Умар ибн Абдулазиз (4)

0

(давоми)

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг зурриётидан бўлган бу йигит  ўша асрнинг катта уламоларига шогирд тушиб, Аллоҳнинг Каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ҳамда шариат илмини мукаммал ўрганди. Ёш бўлишига қарамай, ўз давридаги Шом уламоларининг аввалги сафларидан ўрин олди. Ривоят қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Шомнинг олиму қориларини жамлаб: “Сизларни йиғишимдан мақсад, мендан аввал аҳли байтимиз одамлардан ноҳақ олиб қўйган бу моллар ҳақида сўрамоқчи эдим, шунга нима дейсизлар?” деди. Улар: “Эй мўминларнинг амири, бу иш сиз халифа бўлишингиздан аввал содир бўлган, шунинг учун бунинг гуноҳи уни ноҳақ олганлар зиммасидадир”, деб жавоб беришди. Аммо Умар ибн Абдулазиз бу жавобдан қониқмади. Олимларнинг ичларида ҳам бу жавобга қўшилмаганлари бор эди, шулардан бири: “Эй мўминлар амири, бу масала ҳақида Абдулмаликни чақириб сўранг, зеро, унинг илми ҳам, ақли ҳам бу ерга чақирилган олимларникидан кам эмас”, деди.

Абдулмалик келгач, Умар ибн Абдулазиз унга: “Амакимизнинг фарзандлари одамлардан зулм билан олиб қўйган бу мол-дунё ҳақида нима дейсан? Буларнинг эгалари келиб, молларини талаб қилишмоқда, ҳақиқатда, биз бу моллар уларнинг ҳаққи эканини биламиз”, деди. Абдулмалик: “Модомики, бу моллар одамларнинг ҳаққи эканини билсангиз, уни қайтариб бериш керак, чунки сиз билиб туриб уни эгаларига олиб бермасангиз, улардан зулм билан олиб қўйганларга шерик бўлиб қоласиз, деб ўйлайман”, деб фикрини билдирди. Буни эшитган Умар ибн Абдулазизнинг кўнгли ёришиб, қалби таскин топди ва шу билан уни ўйлантираётган масала ҳал бўлди.

Умарлар авлоди бўлган бу йигит мусулмон ҳудудларни қўриқлаш мақсадида боғу роғлар, соя-салқинлар ва зилол сувларга бой бўлган Дамашқни ташлаб, Шомнинг чегарага яқин бир қишлоғида яшашни ихтиёр этди. Умар ибн Абдулазиз ўғлининг солиҳ ва муттақий йигит эканини билса-да, уни шайтон васваса қилиб қўйишидан ёки болалик инжиқлиги домига тортиб қўйишидан қаттиқ ҳадиксираб, ўғлининг ҳар бир ҳолатини билиб туришга ҳаракат қилар, бундан асло эринмас эди. Бу ҳақда Умар ибн Абдулазизнинг вазири ва маслаҳатчиси қози Маймун ибн Меҳрон шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига кирдим. У ўғли Абдулмаликка охиратни эслатувчи, жаҳаннам азобидан қўрқитиб, жаннат роҳатлари билан шодлантирувчи, насиҳатга тўла мактуб ёзаётган экан. Мана, мактубда битилган сатрлардан баъзилари: “Аммо баъд… Эй ўғлим, менинг насиҳатларимни ёдда тутиш ва сўзларимни идрок қилишга энг ҳақлиси сендирсан. Аллоҳ таоло ишларнинг катта-ю кичигида бизларга кўп яхшиликлар ато этди, бу учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бас шундай экан сен ўзингга ва ота-онангга бўлган Аллоҳнинг фазлу марҳаматини доим ёдингда тут. Кибр-ҳаво ва ўзни катта олишдан сақлан, чунки бу ишлар шайтоннинг амалидан бўлиб, шайтоннинг ўзи эса мўминларнинг очиқ душманидир. Мен бу хатни сендан бирон ножўя иш хабари етгани учун ёзганим йўқ – Аллоҳ сақласин – мен сенда фақат яхшиликни биламан, холос, фақат ўзингга бир оз юксак баҳо бериб юборганинг хабари етиб қолди. Агар сендаги бу ҳолат мен ёмон кўрган даражага етган бўлса, сен ҳам мендан ёмон кўрган нарсангни кўрасан…” Сўнг Умар  ибн Абдулазиз менга ўгирилиб: “Эй Маймун ибн Меҳрон, ўғлим Абдулмаликка нисбатан қалбимда кучли муҳаббат бор. Мана шу муҳаббат ундаги асл ҳолатни идрок қилишдан ғолиб келиб, кўпгина оталарда бўлган болаларининг айбини кўра олмаслик балоси менга ҳам етиб қолишидан қўрқаман. Сиз Абдулмаликнинг олдига бориб, ундаги яширин ҳолатлардан хабар топишга урининг. Унда кибр-ҳаво ва фахрланиш каби иллатлар борми-йўқми, шуни кузатинг. Чунки ҳали ёш бўлгани учун уни шайтон васваса қилиб қўйишидан хавотирдаман”, деди.

Маймун ибн Меҳрон айтади: “Отни қамчилаб Абдулмалик томон йўл олдим. Етиб боргач, изн сўраб, ҳузурига кирдим. Қарасам, ёш, навқирон, хушрўй ва ниҳоятда камтарин йигит экан. У жундан қилинган тўшакда ўтирар эди. Мени илиқ кутиб олиб, сўз бошлади: “Отамдан сиз ҳақингизда жуда кўп яхши гапларни эшитганман, сиздан фойдаланиб қолиш ниятидаман”. Мен: “Қандайсиз, аҳволингиз не?” деб сўрадим. У: “Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан яхши юрибман. Аммо отамнинг мен ҳақимдаги яхши фикрлари мени мағрурлантириб юборишидан хавотирдаман. Ҳали мен отам ўйлаётган даражага етганим йўқ. Отамнинг менга бўлган муҳаббатлари мендаги асл ҳолатни билишдан тўсиб қўйиб, отамга офат бўлиб қолишдан қўрқаман”, деди. Мен ота-боланинг сўзи бир хил чиққанига ҳайратландим ва яна сўрашда давом этдим:

– Нимадан тирикчилик қиласиз?
– Ўзимнинг ҳалол пулимга ер сотиб олганман. Шунинг ҳосилидан келаётган фойда эвазига, одамлардан беҳожат бўлиб кун кечирмоқдаман.
– Таомингиз нималардан иборат?
– Баъзида гўшт, баъзида адас (ясмиқ, чечевица, мержимек) билан зайтун, яна баъзида сирка билан зайтун… Мана шулар яшаш учун етарлидир.
– Нафсингизда бирор манманлик, бино қўйиш аломатларини сезмадингизми?
– Ҳа, шулардан бир нав бор эди менда… Отам насиҳат қилиб, нафсимнинг ҳақиқатини тушунтириб, унинг ҳақирлигини кўрсатиб, қадрини пастлатиб қўйганларидан кейин Аллоҳ фойда берди ва у нарсалар мендан кетди. Аллоҳ отамни яхши мукофотлар билан мукофотласин.

Абдулмалик билан бир соатча гаплашиб, суҳбатидан баҳра олдим. Бундай очиқ юзли, ақли комил, ёш бўлишига, тажрибаси оз эканига қарамай, гўзал одобли болани кўрмаган эдим. Кун охирлаб қолганида бир йигит келиб: “Тақсир, бўшатиб қўйдик”, деди. Абдулмалик жим бўлиб қолди. Мен: “Нимани бўшатиб қўйишди?” деб сўрадим. “Ҳаммомни”, деб жавоб берди.

– Қанақасига?
– Одамлардан холи қилиб, менга бўшатиб қўйишади.
– Сал олдин менда катта таассурот қолдириб турган эдингиз, дедим.

У хижолат бўлиб, мусибатда айтиладиган “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимасини айтди. Сўнг: “Бунинг нимаси ёмон, амаки?” деб сўради.

– Ҳаммом сизникими?
– Йўқ.
– Нега унда одамларни ундан чиқартириб юбордингиз. Гўё сиз бу билан ўзингизни улардан устун қўймоқчимисиз ёки қадрингизни кўтармоқчимисиз? Бундан ташқари, сиз ҳаммом соҳибига кунлик дароматида зиён етказасиз, яна ҳаммомга келганларнинг ҳам орзуларини пучга чиқарасиз.
– Ҳаммом соҳибини рози қилиб, кунлик даромадини бераман.
– Бу манманлик аралашган исрофдир. Одамлар билан бирга ҳаммомга киришдан сизни нима тўсади? Сиз ҳам уларнинг бири эмасмисиз?
– Мени одамлар билан бирга киришдан тўсадиган нарса – баъзи нодонлар ҳаммомда авратини ёпмайди, кўзим уларга тушиб қолишини истамайман, шунингдек, уларни авратларини ёпишга мажбурлашни ҳам хоҳламайман, чунки улар буни “ҳокимлик билан зўравонлик қилиш” деб қабул қилишлари мумкин, Аллоҳ таоло бизларни бу салтанатдан, фойда ҳам, зарар ҳам келтирмай, тамоман халос қилишини сўрайман. Аллоҳ сизга раҳм қилсин, менга фойдали насиҳат қилинг, йўл кўрсатинг.
– Ҳаммомга келган барча одамлар чиқиб кетгунларига қадар кутиб туринг, одамлар қолмагач, сўнг кираверинг.
– Ваъда бераман, энди асло кундуз куни ҳаммомга кирмайман. Бу диёрларнинг қаттиқ совуғи бўлмаганида умуман кирмаган бўлар эдим.

Сўнг, бир нарса ўйлаётган одамдек бошини эгиб қолди, бир оздан кейин менга юзланиб: “Сиздан ўтиниб сўрайман буни отамга айтманг, чунки мен отамнинг мендан ғазабланиб қолишларидан ва мен розиликларини ололмай, ажал ўртамизни ажратиб қўйишидан қаттиқ қўрқаман”, деди.

Мен Абдулмаликдан бу гапни эшитгач, ақлини синаб кўриш мақсадида: “Агар мўминларнинг амири: “Ўғлимда бирон ножўя иш кўрдингизми?” деб сўрасалар, ёлғон гапиришимга рози бўласизми?” дедим. У: “Йўқ, асло, Аллоҳ сақласин, лекин сиз: “Мен унда биргина ножўя ишни кўриб насиҳат қилиб қўйган эдим, дарҳол ундан қайтди”, десангиз, отам сиз яширган нарсани ошкор қилишингизни сўрамайдилар, зеро, Аллоҳ яширган нарсани кавлаштиришдан отамни Аллоҳ пок қилган”, деди”.

Маймун ибн Меҳрон: “Мен ҳаётимда бундай ота-болани кўрмадим, уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, дейди.

Хулафои рошидинларнинг бешинчилари Умар ибн Абдулазиздан Аллоҳ рози бўлсин ва уни рози қилсин… Қабрларини ва ҳамда жигарбанди, ўғли Абдулмаликнинг қабрини мунаввар айласин…

Рофиқул-аълода кўришадиган Кунда уларга саломлар бўлсин…

Яхши, солиҳ мўминлар билан қайта тириладиган Кунда уларга саломлар бўлсин…

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг