Тавҳид ақидаси: Куфрнинг таърифи ва турлари

0

а) Куфрнинг таърифи:

Куфрнинг луғавий маъноси «ўраш» ва «яшириш»дир, шаръий истилоҳда эса куфр иймоннинг зиддини англатади.

б) Куфрнинг турлари:

Куфр икки хил бўлади:

Биринчиси диндан чиқарадиган катта куфр бўлиб, у беш қисмдир:

1-қисм: Ёлғон санаш куфри. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ – Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Жаҳаннамда кофир кимсалар учун жой топилмасми?!» [Анкабут: 68].

2-қисм: Тасдиқлаш билан бирга бош тортиш ва кибрланиш куфри. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Эсланг, (эй Пайғамбар), Биз фариш­таларга “Одамга таъзим қилинг” дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди» [Бақара: 34].

3-қисм: Шак-шубҳа, яъни гумон куфри. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ва Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб гумон қиламан. Қасамки, агар Роббимга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат – бахтни топурман». Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа – бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни) инсон қилиб ростлаган зот – Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: «У – Аллоҳ Роббимдир», (дейман) ва Роббимга ҳеч кимни шерик қилмайман» [Каҳф: 35-38].

4-қисм: Юз ўгириш куфри. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар» [Аҳқоф: 3].

5-қисм: Нифоқ куфри. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!» [Мунофиқун: 3].

Иккинчиси диндан чиқармайдиган кичик куфрдир. У амалий куфр бўлиб, Китобу Суннатда куфр деб номланган гуноҳлардан иборатдир. Улар катта куфр даражасига етмаган, қуйидаги оятда айтилган куфрони неъмат маъносидаги куфрлардир: «Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига куфр (ношукрлик) қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» [Наҳл: 112].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мусулмонни сўкиш фисқ, у билан жанг қилиш куфрдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари), «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофир бўлиб кетманглар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари) деган ҳадисларида келган, мусулмон билан урушиш каби ишлар ҳам кичик куфрдир.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса, кофир бўлибди ёки мушрик бўлибди» (Термизий ривояти) деган ҳадисларида келган Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш ҳам шу қабилдаги куфрдир.

Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган кишини мўмин деб атади: «Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), қотилни иймонлилар сафидан чиқариб ташламади, уни қасос эгаси учун биродар деб атади: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178).

Аллоҳ таоло деди: «Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, уларни яраштириб қўйинглар! Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суяр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» [Ҳужурот: 9, 10]. (Таҳовия шарҳидан қисқартириб олинди).

Катта куфр билан кичик куфр ўртасидаги фарқлар хулосаси:

  • Катта куфр диндан чиқаради ва амалларни бекорга чиқаради. Кичик куфр диндан чиқармайди, амалларни бекор қилмайди, бироқ даражасига қараб уларни нуқсонли қилади ва соҳибини азобга дучор этиши мумкин.

  • Катта куфр эгаси дўзахда абадий қолади. Кичик куфр эгаси дўзахга кирса, унда абадий қолмайди, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва умуман дўзахга киритмаслиги ҳам мумкин.

  • Катта куфр қон ва молни ҳалол қилади. Кичик куфр қон ва молни ҳалол қилмайди.

  • Катта куфр эгасини мўминлар ашаддий душманлари деб билишлари лозим. Уларни яхши кўриш, улар билан дўстлашиш – энг яқин қариндоши бўлса ҳам – мўминлар учун дуруст бўлмайди. Кичик куфр дўстликни ман қилмайди, унинг эгасини иймони миқдорига қараб яхши кўрилади, гуноҳи миқдорига қараб ёмон кўрилади.

 

Изоҳ қолдиринг