Умар розияллоҳу анҳу: Ҳалол савдо ва касб-ҳунар қилишга буюриши

0

Савдогарларни ҳалолҳаромни ўрганишга буюриши

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу савдо-сотиққа доир ҳукмларни билмаган ҳолда бозорда савдо қилиб ўтирадиган одамларни дарралар, “Рибони билмаган одам бозоримизда ўтирмасин!” дер эди.

Бозорларни айланиб юрар эди, айрим тожирларга дарра ўқталиб: “Савдога оид ҳукмларни билган кишиларгина бозоримизда савдо қилсин, акс ҳолда истаса-истамаса рибо еб қўяди”, дер эди[1].

Барча иш Умарнинг эътибори ва назорати остида эди. У бозорлар учун хос, савдо-сотиқни тартибга солиб турадиган, хиёнат, алдов ва эҳтикор-монополияга йўл қўймайдиган, бир томоннинг манфаати иккинчи томон манфаатини босиб кетмайдиган шаклда тижорат тартиб-қоидаларини ўрнатган, ҳар қандай ноҳақликнинг олдини оладиган ва ҳамма нарсани тартибга соладиган мўъжазгина бир қарор чиқариб қўйган эди: «Ким фақиҳ бўлмаса, бозорларимизда тижорат қилмасин!»[2]

Бу худди ҳозирги «Фалон ишни шу соҳада дипломи бўлмаган киши қилмасин» деган мазмунда чиқарилган қонунларга ўхшаб кетади.

Бугун давлатлар бозорларни тартибга солиш ва бошқаришга алоҳида аҳамият беради, бозор ва тижорат ишларини бошқариш мақсадида савдо-саноат палатаси ва шунга ўхшаш ташкилотлар тузилган. Умар розияллоҳу анҳу бу соҳада ҳам илғор эди, бозорларда бошбошдоқликка ўрин қолдирмаган, уларда бошқарувчи ва назоратчилар тайинланган эди. Мисол учун, Сулаймон ибн Ҳасмани бозорлар устидан бошқарувчи қилган, Соиб ибн Язид билан Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъудни Мадина бозорига назоратчи қилган эди, барча бозорлар устидан битта бошқарувчи ва ҳар бир бозорга биттадан назоратчи тайинлаган эди.

Одамларни тирикчилик учун ҳаракат қилишга ва касб-ҳунар ўрганишга буюриши

Умар розияллоҳу анҳу одамларни тирикчилик учун ҳаракат қилишга, ҳалолдан ризқ топишга тарғиб этар эди.

Ҳасан (Басрий)дан ривоят қилинади, Умар: «Ким бир нарсада уч марта тижорат қилса ва ундан бирон фойда топмаса, бошқасига ўтсин», деди.

Умар розияллоҳу анҳунинг шу мавзуда айтган яна бир неча насиҳатларини келтириб ўтамиз:

– ҳунар ўрганинглар, ҳунарга эҳтиёжларинг тушиб қолиши мумкин;

– мана бу савдо-сотиқлар бўлмаса, муҳтож бўлиб, одамлар қўлига қараб қолган бўлар эдинглар;

– бир касб-ҳунар, гарчи бироз арзимас бўлса-да, одамлардан тиланиб юришдан яхшидир;

– сизлардан бирингиз туя сотиб олса, катта ва семизини олсин, яхши чиқмаса ҳам, савдосида зарар кўрмайди;

– эй камбағаллар, бошингизни кўтаринг ва тижорат қилинг, йўлингиз очиқ, одамларга юк бўлманг[3];

– ҳеч бирингиз ризқ талабида ҳаракат қилмасдан, «Эй Аллоҳ, менга ризқ бер», деб ўтирмасин! Биладики, осмондан тилла-кумуш ёғилмайди, Аллоҳ таоло одамларни бир-бирларининиг ризқига сабабчи қилиб қўйган, Аллоҳ таоло шундай деган: «Намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан ризқу рўз истанглар. Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топгайсизлар» (Жумъа сураси, 10)[4].

Умар розияллоҳу анҳу бирор ўсмирни кўрса: “Ҳунари борми?” деб сўрар, агар: “Йўқ”, дейишса, “Бу бола назаримдан тушди”, дер эди[5].

У: “Ажалим менга – Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ташқари – Аллоҳнинг фазлидан ризқ талаб қилиб, эгарда ўтирганимдан бошқа бирон ерда келиши ёқимли эмас”, деди, сўнг қуйидаги оятни ўқиди: «У зот сизларнинг орангизда баъзилар Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан ризқ-рўз истаб ер юзида сафар қилишларини… билди» (Муззаммил сураси, 20).

Умарнинг обрўли мусулмонлар тижоратни  тарк этишларидан қўрқуви

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни бозорга кириб, унда асосан эътиборсиз одамларни кўрди ва бундан хафа бўлди. Одамлар тўплангач, уларга бу ҳақда гапирди ва бозорни бепарво ташлаб қўйишгани учун койиди. Улар: «Аллоҳ фатҳлар ато этиб, бизни бозорда савдо қилиб ўтиришдан беҳожат қилиб қўйди», дейишди. Шунда Умар айтди: «Аллоҳга қасамки, бундай қилсангизлар, эркакларингиз уларнинг эркаклари қўлига, хотинларингиз уларнинг хотинлари қўлига қараб қолади»[6].

У обрў-эътиборли одамларнинг – мужоҳидлардан ташқари – тижоратдан ва ризқ талаб қилишдан ўзларини тортишларига ана шундай хавотир билан қараган эди.

Тунги қўриқчилар (миршаблар) ташкил этиши

Тунги қўриқчилар ҳозирги ички ишлар тизимининг илк кўриниши эди. Тарихчилар зикр этишларича, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида миршаббоши (тунги қўриқчилар бошлиғи) бўлган. Умар ибн Хаттобнинг ўзи ҳам ёнига қули Асламни олиб, миршаблик вазифасини бажарар ва кўпинча Абдураҳмон ибн Авф ҳам унга ҳамроҳ бўлар эди. Миршабнинг вазифаси ўғри-қароқчиларни тўсиб ва ўғирликлар олдини олиб, тунда айланиб юришдан иборат эди.

Мусулмонларни қўриқлаш ишида шахсан иштирок этгани Умар розияллоҳу анҳуга исломий жамият воқелигини яхши билишига ёрдам берди. У қўйган одамлари етказишга тортинган ёки етказмаган нарсаларни ўз кўзи билан кўриш учун Ислом давлатининг пойтахти Мадина кўчаларида тунда айланиб юрар эди. Кечалари айланиб юриши ортидан қанча-қанча муаммоларга барҳам бергани, айрим қонун-қоидаларга ўзгартириш киритгани ёки бутунлай бекор қилгани ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Кейинги мақоламизда улардан айрим мисоллар келтирамиз.

 

[1] Каттоний, «Низомул-ҳукуматин-набавия» (2/17).
[2] «Шаҳидул-меҳроб» (209-бет).
[3] «Низомул-ҳукуматин-набавия» (2/20).
[4] Самарқандий, «Танбеҳул-ғофилин» (211-бет). «Фароидул-калом» (129-бет).
[5] «Низомул-ҳукуматин-набавия» (2/20).
[6] «Низомул-ҳукуматин-набавия» (2/18).

Изоҳ қолдиринг