Тавҳид ақидаси: Рубубият тавҳидидан улуҳият тавҳиди келиб чиқиши

0

Ким Аллоҳнинг рубубият тавҳидига иқрор бўлса, яъни яратувчи ҳам, ризқ берувчи ҳам, борлиқ ишларини юргизувчи ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи эканини эътироф этса, у энди ибодатнинг барча турига ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзигина лойиқ эканини эътироф этиши лозим бўлади. Улуҳият тавҳиди шудир. Улуҳиятдан мурод ибодатдир, илоҳ эса маъбуд (ибодат қилинувчи зот) демакдир. Демак, Аллоҳгагина дуо-илтижо қилинади, Ундангина мадад сўралади, Унгагина таваккул қилинади, қурбонликлар фақат Унга атаб бўғизланади, назрлар фақат Унга аталади, бошқа турдаги барча ибодатлар ҳам фақат Унга қилинади. Рубубият тавҳидига иқрор бўлиш улуҳият тавҳидининг вожиб бўлишига далилдир. Шунинг учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кўпинча, улуҳият тавҳидини инкор қилувчиларга қарши уларнинг рубубият тавҳидига иқрорликларини ҳужжат қилиб келтиради. Мисол учун, қуйидаги оятларда шундай дейди:

“Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Раббингизга ибодат қилингиз, шояд тақво эгалари бўлсангиз. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!” (Бақара: 21, 22).

Уларни улуҳият тавҳидига, яъни Ўзига ибодат қилишга буюраркан, уларга қарши ҳужжат сифатида рубубият тавҳидини, яъни илгариги-ю кейинги барча инсонларни яратганини, еру осмонни ва улар орасидаги мавжудотни яратганини, шамолларни бўйсундириб қўйганини, ёмғирлар ёғдирганини, набототни ундириб-ўстирганини, бандалар учун ризқ ўлароқ меваларни чиқарганини айтиб, модомики шундоқ экан, бу ва бундан бошқа нарсалардан ҳеч бирини яратмаган ва қилмаган кимсаларни ибодатда Унга шерик қилишлари ўта нолойиқ иш бўлишини зикр қилди. Демак, улуҳият тавҳидини исбот қилишнинг фитрий (инсон табиати ва хилқатига тегишли) йўли – унга рубубият тавҳидини далил сифатида келтириш бўлди. Чунки инсон аввало уни ким яратганини, унга фойда ва зарар келтирувчи ким эканини билишга интилади. Буни билгач, уни яратган зотга яқинлаштирадиган, Уни ўзидан рози қиладиган, ўзи билан Унинг ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайдиган воситаларни билишга ўтади. Бинобарин, рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидига кириш эшигидир.

Шу туфайли Аллоҳ таоло мушрикларга шу йўл билан ҳужжат келтирди ва пайғамбарига ҳам уларга қарши шу нарсаларни ҳужжат қилишини буюрди. Аллоҳ таоло айтди:

 “(Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: “Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?” Улар: “Аллоҳники”, дерлар. Айтинг: “Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!” Айтинг: “Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби ким?” Улар: “(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир”, дерлар. Айтинг: “Ахир қўрқмайсизларми?!” Айтинг: “Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот ким?” Улар: “Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир”, дерлар. Айтинг: “Бас, қандай алданмоқдасизлар?!” (Мўъминун: 84-89).

“Мана шу Аллоҳ сизларнинг Раббингиздир. Ундан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга бандалик қилингиз!” (Анъом: 102).

У ўзининг рубубиятда танҳо эканини ибодатга ҳам ёлғиз Ўзи сазовор эканига далил қилди. Зотан, У халқларни фақат улуҳият тавҳиди учун яратгандир: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт: 56).

Банда рубубият тавҳидини эътироф этгани билан, то улуҳият тавҳидига ҳам иқрор бўлмагунича ва унга амал қилмагунича муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўла олмайди. Бўлмаса, мушриклар ҳам рубубият тавҳидига иқрор бўлишган, бироқ бу уларни исломга киритмаган эди. Улар Аллоҳни яратувчи, ризқ берувчи, ҳаёт бахш этувчи, ўлдирувчи деб эътироф этганлари ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушдилар. Аллоҳ таоло айтади:

(Эй Пайғамбар), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: “Аллоҳ”, дерлар” (Зухруф: 87).

(Эй Пайғамбар), қасамки, агар сиз улардан: “Осмонлар ва ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта: “Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган”, дерлар” (Зухруф: 9).

(Эй Пайғамбар) айтинг: “Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!” Улар албатта: “Аллоҳ”, дейдилар” (Юнус: 31).

Қуръонда бу маънодаги оятлар кўп. Кимки тавҳид дегани Аллоҳнинг борлигини эътироф этишдир ё Аллоҳнинг яратувчи ва борлиқни бошқарувчи эканига иқрор бўлишдир, деб даъво қилса ва тавҳиднинг шу туригагина чекланса, пайғамбарлар чақирган тавҳиднинг моҳиятини англаб етмаган бўлади.

Ҳеч қандай камчилиги бўлмаган ҳамма тарафлама мутлақ баркамоллик улуҳият хусусиятларидандир. Бу эса ибодатнинг барчаси ёлғиз Аллоҳга қаратилишини тақозо қилади. Таъзим, улуғлаш, қўрқиш, дуо қилиш, умидвор бўлиш, тавба қилиш, таваккул қилиш, мадад сўраш, кучли муҳаббатга йўғрилган ўта ҳокисорлик, буларнинг ҳаммаси ҳам ақл, ҳам шариат, ҳам фитрат тақозосига кўра, ёлғиз Аллоҳга қаратилган бўлмоғи вожиб. Шунингдек, ҳам ақл, ҳам шариат, ҳам фитрат тақозосига кўра мазкур ишлар Аллоҳдан ўзгага қаратилиши мумкин эмасдир.

 

Изоҳ қолдиринг