Тўқизинчи қоида: (1) муаммонинг сабабини англаш

0

Тўқизинчи қоида

Муаммонинг сабабини англаш

Дарҳақиқат, бола заиф бир мавжудотдир. У ўзини ҳам, муаммоларини ҳам ва бу муаммолар қаршисида нима қилишни ҳам билишдан ожиз. У ҳар доим ота-онасидан муаммоларидан эсон-омон ўтиб олишга ёрдам беришларини умид қилади. Ота-оналар ҳам аслида фарзандларининг болалик даврини кўнгилдагидек ўтказишлари учун жиддият, ихлос ва фидокорлик билан ҳаракат қиладилар. Бироқ яхши ниятнинг ўзигина муаммоларни бартараф қилиш учун етарли эмас. Балки фарзандлар бошдан кечираётган муаммолар характери, унинг сабаблари ва илдизларини яхши англаб етиш зарур. Токи бу муаммоларни ҳал этиш учун имконият туғилсин.

Шу ўринда яққол кузатилган нарса шундан иборатки, кўпчилик ота-оналар барча фарзандларини бир хил феъл-атворли ўхшаш нусхалар бўлиши керак деб ўйлайдилар. Айтайлик, тўнғич фарзанд мўмин-қобил, намунали бўлса, укаларидан биронтасининг феъл-атвори ва юриш-туришида бирон муаммони кўрсалар ажабланадилар, хуноб бўладилар. Албатта, бу тушунча мутлақ нотўғридир. Туғишган ака-ука ёки опа-сингилларнинг ҳар бири бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида “қўлёзма”дирлар. Улардан ҳар бирининг ўзига хос жиҳатлари бор, алоҳида характерга эгадирлар. Бинобарин, асл қоидага кўра фарзандлар ўртасида ўзаро ўхшашлик эмас, аксинча, ўзаро тафовут бўлмоғи керак.

Айрим ота-оналар фарзандларининг муаммоларига яхши эътибор қаратмайдилар. Негаки, улар бу муаммолар фарзандлар улғайиши билан ўз-ўзидан йўқолиб кетади, деб ўйлайдилар. Албатта, бу тушунча болалар бошидан кечирадиган талай муаммоларга нисбатан тўғри, чиндан ҳам бу муаммолар вақт ўтиши билан барҳам топади. Бироқ бошқа бир қанча муаммолар ҳам борки, улар болалар кичиклигида кичкина бўлиб, ўлғайгани сари катталашиб бораверади. Шу боис, бу муаммоларни олдини олиш, вақтида муолажа қилиш лозим. Ачинарли томони шундаки, кўпчилик ота-оналар фарзандларининг қайси хатти-ҳаракатлари тўғрию, қайси бири нотўғри эканини ажратишга етарли илм-маърифатга эга эмаслар. Изланишлар шуни кўрсатадики, фарзандларнинг болалик давридаги хатти-ҳаракатларидан қай бири тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаш ундан кейинги ўспиринлик давридагига нисбатан оғирроқдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, фарзандларида бирон ғайритабиий хатти-ҳаракат ёки бирон ақлий, руҳий ёки ижтимоий муаммо бўлган ота-оналар шу мавзуда маълумотларини – тарбия маданиятларини оширишлари, фарзандларидаги муаммо хусусида мутахассис табибларнинг кўрсатмаларига қулоқ тутишлари лозим. Зеро, фарзандлардаги юриш-туришга оид муаммолар ўша муаммонинг тез-тез такрорланиши ва боланинг юриш-туриши соғлом тенгқурларининг хатти-ҳаракатларидан кескин ажралиб туриши орқали маълум бўлади. Бинобарин, муаммо сабабини англаш юқорида айтиб ўтилган тарбия маданиятини ошириш амалиётидаги энг муҳим бўлакдир.

Рухсатингиз билан қуйида ушбу қоидани имкон қадар яхшироқ ёритиш учун ёш болаларда учрайдиган муаммолардан учтасининг сабаблари тўғрисида сўз юритамиз.

  1. Ортиқча ҳаракатчанлик:

Кўпчилик оналар болаларининг тиниб-тинчимаслиги, бир жойда саноқли сониялардан ортиқ туролмаслиги, шунингдек, тез ва мувозанатсиз ҳаракатланиши ҳамда бировга халақит бераётганига мутлақ эътибор бермаслигидан нолийдилар. Болаларда учрайдиган ортиқча ҳаракатчанлик оналарни бениҳоят ташвишга солади. Баъзан фарзандларининг ўта шўхлиги, улардаги ортиқча ҳаракатни деб бирон қариндоши ёки дугонасиникига зиёратга ҳам боролмайди ёки уйига меҳмон чақиришдан ҳам истиҳола қилади.

Ортиқча ҳаракатчанликнинг сабаби нима?

А) ота-боболаридан мерос қолиши;

Б) ортиқча ҳаракатчанликка сабаб бўладиган бошмиядаги функционал қусур;

В) бошга кучли зарбага тушиши;

Г) баъзи таомлар тановул қилиш натижасида заҳарланиш;

Д) онанинг ҳомиладорлик чоғидаги жисмоний ва маънавий ҳолати;

 Онанинг ҳомиладорлик асносида хасталикка учраши, турли таблеткаларни тановул қилиши ва узоқ муддат изтиробли ва безовта ҳаёт кечириши, буларнинг барчаси баъзан болада ортиқча ҳаракатчанлик ҳолатига олиб бориши мумкин.

Е) оналарнинг ёш болаларини кўп тергаши;

Оналарнинг ёш болаларини кўп тергаши, уни ҳадеб тиниб-тинчимайсан, дея танқид қилавериши ҳам акс натижа беради, муаммо ечимининг салбий томонга оғишига сабаб бўлади. Аксинча, оила аъзоларининг бунга бепарво ёндашишлари, бу ҳолатга кўникишга ҳаракат қилишлари ижобий натижа бериши мумкин.

Демак, биз фарзандларимизда ортиқча ҳаракатчанликни келтириб чиқарадиган сабабларни ўргансак, маломат қилиш ва жазолаш ўрнига уларни маъзур тутган ва раҳмдилларча муносабатда бўлган бўлур эдик.

  1. Ёш болалардаги ёлғон сўзлаш:

Қисқача қилиб айтганда, ёлғон дегани инсон ўз эътиқодига хилоф нарсани сўзламоғидир. Айтайлик, бола ликопчани ўзи синдирганини билсада, “ликопчани мен синдирмадим”, дейди.

Одатда одамларни ёлғон сўзлашга ундаган нарса тингловчини алдаш ва чалғитиш, аксар ҳолатларда эса тўғрисўзлик билан эришиш қийин саналган бирон манфаатни қўлга киритиш бўлади. Шунингдек, инсонлар бирон зарардан қочиш ёки жавобгарликдан қутулиш мақсадида ҳам ёлғон сўзлайдилар.

Одатда мактаб ёшига етмаган болалар ҳақиқат билан хаёл ўртасини яхши ажратолмаганлари боис ёлғон гапирадилар. Шунингдек, бу ёшдаги болалар инсоннинг сўзлаган сўзи воқеликка мос бўлиши шарт эканини билмасликлари сабаб ёлғон гапиришади. Табиийки, кўпчилик ота-оналар фарзандларининг ёлғон сўзлаганларини эшитганларида хуноб бўладилар. Ҳолбуки, улар бу ҳодиса ортидаги яширин сабабларнинг тубига етмайдилар. Шунинг учун ота-оналар болалардаги бу ҳодисага чек қўйишлари учун аввало уларни ёлғон сўзлашга ундаган сабабларни англаб етишлари зурур. Қуйида ана шу сабаблардан айримларини айтиб ўтамиз:

  • Бирон шахсий манфаатга эришиш. Айтайлик, бола ширинликдан ўзига тегишли улушини еб бўлгач, онасининг олдига келиб: “Мени улушимни беринг, мен ҳеч нарса емадим”, дейди.

  • Бола баъзан ўртоғини ҳимоя қилиш учун ёлғон гапиради. Масалан, ўртоғининг бошқа бир болани урганини аниқ билсада, “у фалончини урмади”, дея ёлғон сўзлайди. Бу турли ёлғон аксар болаларда узоқ муддат давом этиши, ҳатто ўсмирлик давридан кейин ҳам давом этиши мумкин.

  • Оила ёки оила ташқарисидаги катталарнинг юриш-туришига тақлид қилиш. Негаки, ёш болалар доимо катталарни ўзларидан кўра яхши билувчироқ ёки улар доим тўғри иш қилишади, деб ўйлашади. Агар катта одам ёш боланинг олдида ёлғон сўзласа, бола гуёки яхши қилаётгандек унга тақлид қила бошлайди.

  • Бирон ножўя ишга бериладиган жазодан қутулиб қолиш учун ўзни оқлаш. Бу ёш болаларда кўп учрайдиган ҳолатдир. Айтайлик, гиламга сиёҳ тўкилса-ю, “жиноятчи” маълум бўлмаса, уйдаги барча болалар бу ишни у қилмаганлиги, шунингдек, ким қилганидан ҳам бехабар эканларини айтадилар.

  • Баъзан бола ўртоқлари ёки синфдошларини қойил қолдириш учун ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатадиган саргузаштларни тўқийди.

  • Гоҳида бола бошқа болага зиён келтириш мақсадида унга нисбатан адоватидан келиб чиқиб ёлғон сўзлайди. Кўпинча бундай болаларнинг учинчи шахс томонидан таъзирини ейиши учун бошқа болани айбдор қилиб кўрсатишга уринаётганига гувоҳ бўламиз.

  • Шунингдек, баъзан нохуш хотиралардан воз кечиш учун ҳам бола ёлғон гапиради. Айтайлик, ўртоғи унга: “Эслайсанми, фалончи синфдошингни қаламини ўғирлаган эдинг?”, деса, унга жавобан: “Мен ҳечам бундай қилмаганман!”, деб жавоб беради. Бу ҳолатда бола ўтмишидаги қора саҳифани ёпишни истайди ва шу сабаб ёлғонга қадам қўяди.

  • Агар ота-она ёки синфдошлар болани ҳадеб “ёлғончисан” деяверсалар, бу тамға боланинг ўзи тўғрисидаги тасаввурининг бир бўлагига айланиб қолади. Бошқача қилиб айтганда, бола ўзининг ёлғончи эканига батамом қаноат ҳосил қилади ва бундан буён хоҳлар-хоҳламас ёлғон сўзлай бошлайди.

  • Таассуфки, баъзан биз катталарнинг ўзимиз болаларни ёлғон сўзлашга ундаймиз. Негаки, унга муттасил тарзда ишончсизлик билдирамиз. Бола кўпинча ҳақиқатни айтмоқчи бўлади-ю, бироқ ота-онасининг унга барибир ишонмасликларини ўйлагач, уларга манзур бўладиган, улар ишонишлари мумкин бўлган сўзларни тўқишга мажбур бўлади.

Болани ёлғон сўзлашга ундаган сабабларни англаб етишимиз, улар билан муомала услубимизни ўзгартиришни тақозо қилади. Шунингдек, бу бизларнинг болаларимиз аҳволи, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва тарбиялашга бўлган муносабатимиз даражасини яхшилайди.

Изоҳ қолдиринг