Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: Муқаддима (3)

0

Узоқ тарихий давр мобайнида мусулмонлар ҳаётида талай оғишлар бўлди. Ҳар бир раббоний дастурдан оғишнинг оқибати унинг навига, ёйилиш даражасига, умматнинг ҳокимлари, олимлари ва авомлари билан биргаликда унга нисбатан тутган ўринларига қараб бўлди. Ҳатто оғиш энг юқори даражасига етгач, қудрат, ворислик ва омонлик ўрнини бугун биз кўриб турган заифлик, хорлик ва қўрқув эгаллади.

Биз бу китобда ушбу оғишнинг узун йўли ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки, бугунги кунимизда мусулмонлар ҳаёти учун энг хатарли бўлган оғишнинг муайян бир тури ҳақида, бошқача қилиб айтганда, тарихий оғишларнинг барчасини ўзида жамлаган оғиш ҳақида сўзламоқчимиз.

Кўплаб холис даъватчилар ҳам мусулмонларга етган мусибатларга уларнинг юриш-туришлари ва ахлоқлари исломий тўғри кўринишдан оғиши сабаб бўлди, деб ҳисоблайдилар.

Мусулмонларнинг ахлоқлари бузилганини кўрсатиш учун бугун ишора-далил шарт эмас. Дарҳақиқат, уларнинг ҳаётида кенг қулоч отган ёлғон, алдов, иккиюзламачилик, заифлик, қўрқоқлик, итотатгўйлик, бидъату маъсиятлар, ёшлардаги бебошлик ва сусткашлик, катталардаги бузуқлик ва ёмонликларга муккасидан кетиш ва булардан бошқа яна ўнлаб сифатлар – барча-барчаси Исломга бирор алоқаси бўлмаган, лекин мусулмонлар яшаётган воқеъликдир!

Шу билан бирга, ахлоқий томондан оғиш ўша мусулмонларнинг ҳаётидаги ягона оғиш эмас ва энг хатарлиси ҳам эмас. Агар иш ахлоқий оғиш билангина чекланганида, ҳар қанча ёмон бўлса-да, иш енгилроқ кечган бўлар эди.

Лекин иш ахлоқ масаласидан ўтиб, «тушунчалар»даги оғишликкача; «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан тортиб, Исломнинг барча асосий тушунчаларидаги оғишгача етиб борди.

Ахлоқида йўлдан оғишган, лекин диннинг ҳақиқати борасидаги тасаввурлари тўғри бўлган инсонни ахлоқий бузуқликдан қайтариш учун бир оз куч сарф этасиз, аммо тушунчаларини тўғрилашга вақт сарфлаб ўтирмайсиз. Чунки ахлоқи бузилгани билан унинг тушунчалари дарз кетмаган. Лекин тушунчалари бузилган бўлса, аввало, уларни тўғрилаш учун, кейин ахлоқини ўнглаш учун оз мунча ҳаракат қилмайсиз!

Бугунги кунда Ислом оламидаги вазиятнинг асл ҳақиқати мана шудир.

Оғиш-бузилиш ахлоқий чегарадан ўтиб, диннинг асосий тушунчаларига қадар етиб борди.

Шунга кўра, бугунги кунда Ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ўша ғарибликни бошдан кечиряпти. У зот: «Ислом ғариб ҳолатда бошланди, қандай бошланган бўлса, ўшандай ғарибликка қайтади», деган эдилар[1].

Ҳақиқатда ғарибликка қайтди! Ўз аҳлининг-мусулмонларнинг орасида ғариб бўлди. Ахлоқан бузуқликка юз тутган мусулмонлар динининг ҳақиқатини ҳам бошқача тушунишмоқда. Аллоҳнинг китобида, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида келган, салафи солиҳларнинг ҳаётида татбиқини топган асл динни ғаройиб санашмоқда.

Биз бу ишга ҳақиқат кўзи билан қарашимиз даркор.

