Умар розияллоҳу анҳу: исми насаби ва оиласи

0

Исми, насаби, куня ва лақаблари

Исми Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Райёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Раззоҳ ибн Удай ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб Қураший Адавий. Насаби Луай ибн Ғолибда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади. Куняси Абу Ҳафс, Маккада исломини ошкора қилиб Аллоҳ таоло у сабабли куфр ва иймон ўртасини ажратгани учун Форуқ лақабини олган.

Туғилган йили ва ташқи кўриниши

Умар розияллоҳу анҳу Фил йилидан 13 йил кейин дунёга келган. Ташқи кўринишига келсак ранги қизил аралаш оппоқ, яноқлари, бурун ва кўзлари келишган, оёқ-қўллари катта, узун бўйли ва чайир, кал, худди бирор ҳайвонга миниб олгандек ҳаммадан узун бўлиб турар, куч-қувватли эди. Соқолини хинага бўяб юрарди. Мўйлаби ёнга қараб ўсган, юрса тез юрар, гапирса эшиттирар, урса оғритар эди.

Оиласи

Отасининг исми Хаттоб ибн Нуфайл, бобоси Нуфайл ибн Абдулуззо Қурайш оқсоқолларидан эди. Онаcининг исми Ҳантама бинти Ҳошим ибн Муғийра, баъзи ривоятларда Абу Жаҳлнинг опаси деб айтилган. Лекин аксар тарихчилар Ҳантама Абу Жаҳлнинг амакисининг қизи дейишган.

Умар розияллоҳу анҳунинг аёллари ва болаларига келсак, жоҳилиятда Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг синглиси Зайнаб бинти Мазъунга уйланиб, ундан Абдуллоҳ, катта Абдураҳмон ва Ҳафса исмли фарзанд кўрган ва Мулайка бинти Жарвалга уйланиб, ораларида Убайдуллоҳ туғилган ва улар Ҳудайбийя сулҳидан кейин ажрашишган. Шундан кейин Мулайка Абулжаҳм ибн Ҳузайфага турмушга чиққан. Умар розияллоҳу анҳу яна Қурайба бинти Абу Умайя Махзумийга уйланиб, уни ҳам Ҳудайбийя сулҳидан кейин талоқ қилиб юборган. Қурайбага Умар розияллоҳу анҳудан кейин Абдураҳмон ибн Абу Бакр уйланган. Икрима ибн Абу Жаҳл Шомда вафот этганидан кейин Умар розияллоҳу анҳу унинг аёли Умму Ҳаким бинти Ҳорис ибн Ҳишомга уйланди ва ундан Фотима исмли фарзанд кўрди, кейин эса талоқ қилиб юборди. Баъзи ривоятларда талоқ қилмаган, деб ҳам айтилган. Кейин Авс қабиласидан Жамила бинти Осим ибн Собит ибн Абулақлаҳга уйланган. Отика бинти Зайд ибн Амр ибн Нуфайлга ҳам уйланган. Отика олдин Абдуллоҳ ибн Абу Бакрнинг аёли эди. Умар розияллоҳу анҳу вафот этганидан кейин эса Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳугу турмушга чиққан. Зубайрнинг ўғли Иёзнинг онаси Отика, деган гаплар ҳам бор. Валлоҳу Аълам!

Умар розияллоҳу анҳу Умму Кулсум бинти Абу Бакрнинг қўлини сўради. Умму Кулсумнинг ёши кичкина эди. Умар розияллоҳу анҳу Ойша онамиздан маслаҳат сўраб хат ёзди. Ойша онамиз Умму Кулсум билан гаплашганларида у: “Мен хоҳламайман” – деди.

–            Амирул мўмининни хоҳламайсанми?!

–            Ҳа, у камбағал.

Шунда Ойша онамиз Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга жавоб хати ёздилар ва Амр Умар розияллоҳу анҳуни Умму Кулсумдан қайтариб, Али ибн Абу Толибнинг Фотима онамиздан туғилган қизи Умму Кулсумга уйланишни маслаҳат берди ва: “У орқали қариндошчилик риштанг расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланади” – деди. Умар розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳудан қизи Умму Кулсумнинг қўлини сўради. Али розияллоҳу анҳу рози бўлиб, Умар розияллоҳу анҳу Умму Кулсумнинг маҳрига қирқ минг тилла танга берди ва ундан Зайд ҳамда Руқайя исмли фарзандлар кўрди. Умар розияллоҳу анҳу Яманлик Луҳя исмли аёлга ҳам уйланиб, ундан ўртанча Абдураҳмон туғилган, кичик Абдураҳмон туғилган деган ривоят ҳам бор. Лекин Воқидий: “У Умар розияллоҳу анҳунинг хотини эмас, чўриси бўлган” – деган. Хуллас, ҳамма фарзандларининг сони ўн учта: катта Зайд, кичик Зайд, Осим, Абдуллоҳ, катта Абдураҳмон, ўртанча Абдураҳмон, кичик Абдураҳмон, Убайдуллоҳ, Иёз, Ҳафса, Руқайя, Зайнаб ва Фотима. Жоҳилият ва исломда уйланган аёлларининг сони – талоқ қилгани ёки вафот этганлари билан бирга – еттита. Умар розияллоҳу анҳу кўп фарзанд кўриш мақсадида уйланар эди. У: “Мен аёлларга шаҳватни қондириш учун қўшилмайман. Агар фарзанд кўриш мақсадим бўлмаганида, биронта аёлга қарамасам керак эди” ва “Мендан Аллоҳга тасбеҳ айтиб, у зотни зикр қиладиган зурриёдлар қолсин дея ўзимни мажбурлаб аёлимга қўшиламан” – деган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг