Тавҳид ақидаси: Жоҳилият, фисқ, залолат, муртадлик, уларнинг турлари ва ҳукмлари

0

1) Жоҳилият:

Жоҳилият – арабларнинг Исломдан олдинги даврда бўлиб келган: Аллоҳни, пайғамбарларини, диний қонун-қоидаларни билмаслик, насаблар билан фахрланиш, кибрланиш, зўравонлик каби ҳолатларидир. Бу сўз илмсизлик ва илмга эргашмаслик маъносидаги «жаҳл» сўзидан олинган.

Шайхулислом Ибн Таймия «Иқтизоус-сиротил-мустақийм»да ёзади: «Ҳақни танимаган одам жаҳолати содда бўлган жоҳилдир. Агар ҳақнинг зиддини эътиқод қилса, у жаҳолати мураккаб бўлган жоҳилдир. Агар ҳақни билатуриб, ё билмасдан ҳаққа зид гапни гапирса, у ҳам жоҳил саналади. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилинишларидан олдин жоҳилиятда эдилар. Ўрталарида юрган гап-сўзлар, жорий бўлган амаллар жоҳил кимсалар томонидан пайдо қилинар ва унга амал қилганлар ҳам жоҳиллар эди. Шунингдек, пайғамбарлар олиб келган таълимотларга зид бўлган яҳудийлик ва насронийлик каби барча динлар ҳам жоҳилият бўлиб, бу оммавий равишдаги жоҳилият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилганларидан кейин жоҳилият кофирлар диёрларида бўлганидек, бир жойда бор, бошқасида йўқ ҳолатлар бўлди. Ёки бир шахсда жоҳилият бўлиб, бошқасида бўлмаган ҳолатлар бўлди. Масалан, бир одам Исломни қабул қилишидан олдин гарчи ўзи ислом диёрида яшаса-да, жоҳилиятда бўлган ҳисобланади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин умумий тарзда замонга нисбат бериладиган жоҳилият даври йўқолди. У зотнинг умматларидан бир тоифа то қиёмат қойим бўлгунича ҳақ устида ғолибона давом этади. Гоҳо мусулмон диёрларида кўпгина мусулмон шахсларида чекланган жузъий жоҳилият бўлиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Умматим ичида тўртта иш борки, улар жоҳилият ишларидандир» (Муслим ривояти). Абу Зарга айтганларидек: «Сен жоҳилият феъл-атвори бор киши экансан!» (Муттафақун алайҳ) ва шу кабилар» (иқтибос тугади).

Илмсизлик маъносидаги жоҳилликка нисбат берилган жоҳилият икки қисмга бўлинади:

1)        Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилинишларидан олдинги умумий жоҳилият. Бу тур жоҳилият у зотнинг пайғамбарликлари билан ниҳоясига етди.

2)        Айрим давлатларга, айрим шаҳарларга, айрим шахсларга хос бўлган жоҳилият. Бу тур жоҳилият ҳозирда ҳам мавжуд. Бу билан жоҳилиятни ушбу замонга оммавий равишда нисбатлаб: «ушбу аср жоҳилияти» дейдиган кишиларнинг сўзлари хато экани маълум бўлади. Тўғриси эса «бу асрдаги айрим кишилар жоҳилияти ёки бу асрдаги кўпчилик одамлар жоҳилияти» дейишликдир. Жоҳилиятни оммавий деб аташ нотўғри. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликлари билан оммавий жоҳилият барҳам топган.

2) Фисқ:

Фисқ луғатда «чиқиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳнинг тоатидан чиқиш демакдир. У Аллоҳнинг тоатидан умумий чиқишни ҳам англатади ва шу жиҳатдан кофирга фосиқ деб айтилади. Шунингдек, у жузъий чиқишни ҳам англатади ва шу боис гуноҳи кабиралардан бирортасини қилган мўминга ҳам фосиқ деб айтилади.

Фисқ икки хилдир:

1)        Диндан чиқарадиган фисқ – яъни куфр. Кофирни ҳам фосиқ деб номланади. Аллоҳ таоло иблис ҳақида зикр қилиб: «Шундай қилиб, у Раббининг амридан чиқди» (Каҳф: 50) дейди. Шайтондан содир бўлган бу фисқ (чиқиш) куфр эди. Аллоҳ таоло: «Фосиқ бўлган кимсаларнинг маъво – манзиллари эса дўзахдир» [Сажда: 20] дейди ва бу билан кофирларни кўзда тутади. Бунга оятнинг давоми далил бўлади: «Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотингиз», дейилур» [Сажда: 20].

2)        Мусулмонлар ичидан осий бўлганларига ҳам фосиқ дейилади, бироқ фосиқлиги уни Исломдан чиқармайди. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор деб) бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» [Нур: 4]. Яна айтади: «Ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» [Бақара: 197]. Уламолар бу оятдаги фисқ калимасини гуноҳ ишлар деб тафсир қилганлар.

3) Залолат:

Залолат – тўғри йўлдан адашиш маъносини англатади ва у ҳидоятнинг зиддидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳидоят йўлига юрса, ўзи учун юргай. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озгай» [Исро: 15].

Залолат бир неча маъноларда истеъмол қилинади:

1)        Гоҳо куфрга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ залолатга кетибди (адашибди)» [Нисо: 136].

2)        Гоҳо ширкка истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, у жуда қаттиқ залолатга кетибди (йўлдан озибди)» [Нисо: 116].

3)        Гоҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф иш тутишдан иборат бўлган куфрдан пастроқ ишларга истеъмол қилинади. Залолатга кетган (адашган) фирқалар дейилганга ўхшаш.

4)        Гоҳо хатога истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «(Мусо) айтди: «Ўшанда мен у ишни залолатга кетиб (билмаган ҳолда) қилган эдим» [Шуаро: 20].

5)        Гоҳо унутишга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло деди: «Бири (унутиб) залолатга кетса, яна бири унга эслатади» [Бақара: 282].

6)        Гоҳо адашиб-улоқиб кетишга истеъмол қилинади. Залолатга кетган (йўқолиб қолган) туя дейилганга ўхшаш.

4) Муртадлик, унинг турлари ва ҳукмлари:

Ридда ёки муртадлик луғатда «ортга қайтиш» маъносини англатади. Фиқҳий истилоҳда «мусулмон бўлгандан сўнг яна куфрга қайтиш» демакдир. Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб (муртад бўлиб), динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетгай. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» [Бақара: 217].

Муртадлик турлари:

Муртадлик исломни бузувчи ишлардан бирортасини қилиш билан ҳосил бўлади. Исломни бузувчи нарсалар кўп бўлиб, улар беш қисмга бўлинади:

1)        Сўз билан муртад бўлиш. Аллоҳ таолони, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, ё малоикаларни, ё пайғамбарлардан биронтасини сўкиш, ғайбни билишни даъво қилиш, пайғамбарлик даъво қилиш, пайғамбарлик даъво қилган одамни тасдиқлаш, Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш, Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда Ундан бошқадан мадад сўраш, ё паноҳ тилаш каби.

2)        Амал билан муртад бўлиш. Бут-санамга, дарахтга, тошга, қабрларга сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш, Қуръонни ифлос жойларга ташлаш, сеҳргарлик қилиш, сеҳрни ўрганиш ва ўргатиш, Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан – уни ҳалол деб эътиқод қилиб – ҳукм қилиш каби.

3)        Эътиқод қилиш билан муртад бўлиш. Аллоҳнинг шериги бор деб ёки зино, ароқ ва судхўрликни ҳалол деб ёки нонни ҳаром деб ёки намоз фарз эмас деб эътиқод қилиш каби – ҳалол ё ҳаромлиги ёки вожиблигига қатъан иттифоқ қилинган ва билмаслик мумкин бўлмаган – нарсалар.

4)        Юқорида ўтганлардан бирортасида шак-шубҳа қилиш билан муртад бўлиш. Ширкнинг ҳаромлигига ёки зино ва ароқнинг ҳаромлигига ёки ноннинг ҳалоллигига шубҳа қилиш ёхуд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига, ё бошқа бирон пайғамбарнинг рисолатига ёки Ислом дини ҳақида, унинг ҳозирги даврга яроқлилиги ҳақида шубҳа билан қараш каби.

5)        Тарк қилиш билан муртад бўлиш. Намозни қасддан тарк қилиш каби. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда билан куфр ва ширк ўртасида намозни тарк қилиш бордир», деганлар (Муслим ривояти). Намозни тарк қилувчининг кофир бўлишига бундан бошқа ҳам далиллар бор.

Муртадлиги аниқ бўлган кишига ижро этиладиган ҳукмлар:

1)        Муртад бўлган кишидан тавба қилиши талаб қилинади. Агар тавба қилса ва уч кун ичида Исломга қайтса, буни ундан қабул қилинади ва ўз ҳолига қўйилади.

2)        Агар тавба қилишдан бош тортса, уни қатл қилиш вожиб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким динини ўзгартирса, уни ўлдиринглар», деганлар (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).

3)        Тавба қилиш талаб қилинган муддат мобайнида мол-дунёсини тасарруф қилишдан ман қилинади. Агар Исломга қайтса, моли ўзиники бўлади. Йўқса, ўлдирилган, ё муртадликда ўлган пайтидан моли ўлжа сифатида байтулмолга олинади. Муртад бўлган пайтидан бошлаб мусулмонлар фойдасига ишлатилади, ҳам дейилган.

4)        У билан яқин қариндошлари ўртасида мерослашиш ман қилинади: ворис ҳам бўлмайди, меросини ҳам олмайдилар.

5)        Муртадлик билан ўлса ё ўлдирилса, ювилмайди, жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига қўйилмайди, балки кофирлар қабристонига кўмилади ёки мусулмонлар қабристонидан бошқа бирон жойга кўмиб ташланади.

Изоҳ қолдиринг