Бинобарин, тушунчалар ўнгланмас экан, фақат ахлоқни тўғрилаш учун ҳар қанча куч сарфламайлик, бу иш самара бермайди, умматни ҳозирда қулаган жарлигидан ташқарига чиқара олмайди. Балки, Исломнинг иккинчи ғариблигини кетказишимиз учун ҳозиргидан икки баравар, мусулмонларнинг илк жамоаси Исломдан ғарибликни кетказиш йўлида сарфлаган куч-ҳаракатлар каби ғайрат қилишга муҳтожмиз.

Мана шу икки баравар ортиқча ҳаракат бугун Исломий уйғонишнинг елкасига ортилган вазифадир.

Бу ҳаракатни эса, энг аввало, таълим олиш манҳажини ўнглашдан бошлаш лозим.

Ушбу динга оид тушунчани қаердан оламиз? Аллоҳ таолонинг китоби, У Зотнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ва салафи солиҳлар розияллоҳу анҳумнинг сийратлариданми? Ёки бўлмаса, Ислом умматининг узоқ йўлида юз берган турли сабаблар таъсирида, доимий суратда турли мазҳаблар ва турли фикрлар қоришмаси билан тўқнашиши натижасида ушбу равшан, тўғри фаҳмга кириб келган бузуқ ва ёт фикрларданми?!

Агар таълим олиш манҳажини тўғриласак ва шунга биноан кейинги мусулмонларнинг ҳиссиётларидаги асосий Ислом тушунчаларининг ўринларини ўнгласак, бизнинг елкамизда булардан хатари кам бўлмаган яна бир бошқа вазифа – ушбу диннинг саҳиҳ тушунчаларига биноан тарбиялаш вазифаси қолади.

Тарбия самараси катта ҳақиқий ҳаракатдир. Аммо токи тарбиянинг ўзи тўғри асосларга кўра қойим бўлмас экан, бирор самара бермайди.

Бу китоб баъзи Исломий тушунчаларни тўғрилаш, уларни ўзининг илк суратига қайтариш ва Ислом умматининг тарихда босиб ўтган юришлари асносида илашган баъзи  оғишларни ўнглаш йўлида Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннати ҳамда салафи солиҳларнинг сийратига таянган ҳолда  ожизона ташланган қадамдир.

Бу китобда мен Исломнинг асосий беш тушунчаси бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси, ибодат тушунчаси, қазо ва қадар тушунчаси, дунё ва охират тушунчаси ҳамда маданият ва ерни обод қилиш тушунчаси ҳақида тўхталдим.

Ўқувчи китобни мутолаа қилар экан, унинг энг катта қисми «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчасини, сўнг ибодат тушунчасини ўз ичига олганини кўради. Аслида, бунинг ғаройиб жойи йўқ. Зеро, «Ла илаҳа иллаллоҳ» Исломнинг биринчи ва энг катта рукни саналади. Шунингдек, мусулмонлар ҳаётида содир бўлган энг катта ва энг хатарли оғиш «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчасида содир бўлган оғишдир. Шунингдек, ибодат тушунчаси ҳам. Зеро, унинг кенг ва тўла маъносида бу умматнинг ва у амалга оширган ишларнинг нақадар буюклигининг садоси янграса, унинг тор ва кучсиз бўлган маъносида бугунги кунда мусулмонлар бошдан кечираётган синиқ воқеъликнинг садоси бордир.

Қачонки ушбу тушунчалар тўғриланса ва мусулмонларнинг қалбларига унинг ҳақиқий, тирик, фаол сурати қайтиб келса, мусулмонларга етган барча оғишларни ўнглаш ва у оғиш натижасида келиб чиққан барча мусибатларни кетказиш Аллоҳнинг ёрдами билан осонлашади.

Агар У Зот ушбу ожизона ҳаракатим орқали мени бирор нарсага муваффақ айласа, албатта, Унинг менга ато этган неъматларига шукр бажо келтираман. Зеро, муваффақиятим фақат Аллоҳдандир.

Муҳаммад Қутб

[1]Муслим, 145.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг