Туядан бериладиган закот

2

Туядан бериладиган закот

Шариатда нисобга етган туялардан бериладиган закот миқдори қуйидаги тарзда белгиланган:

Нисоб

Закот миқдори

Эслатмалар

(1)

1-4

Эгаси хоҳласагина закот беради

(2)

5-9

Битта қўй

(3)

10-14

Иккита қўй

(4)

15-19

Учта қўй

(5)

20-24

Тўртта қўй[1]

(6)

25-35

Бинти махоз, агар у бўлмаса, битта ибн лабун

“Бинти махоз” – бир ёшга тўлиб икки ёшга ўтган урғочи туя.

“Ибн лабун” – икки ёшни тўлдириб, уч ёшга ўтган эркак туя.

(7)

36-45

Битта бинти лабун

“Бинти лабун” – икки ёшни тўлдириб, уч ёшга ўтган урғочи туя.

(8)

46-60

Ҳиққа

“Ҳиққа” – уч ёшга тўлиб, тўрт ёшга ўтган урғочи туя.

(9)

61-75

Жазаъаҳ

“Жазаъаҳ” – тўрт ёшга тўлиб, беш ёшга ўтган урғочи туя.

(10)

76-90

Иккита бинти лабун

(11)

91-120

Иккита ҳиққа

(12)

Агар бир юз йигирматадан ошса, унда ҳар қирқтасига биттадан бинти лабун, ҳар элликтасига эса биттадан ҳиққа бериб борилади.


Мавзуга доир мулоҳазалар
:
(1) Агар туялар сони бир юз йигирматадан ошса, унда ҳар қирқтасига биттадан бинти лабун, ҳар элликтасига эса биттадан ҳиққа бериб борилади[2].
(2) Агар туя эгасида закот учун белгиланган ёшдаги туя мавжуд бўлмай, балки ундан бир ёш кичик ёшдаги туя бўлса, масалан, тўрт ёшли жазаъаҳ бериши фарз бўлган ўринда уч ёшли ҳиққаси бўлса ёки ҳиққа бериши фарз бўлган бир пайтда икки ёшли бинти лабуни бўлса ёки бинти лабун бериши фарз бўлгану, бироқ унда бир ёшли бинти махоз бўлса, бундай ҳолатларда унда мавжуд бўлган бир ёшга кичик туя қабул қилинаверади. Туя эгаси унга қўшиб яна йигирма дирҳам ёки иккита қўй ҳам бериши лозим, қай бирини берса ҳам қабул қилинаверади.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Йигирма дирҳам туянинг ёшини пулга чақишми ёки қандай бўлмасин йигирма дирҳам бериш тайин қилинганми? Тўғрироғи, валлоҳу аълам, туянинг ёшини пулга чақиб йигирма дирҳам дейилган. Шунга биноан, агар иккита қўйнинг қиймати икки юз дирҳам бўлса-ю, қўй эмас дирҳам бермоқчи бўлса, йигирма дирҳам бериши кифоя қилмайди[3].
(3) Юқоридаги ҳолатнинг акси ўлароқ, туя эгасида закот учун белгиланган ёшдаги туя мавжуд бўлмай, балки ундан бир ёш катта ёшдаги туя бўлса, масалан, бир ёшли бинти махоз бериши фарз бўлган ўринда икки ёшли бинти лабуни бўлса ёки бинти лабун бериши фарз бўлган бир пайтда уч ёшли ҳиққаси бўлса ёки ҳиққа бериши фарз бўлгану, бироқ унда тўрт ёшли жазаъаси бўлса, бундай ҳолатларда ундан мавжуд бўлган бир ёш катта туя қабул қилинаверади. Закот йиғувчи ходим бунинг эвазига туя эгасига йигирма дирҳам ёки иккита қўй қайтариб беради.
(4) Борди-ю, туя эгасида талаб қилинган туядан бир ёш катта ёки бир ёш кичик туя бўлмай, балки икки ва ундан ортиқ ёш катта ёки икки ва ундан ортиқ ёш кичик туя бўлса, у ҳолда туя эгасидан закот учун белгиланган ёшдаги туяни топиш талаб қилинади. Агар туя эгаси ўзи хоҳлаб белгиланган ёшдан икки-уч ёш катта туяни берса қабул қилинаверади. Масалан, туя эгаси бир ёшли бинти махоз бериши лозим бўлса, бироқ унда на бинти махоз ва на икки ёшли бинти лабун бўлса, аксинча, уч ёшли ҳиққа ёки тўрт ёшли жазаъаси бўлса, у ҳолда бинти махоз топишга буюрилади, ё рози бўлса, унинг ўрнига ҳиққа ёки жазаъаҳ олинади.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар фарз закотни ўрнига айни турдан бўлган катта ёшлисини чиқарса… бўлаверади, бу хусусда бирон хилоф борлигини билмаймиз[4].

Бунга имом Аҳмад ва Абу Довуд Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис далил бўлади. Ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени закот йиғиш учун юбордилар. Бир кишининг олдига бордим. Қарасам, туяларидан закот учун битта бинти махоз олишим керак экан. Мен унга закоти бинти махоз эканини айтдим. Шунда у деди: “Буни на сути бор ва на миниб бўлади. Мен Аллоҳга на сути бор ва на миниб бўладиган туяни қарзга бермайман. Унинг ўрнига мана бу семиз туяни ол”. Мен айтдим: “Мен ўзим буюрилмаган нарсани олмайман. Истасанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқиндалар, (бориб сўраймиз)”. Шундай қилиб у семиз туяни етаклаб мен билан бирга йўлга чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, бўлган гапни у зотга айтдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бу (яъни закот) сенинг зиммангдаги фарз. Агар (зиммангдаги закотдан) яхшироғини кўнгилдан чиқариб берсанг, биз қабул қилаверамиз ва Аллоҳ сенга ажр-савоб беради”. “Шуни олаверинг”, деди ҳалиги киши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяни олиб қолишга буюрдилар ва кишининг ҳаққига барака сўраб дуо қилдилар[5].

Ҳадиснинг Абдуллоҳ ибн Аҳмадга мансуб ривоятида шундай қўшимча бор: “Умора ибн Амр (ҳадисни Убайдан ривоят қилган киши) айтади: “Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг замонасида закотларни йиғиш вазифасида ишладим ва ўша кишидан бир минг беш юзта туядан ўттизта уч ёшли ҳиққа олдим”.

Шунингдек, бир кишининг туяларидан тўрт ёшли жазаъаҳ олиш лозим бўлса-ю, бироқ унда бундай туя ҳам, бир ёш кичик туя – ҳиққа ҳам топилмай, балки икки ёшли бинти лабуни бўлса, у ҳолда бинти лабунни олмасдан, талаб қилинган ёшдаги туя – жазаъаҳни топиш талаб қилинади.
(5) Ҳанафий мазҳабига хилоф ўлароқ, имом Молик, имом Шофеий ва имом Аҳмаддан иборат жумҳур уламолар фикрига кўра, ҳар қандай закот турларида закот ўрнига унинг қийматини бериш ёки ўрнига бошқа нарса бериш закот ўрнига ўтмайди. Туя закоти фарз бўлган инсон юқорида баён қилинган тарзда закот чиқариши шарт бўлиб, закот ўрнига туя ёки қўйнинг қийматини бериши жоиз эмас.

Тижорат молларига оид закотдан ташқари барча закот турларида закот қийматини бериш жоиз эмас.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, эҳтиёж ва манфаат тақозосига кўра закот ўрнига унинг қийматини чиқариш жоиз. Масалан, бир инсон туяларидан битта қўй чиқариши фарз бўлса-ю, бироқ қўйи бўлмаса, унинг қийматини чиқариши кифоя, қўй сотиб олиш учун сафар қилишга буюрилмайди. Ёхуд закотга ҳақли инсонлар ўзларига манфаатли бўлгани учун закотнинг ўрнига унинг қийматини сўрасалар, қийматини бериш жоиз[6].

Шундай бўлсада, зиммадаги фарзни адо этишда эҳтиёткорлик юзасидан ҳамда ихтилоф доирасидан чиқиш мақсадида закот ўрнига унинг қийматини беришга уринмаган афзалдир.

[1] Уламолар тўртта қўйнинг ўрнига битта туя бериш хусусида ихтилоф қилганлар. Имом Аҳмад ва имом Моликдан ривоят қилинишича, бундай қилиш закотнинг ўрнини босмайди. Аксар уламоларнинг фикрича, тўртта қўйнинг ўрнига битта туя берса бўлади. Чунки аслида туянинг закотига туя берилиши лозим, бироқ чорва эгасига енгиллик қилиш мақсадида қўйга ўтилган.
[2] Масалан:
(130) та туя: 2 та бинти лабун (2×40) + ҳиққа (50) = 130
(140) та туя: 2 та ҳиққа (2×50) + бинти лабун (40) = 140
(150) та туя: 3 та ҳиққа (3×50) = 150
(160) та туя: тўртта бинти лабун (4×40) = 160
(170) та туя: учта бинти лабун (3×40) + ҳиққа (50) = 170
(180) та туя: иккита ҳиққа (2×50) + иккита бинти лабун (2×40) = 180
(190) та туя: учта ҳиққа (3×50) + бинти лабун (40) = 190
(200) та туя: тўртта ҳиққа (4×50) = 200
Ёки бешта бинти лабун (5×40) = 200.
[3] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/60).
[4] “Ал-муғний” (2/450).
[5] Ҳасан. Имом Аҳмад (5/142), Абу Довуд (1583) ва Ибн Ҳиббон (3269) ривоят қилишган. Нававий роҳимаҳуллоҳ “Ал-мажмуъ” китобида шундай дейди: “Ҳадис санади саҳиҳ ёки ҳасан”.
[6] “Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя” (184).

Discussion2 fikr

  1. Assalamu alaykum qolgan hayvonlarni ham zakot berilish Jadvali bormi yok bo’lsa iltimos tuzib beringlar.

Изоҳ қолдиринг