Тавҳид ақидаси: Аллоҳнинг ҳукмидан бошқаси билан ҳукм қиладиган одамнинг ҳукми

0

 

Аллоҳ таоло деди: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, улар кофирлардир» (Моида сураси, 44). Ояти карима маъносига кўра, Аллоҳ нозил қилган дин ҳукмидан бошқа нарса билан ҳукм этиш куфрдир. Бу куфр гоҳо диндан чиқарувчи катта куфр бўлса, гоҳо диндан чиқармайдиган кичик куфр бўлади. Бу ҳокимнинг (ҳукм қилувчининг) ҳолига қараб бўлади. У агар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм этиш вожиб эмас, деб эътиқод қилса ва у билан ҳукм қилиш-қилмасликда ўзини ихтиёрли деб билса, ёки Аллоҳнинг ҳукмини паст кўрса ва инсонлар тарафидан тузилган қонун ва тузумларни ундан яхшироқ деб билса, ёки уни ҳозирги замонга яроқли эмас, деса ёки Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм этиш билан кофир ва мунофиқларнинг кўнглини олишни истаса, бу катта куфрдир. Агар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм чиқариш вожиб деб эътиқод қилса ва кўрилаётган масалада Аллоҳнинг ҳукми нима эканини билса, шундан сўнг ўзининг гуноҳкор бўлишини эътироф қилатуриб, Аллоҳнинг ҳукмидан юз ўгирса, у осий бўлади ва кичик куфрга тушади. Агар Аллоҳнинг ҳукмини билишга уринса, бунга куч-ғайрат сарфласа, бироқ уни билмаса ва хато қилса, у хатокор бўлади, хатоси кечирилиб, қилган ижтиҳоди учун битта ажрга эга бўлади.[1]

Бу бир хос масаладаги ҳукм ҳақида эди. Аммо умумий масалалардаги ҳукм бундан фарқлидир. Шайхулислом Ибн Таймия ёзади:

«Ҳоким агар диндор бўлса, лекин илмсиз равишда ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлади. Агар олим бўлса, лекин ўзи билган ҳақнинг зидди билан ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлади. Агар адолатсиз ва илмсиз равишда ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлишга лойиқ саналади. Бу бирон шахсий масаладаги ҳукм ҳақидаги гап эди. Аммо агар мусулмонларнинг динида умумий ҳукм қилса ва ҳақни ботил, ботилни ҳақ деса, суннатни бидъатга, бидъатни суннатга, маъруфни мункарга, мункарни маъруфга айлантирса, Аллоҳ ва Расули буюрган нарсадан қайтарса ва Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсага буюрса, бу бутунлай бошқа бир турки, унга Аллоҳ таоло ўзи ҳукм қилади».[2]

Яна ёзади: «Шаксиз, ким Аллоҳ пайғамбарига нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб деб эътиқод қилмаса, кофир бўлади. Ким одамлар ўртасида ҳукм қилишда Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмасдан, балки ўзи адолат деб билган нарса билан ҳукм қилишни ҳалол санаса, унинг бу иши куфрдир. Дунёдаги ҳар бир уммат-халқ адолат билан ҳукм қилишга буюради. Гоҳида уларнинг динида адолат каттаконлари адолат деб кўрсатган нарса бўлади. Балки Исломга мансуб бўлган амирлардан кўплари ҳам Аллоҳ нозил қилмаган, ўзларининг ота-боболаридан қолган одатлари билан ҳукм қилишади ва Китобу Суннат бўйича эмас, балки мана шу урф-одатлари бўйича ҳукм қилишни муносиб кўришади, бу эса куфрдир».[3]

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим айтади:  «Агар Аллоҳдан бошқанинг ҳукми билан ҳукм қилса-ю, аслида Аллоҳнинг ҳукмигина ҳақ эканини ва ўзининг бу билан гуноҳкор бўлаётганини тан олса, бу иш ундан фақат бир-икки мартагина содир бўлса, мана шуни кичик куфр дейилади. Аммо узлуксиз ва давомий равишда Аллоҳдан бошқанинг ҳукми билан ҳукм қилатуриб, «Биз хато қиляпмиз, шариатнинг ҳукми адолатлироқ», деб айтса ҳам, бу иши барибир диндан чиқарувчи катта куфр бўлаверади».[4]

Бу сўзлардан маълум бўладики, онда-сонда содир бўладиган жузъий ҳукм билан барча (ёки кўп) ҳукмларда асос саналадиган умумий ҳукм ўртасида катта фарқ бор ва кейингиси диндан чиқарадиган куфр саналади. Зотан, ким шариати исломияни четга суриб, унинг ўрнига инсонлар тарафидан тузилган қонунларни ўринбосар деб билса, бу дегани қонун шариатдан кўра яхшироқ ва ҳаётга яроқлироқ, дегани бўлади. Бу эса, шак-шубҳасиз, диндан чиқарадиган ва тавҳидга зид келадиган катта куфрдир.

 

[1] Шарҳут-Таҳовия (363-364-бетлар).

[2] Мажмуъул-фатово (35/388).

[3] Минҳожус-суннатин-набавия.

[4] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх фатволари (12/280).

Изоҳ қолдиринг