Умар розияллоҳу анҳу: Ҳижрий тарих йўлга қўйилиши ва амирулмўъминин номини олиши

0

Ҳижрий йил ҳисоби бошланиши

Ҳижрий йил ҳисобини биринчи бўлиб йўлга қўйган Умар розияллоҳу анҳу бўлди. Бунинг сабаби ҳақида бир қанча ривоятлар келтирилади. Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттобга шаъбон ойига тегишли бир васиқа келтирилди. Шунда Умар: “Бу ўтган шаъбонми, келаси шаъбонми ё ҳозирги шаъбонми?”, деб сўради. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини йиғиб, уларга: “Одамлар учун аниқ-тиниқ бир йил ҳисоби қилинглар”, деди. Кимдир румликлар йил ҳисобини олайлик, деди. Унга жавобан бу жуда узун тарих эканини, улар Зулқарнайн давридан йил ҳисоби олишгани айтилди. Кимдир форслар йил ҳисобини олайлик, деди. Унга, қачон улардан бир подшоҳ тахтга чиқса, ўзидан аввалги барча нарсани йўққа чиқаради, дейилди. Охири саҳобаларнинг фикри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қанча турганларини аниқлашга тўхтади. У зот ўн йил турганларини аниқлашди, шундан сўнг йил ҳисобини у зотнинг ҳижратларидан бошладилар[1].

Усмон ибн Убайддан ривоят қилинишича, Саид ибн Мусайяб шундай дейди: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу муҳожирлар ва ансорларни йиғиб: “Тарихни (йил ҳисобини) қачондан белгилаймиз?”, деб сўради. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширк еридан чиқиб, ҳижрат қилган кунларидан”, деди. Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб шу вақтдан йил ҳисобини ёздирди[2].

Саид ибн Мусайяб айтади: Биринчи бўлиб йил ҳисобини ёздирган Умар ибн Хаттоб бўлди. Халифалигидан икки ярим йил ўтганида у Али ибн Абу Толиб маслаҳати билан муҳаррамнинг ўн олтинчи куни тарихни ёздирди[3].

Ибн Ҳажар саҳобаларнинг йил ҳисоби бошланишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратлари амалга ошган рабиул аввалдан қилмасдан, муҳаррам ойидан қилишга иттифоқ қилишгани сабаби ҳақида шундай ёзади: “Умарга маслаҳат берган саҳобалар тарих бошланиши мумкин бўлган муҳим ишлар тўртта, яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган вақтлари, пайғамбар қилиб юборилган  вақтлари, ҳижрат қилган вақтлари ва вафот этган вақтлари эканини айтдилар. Сўнг туғилган ва пайғамбар қилиб юборилган вақтларининг куни аниқ эмаслигини ва бунда ихтилоф борлигини айтишди. Сўнг у зотнинг вафот этган кунлари мусулмонларда қайғу ва аламни қўзғатиши сабабли у кунни рўйхатдан чиқардилар. Натижада, у зотнинг ҳижрат қилган вақтларига тўхталдилар. Уни рабеул аввалдан муҳаррамга кўчирдилар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга қарорни муҳаррам ойида қилгандилар. Иккинчи Ақаба байъати зул ҳижжада бўлиб ўтганди ва бу ҳижратга қарорнинг муқаддимаси бўлганди. Мазкур байъатдан кейинги, ҳижратга азм қилганларидан сўнг биринчи ҳилол муҳаррам ҳилоли бўлди, шу боис янги тарихни муҳаррамдан бошлашга келишдилар”[4].

Амирулмўъминин номини олиши

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси” деб мурожаат қилинган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафот этиб, унинг ўрнига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, дастлаб уни “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифасининг халифаси” деб атадилар. Кейин мусулмонлар: “Умардан кейин бўладиган халифани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халифасининг халифасининг халифаси деб атаймизми, унда жуда чўзилиб кетади-ку?! Ундан кўра ҳозир бир исмга келишайлик, халифани шу билан атайлик ва ундан кейин келадиган халифалар ҳам шу ном билан чақирилсинлар”, дедилар. Баъзи саҳобалар: “Биз мўминлармиз, Умар бизнинг амиримиз”, дедилар, шундан сўнг уни амирулмўъминин (мўминлар амири) деб аташга келишдилар. У биринчи бўлиб шундай деб аталди[5].

Ибн Шиҳоб айтади: Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу Абу Бакр ибн Сулаймон ибн Хайсамадан: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу мактубини “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси Абу Бакрдан” деб ёзар экан, ундан кейин Умар розияллоҳу анҳу “Абу Бакрнинг халифаси Умар ибн Хаттобдан” деб ёза бошлаган экан. Ким биринчи бўлиб “амирулмўъминин” деб ёза бошлаган?”, деб сўради. У шундай жавоб берди: “Шифо бувим[6] – у дастлабки муҳожирлардан бўлган саҳобия эди – менга сўзлаб беришича, Умар ибн Хаттоб Ироқдаги омилига мактуб йўллаб, эътиборли ва сабр-тоқатли икки кишини менинг ҳузуримга юборгин, улардан мен Ироқ халқининг аҳволи ҳақида сўраб суриштираман, деди. Омил унинг ҳузурига Лабид ибн Рабеа билан Адий ибн Ҳотимни юборди. Улар Мадинага келиб, туяларини масжид ташқарисига боғлаб, сўнг масжидга кирдилар ва у ерда Амр ибн Осни учратдилар. Унга: “Эй Амр, биз учун амирулмўъминин ҳузурига киришимизга изн сўра”, дедилар. Амр кириб: “Ассалому алайкум эй амирулмўъминин”, деди. Умар унга: “Бу номни қаердан олдинг, эй Ибн Ос?”, деганида у: “Лабид ибн Рабеа билан Адий ибн Ҳотим келиб, амирулмўъминин ҳузурига киришимиз учун изн сўра, дедилар. Мен ҳам, валлоҳи, унга энг тўғри исм бердинглар, у бизнинг амиримиз, биз мўминлармиз, дедим”, деди. Шундан кейин “амирулмўъминин” деб ёзиладиган бўлди”[7]. Бир ривоятда: Умар розияллоҳу анҳу: “Сизлар мўминларсиз, мен сизларнинг амирингизман”, деди ва ўзини шу билан номлади[8].

 

[1] “Маҳзус савоб” (1/316).
[2] Ҳоким, “Мустадрак” (3/14).
[3] Заҳабий, “Тарихул ислом” (163-бет).
[4] “Фатҳул борий” (7/268).
[5] Ибн Саъд, “Ат-табақотул кубро” (3/281).
[6] Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адвия, ҳижратдан олдин мусулмон бўлган.
[7] Ҳоким, “Мустадрак” (3/81). Заҳабий саҳиҳ санаган.
[8] “Маҳзус савоб” (1/312).

Изоҳ қолдиринг