Қўл олмаган киши қассоблик қилиши дурустми?

0

Савол:

Мен аслида қассоб эмасман. Лекин вазият тақозоси билан бир молни бисмиллоҳ деб сўйдим. Агар сўймаганимда у мол ҳаром ўларди. Баъзилар менинг бу ишимни қоралашмоқда. Эмишки, ҳайвонни фақатгина устоз қассоблардан қўл олган киши сўяркан. Энди мен кечалари сесканиб, қўрқиб чиқишим мумкин эмиш. Мана бир йил бўлди, ҳануз мени ҳеч нарса безовта қилган эмас. Шундай бўлса-да, уларнинг айтган гаплари хаёлимдан кетмаяпти. Бу гапга шариатимиз нима дейди?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Бирон жонзотни сўйиш учун шаръий сўйиш тартибини ўрганиш мақсадида моҳир ва омонатли қассобга шогирд тушиш мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда, ҳайвонга озор бериб қўйиши мумкин. Бироқ саволда айтилган гаплар асоссиз. Хусусан, зарурат ҳолатларида ҳатто аёллар ҳам сўйиши мумкин. Бунга Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг чўриси бир қўйни кескир тош билан сўйгани ва бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганида у зот ейишга рухсат берганлари далил бўлади (Бухорий ривояти), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг