Умар розияллоҳу анҳу: “Қиёмат куни гуноҳларимни гарданингга оласанми?”

0

 

Гўдакларни эрта сутдан ажратишдан қайтаргани

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлоси (озод этган қули) Аслам айтади: “Мадинага тожирлар карвони келиб, мусаллога[1] тушдилар. Умар розияллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: “Бу кеча уларни қўриқлаб чиқсак, нима дейсан?” деди. У: “Хўп”, деди. Иккови карвонни қўриқлаб, тун бўйи намоз ўқиб чиқишди. Умар карвондагилар томондан гўдак йиғисини эшитди ва у ерга яқинлашиб, боланинг онасига: “Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара”, деб келди. Бола эса йиғидан тўхтай демас эди. Тонг отай деб қолганида Умар боланинг яна йиғлаётганини эшитиб, онасига танбеҳ бериб: “Шўринг қурғур, сен яхши она эмас экансан, боланг туни билан йиғлаб чиқди-я”, деди. Аёл: “Эй Аллоҳнинг қули, мен уни кўкракдан ажратмоқчиман, у эса кўнмай йиғлаяпти”, деди. “Нега кўкракдан ажратасан?” деб сўради Умар. “Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган”, деди у. “Боланг неча ойлик бўлди?” деб сўради. “Фалон ойлик”, деди. “Уни кўкракдан ажратишга шошилма”, деди Умар. Сўнг масжидга келиб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намозда одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олмадилар. Намоздан сўнг Умар: “Умарнинг ҳолига вой бўлсин! Мусулмонларнинг қанчадан қанча болаларига жавр қилибди!” деди. Сўнг жарчига буюриб: “Гўдакларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда туғилган ҳар бир болага нафақа ажратамиз”, деб жар солдирди. Бошқа ўлкаларга ҳам бу ҳақда ёзиб юборди.[2]

Аскарларнинг аҳлидан узоқда қолиш муддатини белгилаб бергани

Умар розияллоҳу анҳу бир куни тунда Мадинани айланиб юрар экан, бир аёлнинг мунгли оҳангда шеър ўқиётган овозини эшитди. Шеърда у ўзининг ёлғизликдан қийналганини, агар Аллоҳдан қўрқмаганида, ҳаромга қўл уриб қўйган бўлишини айтар эди. Умар: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб пичирлади, сўнг унга кийим-кечак ва нафақа юборди, эрига тезда етиб келишини буюриб, мактуб йўллади[3].

Бир ривоятда айтилишича, Умар шу ердан тўғри бориб, қизи – мўминлар онаси Ҳафса розияллоҳу анҳонинг эшигини қоқди. Ҳафса: «Эй амирул мўминин, бемаҳалда келибсиз, тинчликми?» деб сўради. «Қизим, аёл киши эри йўқлигига қанча вақт сабр қилади?» деб сўради. «Икки-уч ой сабр қилади, тўртинчи ойда сабри тугайди», деб жавоб берди Ҳафса. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу аскарларни тўрт ойдан ортиқ ушлаб турмаслик ҳақида фармон битиб, чор тарафга юборди[4].

Қиёмат куни ҳам менинг гуноҳларимни гарданингга оласанми?

Умар розияллоҳу анҳунинг мавлоси Аслам айтади: “Бир куни тунда Умар мени ёнига олиб, Мадинани айлангани чиқди. Айланиб юриб, Воқим тошлоғига[5] келди. Кейин Сирорга етди. У ерда узоқдан оловни кўриб: «Эй Аслам, бу оловни қоронғулик ва совуқдан қийналган йўловчилар ёққан бўлса керак. Юр, улар ёнига борамиз», деди. Илдам юриб, уларга яқинлашдик. Қарасак, гулхан атрофида бир аёл бир неча боласи билан ўтирган экан.  Ўчоққа қозон осилган, болалар тинмай йиғлашар эди. «Ассалому алайкум, эй гулхан эгалари», деди Умар. «Ва алайкум ассалом», деди аёл. «Яқин борсам майлими?» сўради Умар. «Яхши ниятда бўлсанг кел, бўлмаса йўлингдан қолма», деди аёл. Умар яқин бориб: «Аҳволлар қалай?» деб сўради. «Қоронғулик ва совуқ қийнаяпти», деди у. «Болалар нега йиғлашяпти?» деб сўради. «Очликдан йиғлашяпти», деди. «Нима пиширяпсан, қозондаги нима?» деб сўради. «Қозонда сувдан бошқа нарса йўқ. Болаларни овқат пиширяпман, деб алдаяпман. Бир оздан кейин йиғидан чарчаб ухлаб қолишади», деди аёл. Сўнг: «Умар билан бизнинг ўртамизда Аллоҳнинг ўзи ҳакам бўлади», деди. «Худо хайрингни берсин, Умар сизларнинг аҳволингизни қаердан билсин?» деди Умар. «Бизга амир бўлади-ю, аҳволимиз билан қизиқмайдими?!» деди у. Умар менга қаради ва: «Юр, кетдик», деди. Тез-тез юриб, Байтулмолга келдик, Умар у ердан бир халта ун ва кўзада ёғ олди. Сўнг: «Унни елкамга орт, Аслам», деди. «Мен кўтара қолай», дедим. «Йўқ, қиёмат куни ҳам менинг гуноҳларимни гарданингга оласанми? Унни елкамга орт!» деди. Мен халтадаги унни Умарнинг елкасига қўйдим. Сўнгра тез юриб, аёл олдига қайтиб бордик. Умар елкасидаги унни ерга қўйиб, қозонни бўшатди, сўнг унга ёғ солди. Кейин аёлга: «Унни сол, мен қораман», деди. Олов ўчиб қолай деган экан, эгилиб, уни пуфлай бошлади. Мен унинг соқоллари орасидан тутун чиқаётганини кўриб турардим. Таом тайёр бўлгач, Умар аёлдан овқат сузишга идиш сўради. У келтирган лаганга овқатни сузиб: «Буни болаларга едир, мен совутиб тураман», деди. Болаларнинг қорни тўйди. Умар ортган ун ва ёғни аёлга қолдириб, ўрнидан турди. Аёл хурсанд бўлиб: «Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин, халифаликка Умардан кўра сен лойиқроқ экансан», деди. Умар: «Аллоҳ сизларга ҳам яхшиликлар ато этсин. Эртага мўминлар амирининг олдига бор, мени ўша ерда топасан, иншооллоҳ», деди. Сўнг улардан нарироққа кетди ва улар томонга қараб ёнбошлаб ўтирди. Болалар бир-бири билан олишар ва ўйнашар эди. Охири тинчиб, ухлаб қолишди. Умар Аллоҳга ҳамд айтиб, ўрнидан турди. Сўнг менга юзланиб: «Эй Аслам, очлик уларни йиғлатган ва уйқуларига монелик қилган эди. Мен уларнинг тўйганини ва кулишларини кўрмай кетишни истамадим», деди[6].

 

[1] Мусалло – шаҳар ташқарисида ҳайит ва истисқо намозлари ўқиладиган майдон, ийдгоҳ.
[2] «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (7/140).
[3] Ибн Жавзий, «Маноқибу амирил муъминин» (89-бет).
[4] Аввалги манба (89-бет).
[5] Воқим тошлоғи – Мадинанинг икки тарафидаги вулқон отилишидан пайдо бўлган қиррали тошлоқдан бирининг номи.
[6] «Ал-комил фит-тарих» (2/214). «Тарих ат-Табарий» (5/200).

Изоҳ қолдиринг