Умар розияллоҳу анҳу: ҳижрат қилиши

0

Исломни қабул қилишининг даъватга таъсири

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Умар исломни қабул қилганидан кейин хор бўлмадик. У исломга киришидан олдин Каъбани тавоф қила олмас, Масжиди Ҳаромда намоз ҳам ўқий олмас эдик. Умар исломни қабул қилганидан кейин мушриклар билан жанжаллашаверди. Охир-оқибат, улар бизни тинч қўйишди. Шундан кейин Каъбани тавоф қилиб, Масжиди Ҳаромда намоз ўқий бошладик”[1]. Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Умар исломга кириши билан ислом зоҳир бўлиб, ошкора даъват қилина бошланди. Биз Каъбани тавоф қилиб, унинг олдида ўтира оладиган бўлдик. Бизга зулм қилганлардан адолат талаб қилиб, унга керакли жавобни бера оладиган бўлдик”[2].

Исломни қабул қилган вақти

Умар розияллоҳу анҳу ваҳий келишининг олтинчи йили, зулҳижжа ойида 27 ёшида исломни қабул қилди. Бу воқеа Ҳамза розияллоҳу анҳу исломга киришидан уч кун кейин бўлган эди. Ўша вақтда мусулмонлар ўттиз тўққиз нафар эдилар. Бу ҳақда Умар розияллоҳу анҳунинг ўзи шундай дейди: “Мен исломга кирганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўттиз тўққиз киши иймон келтирган экан. Мен уларнинг қирқинчиси бўлдим…”. Баъзи ривоятларда келишича, Умар розияллоҳу анҳу исломга кирганида мусулмон эркакларнинг сони қирқдан ортиқ, аёлларнинг сони эса ўндан ортиқ бўлган. Бироқ Умар розияллоҳу анҳу уларни билмаган. Сабаби, аксар мусулмонлар мушриклардан, хусусан Умар розияллоҳу анҳу каби мусулмонликка қаттиқ қарши турганлардан исломни қабул қилганларини яширишган. Умар розияллоҳу анҳу “мен уларнинг қирқинчиси бўлдим”, деган гапларида аёлларни инобатга олмаган. Негаки, аёллар заифликлари туфайли динга ва мусулмонларга ёрдам бера олишмагани учун уларнинг сони қанча эканининг деярли аҳамияти бўлмаган.

Ҳижрат қилиши

Умар розияллоҳу анҳу ҳижрат қилишини мушрикларга билдириб қўйишни хоҳлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу ҳақда шундай дейди: “Али ибн Абу Толиб менга шундай деди: “Умар ибн Хаттобдан ташқари мен билган муҳожирларнинг барчалари беркиниб ҳижрат қилишди. Умар ҳижрат қилишидан олдин қиличини тақиб, камонини елкасига осиб, қўлига камон ўқларини олди ва калтагини қисқартириб олди-да, Каъбанинг олдига келиб, шошмасдан етти марта тавоф қилди. Қурайшликлар Каъбанинг яқинида ўтиришар эди. Ҳар бир гуруҳнинг олдига бирма-бир бориб, уларга: “Аллоҳ таоло сизларни хор қилсин! Ким онаси бефарзанд, болалари етим, хотини тул қолишини хоҳласа, бу тепаликнинг орқасида менинг олдимга чиқсин” – деб чиқди, лекин ҳеч ким унинг олдига чиқишга журъат қила олмади””.

(Давоми бор)

[1] “Фазоилус саҳоба” (1/344).

[2] “Ат-табақотул кубро” (3/269).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг