Тавҳид калимасининг маъноси

0

Савол:

“Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг пайғамбари”, деб гувоҳлик беришнинг мазмун-моҳияти нима?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

“Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ), деган сўзнинг маъноси шуки, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ибодатга ҳақли эмас, бунга фақат шериксиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи ҳақли, деб тасдиқлаш. Аллоҳ таоло айтади: “Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир” [Ҳаж: 62].

“Ла илаҳа”, дейиш Аллоҳдан бошқа барча сохта илоҳларни йўққа чиқаради, “иллаллоҳ” эса ибодатларнинг барча турига ёлғиз Аллоҳ таоло ҳақли экинини тақозо қилади. Шунга кўра “ла илаҳа иллаллоҳ”нинг маъноси: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деганидир. Аллоҳ таолонинг ҳукмронлиги ва подшохлигида бирон шериги бўлмагани каби ибодатда ҳам Унинг бирон шериги йўқ.

“Муҳаммадун расулуллоҳ” (Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари), деган сўзнинг маъноси: Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва инсу жинларнинг барчасига юборган пайғамбари эканига чин қалбдан иймон келтириб, тил билан тасдиқлашдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўлиб ўтган ва бўлажак ишлар ҳақида хабар берган сўзларига ҳамда ҳалол ва ҳаром қилган нарсаларига иймон келтириш, шунингдек, у зотга буйсуниш, буюрган ишларини қилиб, қайтарган ишларидан тийилиш, шариатига эргашиш, махфий ва ошкора ҳолатларда суннатларига эргашиш ҳамда ҳукмларига иккинланмай рози бўлиш фарз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш, унга осий бўлиш Аллоҳга осий бўлиш, деб эътиқод қилиш лозим. Чунки у Аллоҳ таолонинг рисолатини (кўрсатма-буйруқларини) етказувчи зот. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу динни комил қилгачгина вафот эттирди. У зот зиммасидаги вазифаларини – рисолатни – мукаммал суратда етказдилар. Аллоҳ таоло у зотни бизнинг бахт-саодатимиз йўлида қилган саъй-ҳаракатлари учун энг гўзал мукофотлар билан мукофотласин.

Банда ислом динига ушбу икки шаҳодатни айтибгина киради. Бу иккиси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Шу сабабдан “Ла алаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ), деб гувоҳлик беришда нималар шарт қилинса, “Муҳаммадун расулуллоҳ” (Муҳаммад Унинг пайғамбари), деб гувоҳлик беришда ҳам айни шулар шарт қилинади, валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг