Умар розияллоҳу анҳу: Сиддиқ ўзидан кейин Форуқни халифа қилиб қолдиргани

0

Абу Бакр Сиддиқ умри поёнида бемор бўлиб ётган кунларида ҳузурига одамларни жамлади. Уларга: “Менинг аҳволимни кўриб турибсизлар, шу касаллигимда вафот этсам керак деб гумон қилаяпман. Энди Аллоҳ қўлларингизни менинг байъатимдан бўшатди ва ишингизни ўз қўлларингизда қилди. Сизлар энди ўзингизга маъқул бўлган бир кишини амир қилиб олинглар. Агар менинг ҳаётлик пайтимда амир сайлаб олсанглар мендан кейин ихтилофлашиб юрмайсизлар”, деди. Саҳобалар ўзаро маслаҳатлашдилар, улардан ҳар бири ишни ўзидан четлатиб, бошқа биродари зиммасига юклашга уринди, ўта масъулиятли бу вазифага ўзидан кўра бошқани ҳақлироқ деб билди. Охири бир фикрга келиша олмай, Абу Бакр Сиддиқ олдига қайтдилар ва: “Сиз кимни кўрсатсангиз биз ўшанга розимиз, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси!”, дедилар. “Ундай бўлса, менга фурсат беринглар, мен Аллоҳ учун, Унинг дини ва бандалари манфаати учун бир ўйлаб кўрай”, деди Абу Бакр. Сўнг Абдураҳмон ибн Авфни ҳузурига чорлаб, ундан: “Умар ибн Хаттоб ҳақида нима дейсиз?”, деб сўради. У: “Ўзингиз уни мендан кўра яхшироқ биласиз-ку”, деди. “Шундай бўлса ҳам”, деди Абу Бакр. Шундан сўнг Абдураҳмон: “Аллоҳга қасамки, у сиз ўйлаганингиздан ҳам яхшироқ”, деди. Кейин Абу Бакр Усмон ибн Аффонни чорлаб, Умар ҳақидаги фикрини сўради. Усмон: “Уни ўзингиз мендан яхшироқ биласиз”, деди. “Шундай бўлса ҳам”, деди Абу Бакр. Усмон: “Аллоҳ шоҳид, у ҳақдаги маълумотим шуки, унинг ичи ташидан ҳам яхши, орамизда унга тенг келадигани йўқ”, деб жавоб берди. Абу Бакр: “Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, агар уни танламаганимда ҳам (халифалик) сиздан бошқага ўтмасди”, деди. Кейин Усайд ибн Ҳузайрни чорлаб, унинг Умар ҳақидаги фикрини сўради. Усайд: “Аллоҳ шоҳид, мен уни сиздан кейин энг яхши одам деб биламан, ризоси ҳам, ғазаби ҳам фақат ҳақ учун, ичи ташидан яхши, ҳеч ким бу ишга ундан кўра лойиқроқ эмас”, деб жавоб берди. Абу Бакр Сиддиқ яна Саид ибн Зайд ва бошқа бир неча ансору муҳожир саҳобалар билан ҳам маслаҳатлашиб кўрди. Қарийб ҳаммалари бир овоздан Умар номзодини ёқлаб гапирдилар. Фақат Талҳа ибн Убайдуллоҳ Умар розияллоҳу анҳунинг қаттиққўллигидан хавотирланиб: “Унинг қаттиққўллигини била туриб, ўрнингизга халифа қилсангиз, Раббингизга нима деб жавоб берасиз?!”, деди. “Мени ўтиргизинглар”, деди Абу Бакр, сўнг: “Мени Аллоҳ билан қўрқитасизларми?! Сизларнинг ишингиз борасида зулмни охиратга зоди роҳла (йўл озуқаси) қилиб олиб кетиш қадар зиёнкорлик бўлмас! Мен Раббимга: “Ё Аллоҳ! Мен уларга энг яхши бандангни халифа қилиб келдим”, дейман”, деди. Сўнг Умарнинг қаттиққўллиги боисини баён қилиб: “У менинг ўта кўнгилчанлигимни кўрганидан қаттиққўллик қилиб туради. Иш ўз зиммасига тушганидан кейин ҳозирги кўп феъл-атворидан воз кечади деб ишонаман”, деди[1]. Сўнг бутун шаҳар-қишлоқларда одамларга ўқиб эшиттириш учун қуйидаги фармонни ёздирди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Абу Бакр ибн Абу Қуҳофанинг дунё ҳовлисидан охирги қадамини ҳатлаб, унда кофиру фожир ҳам иймон келтирадиган, ёлғончи ҳам рост сўзлайдиган охират ҳовлисига илк қадамини қўяр чоғида қилаётган аҳди-фармонидир. Мен сизларга ўзимдан кейин Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Мен Аллоҳ ва Расули учун, Унинг дини учун, ўзимга ҳам, сизларга ҳам яхши бўлиши учун имконим борича ҳаракат қилдим, бор кучимни аямадим. Агар у адолатли бўлса (айни муддао), менинг у ҳақдаги гумоним ва илмим шу, аслида. Агар бошқача бўлса, ҳар бир кишининг қилган гуноҳи ўз бўйнига. Мен бу ишни яхшилик истаб қилдим, ғайбни билмайман. “Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар” [Шуаро: 227]”[2].

