Уч талоқ қилинган аёл эрига қачондан бошлаб номаҳрам бўлади?

0

Савол:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Саволим шундан иборат: аёл учинчи талоқни олганидан  кейин қачондан бошлаб эрига бегона ҳисобланади? Талоқ олган заҳотими ёки идда муддати тугаганидан кейинми? Идда муддати тугагунича улар бир уйда қолишлари жоизми?

Жавобингизга тез кунларда муҳтожмиз. Олдиндан жазаакумуллоҳу хойрон.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Талоқ икки қисмга: ражъий ва боинга бўлинади. Идда ичида эр аёлининг розилигисиз қайтариб олиши мумкин бўлган талоқ ражъий талоқ дейилади. Боин талоқнинг ўзи ҳам иккига: байнуна кубро ва байнуна суғрога бўлинади. Байнуна суғрода эр идда ичида ҳам хотинини қайтариб олиши учун янгидан никоҳ қилиши ва янги маҳр бериши шарт.

Учинчи марта талоқ қилинган аёлнинг талоғи байнуна кубро дейилади. Бундай талоқ қилинган аёл токи бошқа эрга никоҳланиб, у билан яқинлик қилиб, ундан ажралиб, иддаси тугамагунича биринчи эрига ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар эр аёлини учинчи марта талоқ қилса, энди у аёл бошқа эрга никоҳланмагунича биринчи эрига ҳалол бўлмайди” (Бақара: 230).

Байнуна кубро шаклида талоқ қилинган аёл иддасини ўз қариндошлариникида ўтказади. Сабаби, учинчи талоқ айтилиши билан аёл эрига бегона саналади. Шунга биноан, эр унга идда мобайнида нафақа қилмайди, уй жой билан таъминламайди ва у билан холи қолиши ҳаром бўлади. Чунки Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳо уч талоқ қилинганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Сенга турар жой ҳам, нафақа ҳам берилмайди” – деганлар (Муслим (2710) ривояти). Бу аёл идда муддати мобайнида ёхуд иддаси тугаганидан кейин собиқ эрининг уйида қолиши ҳақида “Иддаси тугаган аёл собиқ эрининг уйида қолиши” номли фатвомизга мурожаат қилишингиз мумкин, валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг