Тўрт мазҳабдан бирига эргашишнинг ҳукми нима?

1

Савол:

Тўрт мазҳабдан бирига эргашишнинг ҳукми нима?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Биринчидан, тўрт мазҳаб деганда ҳанафий, моликий, шофеъий ҳамда ҳанбалий мазҳаблари назарда тутилади. Лекин ер юзида фақат шу тўрт мазҳаб бор, бешинчи мазҳабни чиқариш мумкин эмас, деган тушунча нотўғри. Чунки мазкур тўрт мазҳаб имомлари билан бир вақтда бошқа имомлар яшаган ва уларнинг ҳам ўз мазҳаблари бўлган. Бироқ ушбу тўрт мазҳаб кенг тарқалиб, одамлар орасида машҳур бўлган.

Иккинчидан, ушбу тўрт мазҳаб имомларининг барчалари улуғ олимлар, бутун уммат имом деб тан олган фозил инсонлар бўлишган. Улар ўз мазҳабларидаги фикрларни ҳаводан эмас, балки ижтиҳод қилиб Қуръон ва ҳадисдан олишган. Улар инсонларни ўз мазҳабларига чорлаш, ўзларига издош кўпайтиришни мақсад қилмай, балки ҳақни топиб, уни инсонларга етказизга интилганлар. Маълумки, инсон ҳар қанча етук олим ва мужтаҳид бўлмасин, хатодан ҳоли эмас. Шунинг учун олимлар: “Хато қилган кишига эмас, хато қилмаган кишига ҳайронман!” – дейишган. Чунки хатокорлик инсонийликнинг ажралмас сифатларидан бири. Мужтаҳид имомлар ҳам баъзи масалаларда хато қилган бўлишлари табиий. Уларга хато қилган бўлсалар битта, тўғри топган бўлсалар иккита савоб берилади.

Учинчидан, ҳар бир мусулмоннинг вазифаси муайян бир мазҳабга эргашиш эмас. Балки унинг вазифаси қандай бўлмасин ҳақни топиш ва унга эргашиш бўлмоғи керак. Бироқ инсонларнинг илмий савиялари турлича. Бинобарин, ҳар бир кишининг бу борадаги вазифаси унинг илмий савиясига қараб белгиланади.

Тўртинчидан, Қуръон ва ҳадисни ўқиб тушунадиган ва улардан бевосита ҳукм олиш лаёқатига эга кишилар Қуръон ва суннатдан ўзлари ҳукм оладилар. Улар мазҳабга эргашиш даъвоси билан ўзлари ижтиҳод қилиб, ҳақ деб билган фикрларига зид амал қилишлари жоиз эмас. Шунингдек, улар ижтиҳод қилиб, бирон тўхтамга кела олмаган масалаларида бошқа мужтаҳид олимларга тақлид қилишлари жоиз. Қуръон ва ҳадисдан бевосита ҳукм олиш учун ислом фиқҳида ёзилган барча китобларни ўқиб чиқиш шарт бўлмаганидек, айни вақтда, табиийки, араб тилини ўқиб тушунишнинг ўзи ҳам бу икки манбадан ҳукм чиқариб олиш учун етарли эмас!

Бешинчидан, Қуръон ва ҳадисни ўқиб тушунмайдиган ва улардан бевосита ҳукм олиш малакасига эга бўлмаган авом кишилар ўзлари энг тақволи ва илмли деб билган кишиларга тақлид қиладилар, фатво сўраб уларга мурожаат қиладилар. Улар бугунги кунда ислом оламида машҳур бўлган олимлар, бирон диёрдаги илм ва тақво билан танилган олим ёки киши маҳалласидаги аҳли илмлардан бири бўлиши мумкин. Муҳими, фатво сўраб мурожаат қилинадиган киши эргашувчи одамнинг назарида ҳақ устида турган илмли ва тақводор инсон бўлиши шарт.

Олтинчидан, юқоридаги гаплардан шу маълум бўладики, инсон муайян бир мазҳабга эргашиши жоиз. Бироқ муайян мазҳабга ёки бирон шахснинг фикрига мутаассиблик қилиб, ҳақ равшан бўлса ҳам уни тан олмаслик дуруст эмас, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Ўз мазҳабидан бошқа мазҳабга эргашиш жоизми?

Изоҳ қолдиринг