Тавҳид ақидаси: Соғлом ақидадан оғиш ва ундан сақланиш йўллари

0

Соғлом ақидадан оғиш

 Соғлом ақидадан оғиб кетиш инқироз ва ҳалокатга юзланиш демакдир. Зеро, соғлом ақидагина инсонни фойдали амал сари йўналтирувчи энг катта кучдир. Ақидаси соғлом бўлмаган киши ўзига ёпирилиб келаётган шак-шубҳа ва гумон гирдобида қолади ва чинакам бахтли ҳаёт йўлларини кўришдан маҳрум бўлади. Оқибатда, ҳаётида ҳаловат йўқолиб, танг ҳаётга гирифтор бўлади ва бу тангликдан қутулиш учун ўзини ҳар тарафга уриб, охир-оқибат ўзини ўлдиришгача боради. Бу ҳозирда соғлом ақида йўлидан маҳрум бўлган жуда кўп халқларда гувоҳ бўлиб турилган воқеликдир. Соғлом ақида ҳукм сурмаган жамият бахтли ҳаёт кечириш омилларидан буткул маҳрум бўлган ҳайвоний жамиятдир. Гарчи бундай жамиятда моддий ҳаёт воситаларидан жуда кўп нарсалар муҳайё бўлса-да, булар инсон учун бахтли ҳаёт кечиришига етарли эмас. Аксинча, бу кофир жамиятларда гувоҳ бўлиб турилганидек, аксар ҳолларда вайроналик ва ҳалокат сари етакламоқда. Чунки моддий омил ва воситаларнинг хусусиятларини билиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғри йўл-йўриқ ва йўлланмаларга муҳтождир. Йўл-йўриқни эса фақат соғлом ақида бера олади.

Аллоҳ таоло айтди: «(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик): Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билувчидирман» (Мўъминун: 51).

Аллоҳ таоло айтди: «Аниқки, Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик. «Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!», дедик. Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчидирман». Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна Раббининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган жинлардан иборат кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. «Эй Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун) амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчилар оздир» (Сабаъ: 10-13).

Бинобарин, моддий қувват ақида қуввати билан чамбарчас боғланган бўлиши зарур. Акс ҳолда, моддий куч-қувват вайронагарчилик ва бузғунчилик воситасига айланиб қолади. Бунинг исботини ҳозирда моддий куч-қудратга эга, бироқ соғлом ақидага эга бўлмаган кофир давлатларда кўриб турилибди.

Соғлом ақидадан оғиб кетишнинг бир неча сабаблари бўлиб, уларни билиб олиш зарур. Улар ичида энг муҳимлари қуйидагилар:

  1. Тўғри ва соғлом ақидани ўрганиш ва ўргатишдан юз ўгирилиши ёки етарлича аҳамият бермаслик туфайли уни билмаслик. Бунинг оқибатида, соғлом ақидани ҳам, унга зид бўлган бошқа мафкураларни ҳам билмайдиган, натижада ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб эътиқод қиладиган авлод вужудга келади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Агар жоҳилиятни танимайдиган одам Исломда улғайса, Исломнинг ҳалқалари бирма-бир бузилаверади».

  2. Ота-боболар йўлига таассуб қилиш, гарчи ноҳақ бўлса-да, улар тутумини маҳкам ушлаш ва унга зид нарсани гарчи ҳақ бўлса-да, тарк қилиш. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?!» (Бақара: 170).

  3. Ақида борасидаги фикрларнинг далилларини ёхуд уларнинг нечоғлик асосли ва ишончли эканини билмаган ҳолда кўр-кўрона бу фикрларга тақлид қилиш. Жаҳмийлар, мўътазилийлар, ашъарийлар, сўфийлар ва бошқа мухолиф фирқаларнинг воқелиги бунга мисол бўладики, улар ўзларидан илгариги залолат пешволарига кўр-кўрона тақлид қилиб, адашдилар ва соғлом эътиқоддан бурилиб кетдилар.

  4. Азиз-авлиёлар шахсида ғулув кетиш, уларни ўз даражаларидан юқори қўйиш, чунончи уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган, манфаат келтириш ва зарарни даф қилиш каби ишларга қодир деб эътиқод қилиш, уларни ҳожатларни ўташ ва дуоларни ижобат қилишида Аллоҳ билан бандалари ўртасида воситачи қилиб олиш. Охир-оқибат иш Аллоҳни қўйиб, уларга ибодат қилишга етиб боради, бу эса уларнинг мозорларига сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш ва назрлар келтириш билан, уларга дуо қилиш, улардан ёрдам ва мадад тилаш кўринишида содир бўлади. Солиҳлар борасида Нуҳ қавмидан айни шу қабилдаги сиғиниш содир бўлган эди: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яуқ ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!», дедилар» (Нуҳ: 23). Бундай ҳолатлар ҳозирда ҳам кўплаб ўлкаларда қабрпастлардан содир бўлиб турибди.

  5. Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатларини ва Қуръондаги оятларини тафаккур қилишдан ғофиллик ҳамда моддий маданият тараққиётига мафтун бўлиб қолиш оқибатида, уларнинг барини фақатгина инсон қўли маҳсули деб ўйлаб қолдилар, инсонни улуғлай бошладилар ва бу самараларни ёлғиз инсон куч-ҳаракати ва ихтиросигагина нисбатлай бошладилар. Аллоҳ таоло илгари Қорун ҳақида айтганидек: «У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди» (Қасас: 78).

Аллоҳ таоло инсон ҳақида шундай дейди: «Биз Ўз томонимиздан бўлган бирон марҳаматни тотдирсак, албатта у: «Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди), дер» (Фуссилат: 50).

«Қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у: «Ҳеч шак-шубҳасиз бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди», дер» (Зумар: 49).

Улар бутун борлиқни пайдо қилган ва унга ушбу ҳайратомуз хусусиятларни жойлаб қўйган, инсонни йўқдан бор қилган ва унга ўша хусусиятларни чиқариб олиш ва улардан фойдаланиш қобилиятини ва малакасини бериб қўйган Зотнинг буюклиги ҳақида фикр юритмадилар.

«Ҳолбуки, сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Ас-Соффат: 96).

«Самовот ва ер мулки ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида… ўйламайдиларми?!» (Аъроф: 185).

«Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар» (Иброҳим: 32-34).

  1. Аксар мусулмон оилалари тўғри йўлланма ва йўл-йўриқлардан холи бўлиб қолди. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ҳар бир туғилажак бола фитрат устида туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди» (Бухорий ва Муслим ривояти). Бинобарин, болани тўғри йўлга йўллашда ота-онанинг роли жуда катта.

  2. Ислом оламининг аксарида таълим-тарбия ва оммавий ахборот воситалари ўз вазифаларини тўғри адо этмаслиги. Дарҳақиқат, аксарият таълим-тарбия йўналишлари диний жиҳатга кераклича аҳамият қаратмаяпти ёки бунга умуман лоқайд қарамоқдаки, оммавий ахборот воситалари – телевидения, радио, ижтимоий тармоқлар ёшлар онгини бузиш ва йўлдан оздириш воситасига айланиб қолди ёки моддий, олди-қочди ва кўнгилочар нарсаларгагина эътибор қаратиб, ахлоқни тузатадиган, соғлом ақидани шакллантирадиган, адашган оқимларга қарши турадиган маънавий йўналишларга эътибор қаратмаяпти. Натижада куфр ва динсизлик тўфони қаршисида уларга қарши ҳеч нарса қилиш қўлидан келмайдиган нўноқ бир авлод улғаймоқда.

Соғлом ақидадан оғиб кетишдан сақланиш йўллари:

  1. Салафи солиҳларимиз қилганлари каби, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қайтиш, соғлом ақидани шу икки манбадан олиш. Бу умматнинг охирини унинг аввалини ислоҳ қилган нарсагина ислоҳ қилади. Адашган тоифаларнинг ақидалари ва шубҳаларига раддия бериш ва улардан огоҳлантириш учун ўқиб-ўрганиш. Чунки ёмонликни билмаган одам унинг чангалига тушиб қолиши эҳтимоли каттадир.

  2. Таълим-тарбиянинг ҳар бир босқичида соғлом ақидани – салафи солиҳ ақидасини – ўқитиш ва ўргатишга аҳамият қаратиш, ушбу фан учун етарлича дарс соатлари ажратиш, бу фан бўйича ўтказиладиган синов ва имтиҳонларни кучайтиришга аҳамият бериш.

  3. Салафи солиҳлар китобларини ўқитишни йўлга қўйиш ва адашган тоифаларнинг – сўфийлар, бидъатчилар, жаҳмийлар, муътазилийлар, ашъарийлар, мотуридийлар ва бошқаларнинг китобларидан сақланиш, уларни фақатгина ботилларидан огоҳлантириш ва уларга раддия бериш нуқтаи назаридан ўқиб ўрганиш.

  4. Одамларга салафлар ақидасини бот-бот эслатиб турадиган ва соғлом ақидадан оғувчиларнинг залолатларига раддия берадиган ислоҳотчи олим ва даъватчиларнинг бўлиши.

 

Изоҳ қолдиринг