Ўз ўрнига Умарни қолдириши Абу Бакрнинг умматга қилган охирги яхшилиги бўлди. У мол-дунёнинг ёпирилиб келаётганини кўриб турарди, қавмида эскидан муҳтожлик ва фақирлик борлигини биларди. Агар улар дунёга мойил бўлиб қолсалар, унинг шаҳватларига асирга айланиб қолишларидан, дунё уларни тамоман ўзига қул қилиб олиши мумкинлигидан хавотир оларди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундан огоҳлантирган эдилар. У зот: “Қасамки, мен сизларга камбағаллик зараридан қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу сизларни ҳам уларни ҳалок қилгани каби ҳалок қилишидан қўрқаман”, деганлар[3].

Абу Бакр дардни кўра билди ва унга қарши фойдали давони бера олди. Дарҳақиқат, Умар розияллоҳу анҳу анча-мунча куч ўрнидан қўзғатолмайдиган улкан тоғ эди, дунё уни ўз домига тортишдан умиди узилиб, ортига қараб кетарди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Ибн Хаттоб, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизнинг йўлингиздан чиқиб қолса, албатта бошқа йўлга юриб кетади[4]”, деган гувоҳликларига эришган зот эди.

Дарҳақиқат, уммат бошига келган аламли ҳодисалар Умарнинг қатл этилиши ортидан бошланди. Шунинг ўзи ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фаросати нақадар ўткирлигига ва Умарни ўзидан кейин халифа қилиб қолдириши тўғри бўлганига энг яхши шоҳиддир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Одамларнинг ақлу фаросатда энг кучлиси уч кишидир: 1) Мусо воқеасидаги отасига: “Эй ота, уни ишга ёлланг. Зеро, сиз ёллайдиганлар ичида энг яхшиси кучли, ишончли кишидир[Қасас: 26] деб айтган қиз; 2) Юсуф ҳикоясидаги: “Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз” [Юсуф: 21] деган киши; 3) Ўзидан сўнг Умарни халифа қилиб қолдирган Абу Бакр”[5]. Умар умматни  улкан фитналар долғасидан тўсиб турган мустаҳкам тўғон бўлган эди.

Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг бу қароридан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни хабардор қилди. Умар қабул қилишдан бош тортган эди, унга қилич билан пўписа қилди. Умарнинг олдида ушбу масъулиятли вазифани қабул қилишдан бошқа чора қолмади[6].

Сиддиқ ўзидан кейин одамлар ичида ҳеч қандай шубҳа-гумонлар қолмаслиги учун уларга ўзининг қарорини ўз тили билан етказишни истади. У одамлар олдига чиқиб: “Мен сизларга кимни халифа қилиб қолдирсам, шунга рози бўласизларми? Мен, Аллоҳга қасамки, бу учун бор имконимни сарфладим, ақлу кучимни аямадим. Бу ишга ўз қариндош-уруғимдан бирон кишини танламадим. Мен сизларга Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Сизлар унга қулоқ солиб, итоат қилинглар”, деди. Одамлар: “Эшитдик ва итоат этдик”, дедилар[7]. Сўнг Сиддиқ Аллоҳга дуо-илтижо билан юзланиб: “Эй Аллоҳ, мен уни пайғамбарингнинг амрисиз волий қилдим, мен бу билан фақат уларнинг яхшиликларини кўзладим, уларга фитна етишидан қўрқдим, уларга фикрим билан ижтиҳод қилдим, улар учун ичларидан энг яхшисини ва уларга барча ишларда ўрнак ва намуна бўлувчи бир кишини волий қилдим. Менга сенинг амрингдан етган нарса (ажалим) етиб турибди, мен ўзимдан сўнг уларга Сени қолдирдим, улар Сенинг бандаларинг”[8].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу фармонни муҳрлагач, унинг ҳеч қандай салбий асоратларсиз амалга ошишига ишонч ҳосил қилиш учун кўзи очиқлигидаёқ уни одамларга ўқиб эшиттиришни ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу учун байъат олишни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга топширди. Усмон одамларга хитоб қилиб: “Мана шу фармонда айтилган кишига байъат берасизларми?”, деди. Ҳамма бир овоздан “Ҳа”, деб жавоб бердилар, барча шунга рози бўлди[9]. Фармон ўқиб эшиттирилгач, одамлар Умар ибн Хаттобга келиб, байъат бердилар.

Кейин Сиддиқ ўз зиммасини фориғ қилиш ва бор куч-имкониятини сарфлаганидан кейин Рабби ҳузурига ҳар қандай жавобгарликдан холи бўлиб йўл олиш учун Форуқ билан ёлғиз қолиб, унга бир қанча васиятлар қилди. Унинг васиятида жумладан, шу сўзлар бор эди:

“Эй Умар, Аллоҳдан қўрқинг! Билингки, Аллоҳ учун кундузда қилинадиган амал борки, кечаси уни қабул қилмайди. Аллоҳ учун тунда қилинадиган амал борки, кундузи уни қабул қилмайди. Фарз ибодатларини адо этилмагунча нафл ибодатларингиз мақбул бўлмайди. Қиёмат куни кишининг тарозиси оғир келиши фақат бу дунёда ҳаққа эргашиши туфайли ҳосил бўлади. Тарозиси енгил келиши эса ботилга эргашиши туфайли бўлади. Аллоҳ таоло мўминларда рағбат ҳосил бўлиши учун раҳмат оятини, қўрқув ҳосил бўлиши учун эса азоб оятини зикр этди. Токи банда умид ва қўрқув ўртасида бўлсин, Аллоҳга нисбатан хом хаёлларга ҳам берилмасин, Унинг раҳматидан бутунлай умидсиз ҳам бўлмасин. Аллоҳ таоло жаннат аҳлини зикр қилар экан, уларни яхши амалллари билан зикр қилди ва ёмонликларидан кечди. Уларни эсга олганимда мен улар сафига қўшила олмасликдан қўрқаман. Аллоҳ таоло дўзах аҳлини зикр қилар экан, уларни ёмон ишлари билан тилга олди ва яхшиликларини рад қилди. Мен уларни эсга олганимда, ўшалардан бўлиб қолмасликни орзу қиламан. Агар ушбу васиятимни ёдда тутсангиз, ғайб нарсалар ичида сиз учун ўлимдан суюклироғи бўлмайди. Ҳолбуки, ўлимдан қочиб қутулиб бўлмайди. Агар бу васиятимни зое қилсангиз, ғайб нарсалар ичида ҳеч нарса сиз учун ўлимдан кўра манфурроқ бўлмайди. Ҳолбуки, ўлим муқаррар, ундан қочиб қутилиш имконсиз.[10]

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг бевосита мўминлар халифаси сифатида ўз вазифасини адо этишга киришди.

