиҳодга ўрин йўқдир. Шундан келиб чиқиб, унинг манбалари ҳам Китоб ва Суннатда келган далилларга чеклангандир. Чунки Аллоҳни ва Унга нисбатан эътиқод қилиниши вожиб бўлган ва Уни поклаш лозим бўлган нарсаларни ҳеч ким Унинг ўзидан кўра яхшироқ билмайди, Аллоҳни Унинг Ўзидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра яхшироқ билувчи йўқдир. Бинобарин, салафи солиҳларнинг ва уларга эргашганларнинг ақидани қабул қилишдаги манҳажи Китоб ва Суннатга чекланган эди.

Аллоҳ таоло ҳақида Китоб ва Суннат нимага далолат қилган бўлса, улар ўша нарсага иймон келтирдилар, эътиқод қилдилар ва амал қилдилар. Нима нарсага Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатида кўрсатма келмаган бўлса, ўша нарсани Аллоҳ ҳақида айтиш ва эътиқод қилишни ножоиз санадилар ва рад қилдилар. Шунинг учун улар ўртасида эътиқод борасида ихтилоф бўлмади, барчаларининг ақидалари битта ва жамоатлари бир бўлди. Чунки Аллоҳ таоло Китобини ва Пайғамбарининг Суннатини маҳкам тутган кишиларни жамулжам ва иттифоқ қилишга, эътиқодларини тўғрилаб қўйишга ва манҳажларини бирлаштириб қўйишга Ўзи кафил бўлган.

Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръон ва Суннатни) маҳкам тутингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас» (Тоҳа: 123).

Шунинг учун улар нажот топувчи фирқа деб номланганлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши, барчаси дўзахга кириши ва фақат биргина фирқа ундан нажот топиши ҳақида хабар берган ҳадисларида айни уларнинг нажот топишларига гувоҳлик берганлар, ўша битта фирқанинг кимлиги ҳақидаги саволга жавобан: «Улар бугунда мен ва асҳобларим тутган йўлни ушлаган кишилардир», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсанинг тасдиғи кўринди. Айрим инсонлар ақидаларини Китоб ва Суннатдан бошқа, илми калом ва юнон файласуфларидан қолган мантиқ қоидалари устига қуришгач, эътиқодда тойилиш ва фирқаларга бўлиниш юз берди ва бу ўз навбатида бирлик ва бирдамликнинг йўқолишига, жамоатнинг бўлиниши ва ислом жамиятининг парчаланишига олиб келди.

 

Изоҳ қолдиринг