Улуҳият тавҳидидаги мушриклар шубҳаларини йўқ қилиш

0

Улуҳият тавҳидидаги мушриклар шубҳаларини йўқ қилиш

Дарҳақиқат, одамлар орасида шундай шубҳа ва ҳикоялар кенг тарқалганки, улар сабабли кўпчилик йўлини йўқотиб, залолатга кетган. Одамлар бу шубҳа ва ҳикояларга таяниб ўзлари содир этган ширк амалларни жоиз деб биладилар. “Ҳалок бўлгувчилар очиқ ҳужжат билан  ҳалок бўлишлари,  тирик қолгувчилар ҳам очиқ ҳужжат билан тирик қолишлари учун” [Анфол: 42]   бу шубҳаларнинг пуч ва ботил эканини баён қилиш зарурдир. Бу шубҳалардан баъзилари ислом умматидан олдинги мушриклар айтган эски шубҳалар бўлса, айримларини шу умматнинг мушриклари далил қиладилар. Қуйида ана шундай шубҳалардан бир-нечасини зикр қиламиз:

  1. Бу шубҳа қарийб турли умматларга мансуб барча мушриклар ўртасида муштарак бўлган шубҳадир. У ҳам бўлса ота-боболарга эргашишни ҳужжат қилиш ва ботил ақидаларининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётганини пеш қилиш шубҳасидир. Аллоҳ таоло бундай кишилар тўғрисида шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), шунингдек, Биз сиздан илгари бирон қишлоқ ёки шаҳар аҳолисига бирон огоҳлантирувчи пайғамбар юборган бўлсак, албатта, уларнинг бошлиқлари: “Бизлар ота-боболаримизни муайян динга амал қилиб келганларини кўрдик ва бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз”,  деганлар”  [Зухруф: 23]. Бу – ўз даъвосини исботлаш учун далил-исбот келтиришдан ожиз қолган киши келтирадиган ҳужжатдир. Аслида, бу ботил ҳужжатнинг баҳс-мунозара “бозор”ида бир чақалик қиймати йўқ. Негаки, улар эргашган аждодлар ҳидоят устида эмаслар. Ҳидоятда бўлмаган кимсаларга эргашиш, улардан ўрнак олиш эса жоиз эмас. Шу боис Аллоҳ таоло уларга раддия бериб шундай дейди: “(Шунда пайғамбарлари уларга) “Агар мен сизларга ота-боболарингиз эътиқод қилган диндан ҳидоятлироқ динни келтирган бўлсам ҳам-а?, деди” [Зухруф: 24], “Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!”  [Моида: 104], “Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?!” [Бақара: 170]. Маълумки, аждодлар тўғри йўлда бўлсаларгина уларга эргашиш мақтовга сазовор иш саналади. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломдан ҳикоя қилиб шундай дейди: “Мен аждодларим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг динига эргашганман. Биз учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир” [Юсуф: 38], “Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшдик”  [Тур: 21].

Адашган аждодлар ҳолатини ҳужжат қилиш мушриклар онгида чуқур ўрнашган бўлиб, улар ушбу ҳужжат билан пайғамбарлар даъватига қарши чиқадилар. Бу ҳақиқатни исботлаш учун ўтган пайғамбарлар билан уларнинг қавмлари ўртасида бўлиб ўтган суҳбатларга қулоқ тутиш кифоя. Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасидаги суҳбатга қаранг: “Қасамки, Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. У: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми”,  деди.  Шунда унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. Фақат сизлардан устун бўлиб олмоқчи, холос. Агар Аллоҳ пайғамбар юборишни хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу Нуҳ айтаётган “Аллоҳ якка-ягонадир”,  деган сўзни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз”, дедилар” [Мўъминун: 23-24]. Солиҳ алайҳиссалом қавми унга шундай дедилар: “Бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?!” [Ҳуд: 62]. Иброҳим алайҳиссалом қавми айтдилар: “Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай бутларга ибодат қилишларини кўрганмиз” [Шуаро: 74]. Фиръавн Мусо алайҳиссаломга айтади: “У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни улар ҳам сенинг Парвардигорингга ибодат қилишмаган эдилар-ку?)” [Тоҳа: 51]. Ва ниҳоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка мушрикларига қарата: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”, деб айтинглар, деган сўзларига жавобан шундай дедилар: “Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона экани ҳақида) сўнгги динда (яъни насроний динида) ҳам эшитган эмасмиз.  Бу фақат бир уйдирмадир, холос” [Сод: 7].

  1. Бугунги кунимиздаги қабрпарастлар келтирадиган шубҳалардан бирига кўра, биргина “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини талаффуз қилишнинг ўзи инсоннинг жаннатга киришига кифоядир. Уларнинг ўйлашича, ушбу калимани айтган киши ҳар қандай ишларни қилса ҳам кофир бўлмайди. Улар бу даъвони исботлаш учун шаҳодатни нутқ қилган кишининг дўзахга кириши ҳаром экани тўғрисидаги ҳадисларни далил қиладилар. Ҳолбуки, бу ҳадисларнинг зоҳирий маъносинигина тушуниш тўғри бўлмай, балки уларни бу борада келган бошқа ҳадисларга қўшиб тушуниш лозим. Зеро, ҳадисларда айтилишича, “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган киши мазкур калиманинг маъносини қалбида эътиқод қилиши ва унинг мазмунига монанд амал қилиши, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсаларни инкор этиши шарт. Итбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини истаб “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган кишининг дўзахга киришини ҳаром қилди” [Муттафақун алайҳ]. Зотан, мунофиқлар ҳам тилларида “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейдилар. Шунга қарамай улар дўзахнинг энг чуқур жойида бўладилар ва уларга “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини талаффуз қилишлари фойда бермайди. Негаки, улар мазкур калима мазмунини дилларида эътиқод қилмайдилар. “Саҳиҳи Муслим” китобида келган ҳадисда шундай дейилади: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деса ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинаётган “худолар”га кофир бўлса, ўшанда унинг мол-мулки ва жони ҳаром – дахлсиз бўлиб, ҳисоб-китоби эса Аллоҳнинг зиммасида бўлади”. Ҳадисдан кўриниб турганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишига мол-мулк ва жон дахлсизлиги таъминланиши учун фақат “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни талаффуз қилиш билан кифояланмай, балки бунинг учун икки нарсани шарт қилдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиш ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган “худолар”га кофир бўлиш – уларни инкор этиш. Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳ” десада, ўликларга ибодат қилиш ва мақбараларга сиғинишни тарк қилмаган кимсанинг мол-мулки ва жони ҳаром бўлмас экан.

  2. Қабрпарастлар “осилиб олган” шубҳалардан яна бири – модомики Муҳаммад алайҳиссалом уммати “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули”, деб гувоҳлик беришган экан уларда ширк содир бўлмайди, деган даъво. Уларнинг фикрича, мақбара ва хонақоҳларда содир бўлаётган ўликларга сиғинишлар, Аллоҳни қўйиб уларга дуо-илтижо қилишлар ширк саналмас экан.

Уларнинг ушбу шубҳаларига жавоб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом умматида яҳуд ва насороларга ўхшашлик, уларга эргашишлик юз беришини айтиб кетганлар. Яҳуд ва насоролар Аллоҳни қўйиб ўзларининг олим ва роҳибларини “худо” қилиб олган эдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан бир қабила мушрикларга қўшилиб кетмагунча ва кўп жамоатлар бут-санамларга сиғинмагунларича қиёмат қойим бўлмаслигини башорат берганлар. Дарҳақиқат, ислом умматида ширк ва бидъат-хурофотлардан иборат талай бузуқ эътиқодлар, адашган фирқа ва тоифалар пайдо бўлдики, уларга эргашган кўплаб одамлар диндан чиқиб қолдилар. Ҳолбуки, уларнинг барчаси “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули”, деб гувоҳлик берадилар!

  1. Қабрпарастлар маҳкам ушлаб олган шубҳалардан яна бири шафоат масаласидир. Айтишларича, улар Аллоҳни қўйиб авлиё ва солиҳлардан ҳожатларини қондиришни сўрамайдилар, балки улардан Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилишларини хоҳлайдилар. Негаки, авлиёлар тақводор ва Аллоҳ наздида обрў-эътиборга лойиқ зотлардир. Шу боис уларнинг ҳурмати ва шафоатини ўртага қўйиб Аллоҳдан сўраймиз дейдилар.

Бироқ уларнинг бу даъволари собиқ мушриклар ўз қилмишларини оқлаш учун айтган баҳонанинг айнан ўзидир. Шунга қарамай Аллоҳ таоло уларни кофирга чиқариб, мушриклар деган эди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: “У зотдан ўзга “дўстлар”ни “худо” қилиб олган кимсалар: “Биз уларга фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз”,  дерлар” [Зумар: 3] ,  “Улар Аллоҳни қўйиб,  ўзларига зиён ҳам,  фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва:  “Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг шафоатчиларимиз”,  дейдилар” [Юнус: 18].

Шафоат ҳақ, бироқ у ёлғиз Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг:  “Барча шафоат ёлғиз Аллоҳникидир” [Зумар: 44]. Шафоат Аллоҳдан сўралади, ўликлардан эмас. Чунки Аллоҳ таоло фаришталардан ҳам, анбиёлардан ҳам ва улардан бошқалардан ҳам шафоат талаб қилишга рухсат бермади. Сабаби, шафоат Аллоҳнинг мулки бўлиб, ким бўлишидан қатъий назар шафоат қилиши учун Аллоҳдан рухсат сўралади. Ҳолат дунё ҳаётидаги ўзаро одамлар орасидаги шафоат – ўртага тушишдан фарқлидир. Дунёдаги ҳукмдорлар ён-атрофларидаги шафоатчи – “ўртакаш”ларга муҳтож бўлганлари сабаб, шафоат қилинувчи шахсни ёқтирмасалар ҳам ва шафоатчилар улардан берухсат ўртага тушсалар ҳам уларнинг шафоатини қабул қилаверадилар. Чунки улар ёрдамчи вазирларга муҳтождирлар. Аллоҳ таолога нисбатан ҳолат бошқача: Унинг рухсатисиз ва шафоат қилинувчи шахсдан розилигисиз Унинг ҳузурида ҳеч кимса шафоат қилолмас. Аллоҳ таоло айтади: “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар борки, уларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас. Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун шафоатга изн берганидан кейингина у шафоатнинг фойдаси тегур” [Нажм: 26].

  1. Қабрпарастларнинг навбатдаги шубҳаларидан бири шуки, улар авлиё ва солиҳларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида ўзига хос ҳурмат-эътибори бор ва биз уларнинг ана шу ҳурмат-эътиборини ўртага қўйиб Аллоҳдан ҳожатларимизни сўраймиз, дейдилар.

Ушбу шубҳага жавоб шуки, мўминларнинг барчаси Аллоҳнинг авлиёлари – дўстларидирлар. Бироқ муайян бир кишини қатъий тарзда “Аллоҳнинг валийси – суйган дўсти”, дейиш учун Қуръон ёки суннатдан далил керак. Шунингдек, Қуръон ва суннат билан бирон кишининг валий экани исбот бўлган тақдирда ҳам, у тўғрида чуқур кетиш ва уни табаррук қилиш жоиз эмас. Негаки, бу ширкка элтувчи воситалардандир. Қолаверса, Аллоҳ таоло бизларни ўртага восита қилмасдан тўғридан-тўғри, бевосита Ўзига дуо-илтижо қилишга буюрган. Чунки ўртага восита қилиш – бу айнан аввалги мушрикларнинг баҳонаси бўлган эди. Улар ўз олиҳаларининг ҳурмат-эътиборини ўртага қўйиб Аллоҳдан ҳожатларини сўраш мақсадида уларни ўзлари билан Аллоҳнинг ўртасида шафоатчи ва воситачилар қилиб олган эдилар. Аллоҳ таоло эса уларнинг бу ишларини қаттиқ қоралаб, уларни мушрикка чиқарди.

Изоҳ қолдиринг