Эътибор берган бўлсангиз, Абу Бакр Сиддиқ халифаликка Умар ибн Хаттоб номзодини кўрсатиши то кўпчиликнинг розилигига эришмагунича шаръий кучга эга бўлмади. Ўшанда Абу Бакр одамлардан ўзларига янги халифа сайлашларини талаб қилганида улар бу ишни унинг ихтиёрига топшириб, сиз кимни ихтиёр этсангиз биз шунга розимиз, деб айтишди. Шундан сўнг Абу Бакр катта саҳобалардан бир нечалари билан маслаҳатлашиб, ҳар бирларидан алоҳида-алоҳида фикрларини сўраб билганидан кейин бир қарорга келди ва уларнинг Умар номзодини бир овоздан қўллашларига ишонч ҳосил қилганидан кейингина ўз қарорини эълон қилди. Демак, Абу Бакрнинг бу қарори умумхалқ фикрини уларнинг хос кишилари орқали ўрганиб билганидан кейингина содир бўлди, унинг бу қарори умматнинг қўлловидан кейингина шаръийлик касб этди. Негаки, ҳоким сайлаш умматнинг ҳаққи, халифа эса уммат ваколати билан фаолият олиб боради ва халқнинг розилигига эришиши зарур. Шунинг учун ҳам Абу Бакр одамларга: “Мен сизларга кимни халифа қилиб қолдирсам, шунга рози бўласизларми? Мен, Аллоҳга қасамки, бу учун бор имконимни сарфладим, ақлу кучимни аямадим. Бу ишга ўз қариндош-уруғимдан бирон кишини танламадим. Мен сизларга Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Сизлар унга қулоқ солиб, итоат қилинглар”, деди. Одамлар эса: “Эшитдик ва итоат этдик”, дедилар[11].  Абу Бакрнинг: “Мен сизларга кимни халифа қилиб қолдирсам, шунга рози бўласизларми?” деган сўзларидан аслида иш уммат қўлида экани ва уммат бу хусусда асосий ҳақ эгаси экани маълум бўлади[12].

Умар розияллоҳу анҳу халифаликка ҳал ва ақд эгаларининг (яъни муҳим қарор қабул қилишга лаёқатли кишиларнинг) иттифоқи билан тайин бўлди. Ўшалар Абу Бакрга бир кишини халифаликка танлаш ваколатини бердилар ва уни бу иш учун ўзларидан вакил қилдилар. У аввал бир неча бор кенгаш ўтказиб, шундан кейингина халифа тайин қилди. Кейин бу қарорини халққа маълум қилиб, уларнинг қўлловини ва розилигини олди. Уммат ичидаги ҳал ва ақд эгалари ушбу умматнинг табиий вакилларидир. Демак, Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликка тайин қилиниши шўронинг энг тўғри ва энг адолатли услубига кўра амалга ошгани маълум бўлди[13].

Абу Бакр Сиддиқнинг ўзидан кейинги халифани тайинлаш йўлида қўйган қадамлари гарчи илгари Абу Бакрнинг халифа қилинишидаги чора-тадбирлардан фарқли кечган эса-да, ҳар қандай ҳолда ҳам бу иш шўрога мувофиқ иш бўлди. Ҳоказо, Умар розияллоҳу анҳунинг халифалигига байъат шўро ва иттифоқ орқали амалга ошди[14].

[1] Ибн Асир, “Комил” (2/79).
[2] Заҳабий, “Тарихул ислом” (116, 117-бетлар)
[3] Бухорий (3158).
[4] Бухорий (3683).
[5] “Мажмауз завоид” (10/268).
[6] “Маосирул инофа” (1/49).
[7] “Тарихи Табарий” (4/248).
[8] Ибн Саъд, “Табақот” (3/199).
[9] Ибн Саъд, “Табақот” (3/200).
[10]  Ибн Жавзий, “Сифатус софва” (1/264).
[11] “Тарихи Табарий” (4/248).
[12]  “Ал-қуюдул ворида ала султатид давла фил ислам” (172-бет).
[13] Али Тантовий, “Абу Бакр Сиддиқ” (237-бет).
[14]  “Диросот фий аҳдин нубувва вал хилофатир рошида” (272-бет).

Изоҳ қолдиринг