Умар розияллоҳу анҳу: Умар Форуқнинг баъзи хислатлари (4)

0

Ҳалимлиги

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Уяйна ибн Ҳисн Мадинага келиб, жияни Ҳур ибн Қайснинг уйига тушди. Ҳур Умар розияллоҳу анҳу ўзига яқин оладиган кишилардан эди. Зотан Умарнинг мажлислари ва кенгашларида асосан қорилар иштирок этар, бунда уларнинг ёшлари орасидаги фарқ эътиборга олинмас эди. Уяйна жиянига: “Эй жиян, сенинг амирга яқинлигинг бор экан, унинг ҳузурига киришимга изн сўрай оласанми?”, деди. Ҳур Уяйна учун изн сўраган эди, Умар розияллоҳу анҳу унинг киришига изн берди. Уяйна Умар ҳузурига кира солиб: “Ҳой Ибн Хаттоб, қасамки, сен бизни мўл-кўл бойликлар билан сийламаяпсан, бизга адолат билан ҳукм қилмаяпсан”, деди. Умар ғазабланиб, унинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлганида Ҳур унга: “Эй амирулмўъминин, Аллоҳ таоло пайғамбарига: “Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!” [Аъроф: 199] деган. Бу ҳам ўшандай жоҳиллардан”, деди. Аллоҳга қасамки, Умар ушбу оятни эшитиб таққа тўхтади, у Аллоҳнинг китобида келган нарсада тўхтарди[1]. Мазкур ояти каримани эшитибоқ Умарнинг ғазаби тинди ва уни бахилликда айблаш билан хулқини ва зулм билан тақсим қилишда айблаб динини камситган кимсадан юз ўгирди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомда Жобияда хутба қилганида моллар, уларнинг тақсими ва бошқа ишлар ҳақида сўзлаб, жумладан шундай деди: “Мен сизларга Холид ибн Валид ҳақида маъзурлигимни айтмоқчиман. Мен унга бу молларни заиф муҳожирларга сақлаб қўйишини буюргандим, у куч-қувватли, обрўли ва тилли кишиларга бериб юборибди. Мен уни бўшатдим ва ўрнига Абу Убайда ибн Жарроҳни амир қилдим”. Шунда Амр ибн Ҳафс ибн Муғийра туриб: “Эй Умар, қасамки, сен маъзур эмассан. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мансаб берган кишини бўшатдинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суғурган қилични қинига қайтардинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиклаган ишни йиқитдинг, қариндошлик алоқасини уздинг ва амакиваччага ҳасад қилдинг”, деди. Умар босиқлик билан унга: “Сен яқин қариндошисан, ёш ва қизиққонсан, амакиваччанг учун ғазабланяпсан”, деди[2].

Оила аъзоларига муносабати

Умар розияллоҳу анҳу: “Имом Аллоҳга қай даражада итоат этса, одамлар унга шу даражада итоат этадилар. Агар имом бўшашса, раият ҳам бўшашиб кетади”, дерди[3]. Шунинг учун у ўз нафсини ва оила аъзоларини қаттиқ тергарди. Чунки ҳамманинг кўзи у томонга қараб турганини билар, ўз нафсига қаттиқ тургани билан оила аъзолари кайфу сафо қилиб юрсалар ва у охиратда улардан жавобгар бўлса, бунинг бари бефойда эканини тушунарди. Умар агар одамларни бир ишдан қайтарса, аҳли оиласига келиб: “Мен одамларни шу ишдан қайтардим. Билиб қўйинглар, одамлар сизларни диққат билан кузатиб туришади, сизлар қилсанглар қилишади, тийилсанглар тийилишади. Қасамки, сизлардан бирортангиз мен қайтарган ишни қилиб, ҳузуримга келтирилса, менинг яқин кишим бўлгани учун ҳам унга ортиғи билан жазо бераман. Бинобарин, огоҳлантиришимдан сўнг ҳам ўз билганидан қолмаган қилаверсин, ибрат олганнинг ўзига фойда!”[4], дерди.

Оиласини умумхалқ мулкидан тийиши

Умар розияллоҳу анҳу оиласи ва бола-чақаларига нисбатан ўта қаттиққўл эди, улар устидан назоратни асло сусайтирмасди. Умумхалқ мулки бўлган, ҳамма бемалол фойдаланиши мумкин бўлган нарсалардан ҳам кўпинча уларни ман қиларди, халқ мулкини ўзининг ёки оиласининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатган бўлишдан қаттиқ сақланарди.

Абдулоҳ ибн Умар айтади: Туялар сотиб олиб яйловда боқдим, семиргач бозорга олиб чиқдим. Умар бозорга кириб келиб: “Булар кимнинг туялари?”, деб сўради. “Абдуллоҳ ибн Умарники”, дейишди. Шундан сўнг менга қараб: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар, бай-бай, эй мўминлар амирининг ўғли, қаердан келди бу туялар?”, дея бошлади. Мен айтдим: “Сотиб олиб, бошқа мусулмонларнинг туялари қаторида яйловга чиқардим”. У деди: “Одамлар айтгандир-да, амирулмўъмининнинг ўғлига қарашли туяларни яхшилаб боқинглар, суғоринглар деб?! Эй Абдуллоҳ ибн Умар, сотиб, дастмоянгни олгин-да, қолганини мусулмонларнинг байтулмолига қўй!”[5].

Ўғли Абдуллоҳни Жалулода сотиб олган моллари учун тергагани

Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Жалулода – Форс диёридаги урушлардан бирида – қатнашдим. Ғанимат (ўлжа) моллардан 40 000 (қирқ минг) дирҳамга сотиб олдим. Умар ҳузурига қайтиб келганимда у менга: “Қани айт-чи, агар мени ўтга ташлаймиз десалар ва сенга тўлов тўлаб қутқариб олиш таклиф этилса, мени шу ўтдан қутқариб олармидинг?”, деди. Мен: “Ҳа, сизга озор етказадиган ҳар қандай ёмонликдан сизни қутқариб олишга тайёрман”, дедим. У деди: “Бу молларни сотиб олган пайтингда одамлар сен билан савдолашганини ва: “Бу Абдуллоҳ ибн Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси, амирулмўъмининнинг севимли ўғли”, деб гапиришганини кўриб тургандекман. Дарҳақиқат, сен шундайсан. Улар эса сенга арзонроқ нархда беришни истаганлар. Мен тақсимловчи ва масъулман, мен сенга Қурайш савдогари қиладиган фойдадан кўра кўпроқ фойда бераман, сенга бир дирҳамингга бир дирҳам фойда бераман”, деди. Сўнг савдогарларни чақирди, улар у молни 400 000 (тўрт юз минг) дирҳамга сотиб олдилар. Умар менга 80 000 (саксон минг) берди-да, қолганини Саъд ибн Абу Ваққосга бериб, одамларга тарқатиб юборишини буюрди[6].

Яқин қариндошлиги туфайли фойдадан маҳрум этгани

Аслам айтади: Амирулмўъминин Умар розияллоҳу анҳунинг Абдуллоҳ ва Убайдуллоҳ исмли икки ўғли қўшин сафида Ироққа борганида Басра амири Абу Мусо Ашъарийни зиёрат қилдилар. У уларга: “Сизларга фойда келтирадиган бирор иш қўлимдан келса, албатта қиламан”, деди. Сўнг: “Менинг ихтиёримда байтулмолга тегишли мол (пул) бор, уни амирулмўъмининга юборишим керак эди. Ўшани сизларга берай. Сизлар унга Ироқ товарларидан сотиб олинглар. Мадинага боргач, сотиб, фойдасини олиб қоласизлар ва дастмояни амирулмўъмининга топширасизлар”, деди. Уларга ҳам бу маъқул келди ва унинг айтганидек қилдилар. Абу Мусо Умарга молни улардан қабул қилиб олишини билдириб, мактуб йўллади. Мадинага келганларида Умар у иккисидан: “Ҳамма аскарларга сизларга берганидек мол қарз бердими?”, деб сўради. “Йўқ”, дедилар. “Унда молни ҳам, фойдасини ҳам байтулмолга топширинглар”, деди. Абдуллоҳ сукут қилди, Убайдуллоҳ эса Умарга: “Эй амирулмўъминин, бундай қилишингиз лойиқ эмас, агар молга талафот ё нуқсон етганида, биз уни тўлаган бўлардик”, деди. “Молни топширинглар”, деди яна Умар. Абдуллоҳ индамади, аммо Убайдуллоҳ яна эътироз билдирди. Ўтирганлардан бири Умарга: “Эй амирулмўъминин, шу молни қироз (шерикчиликнинг бир тури) деб ҳукм қилсангиз, қандай бўларкин”, деди. Шундан сўнг Умар дастмоядан ташқари фойданинг ярмини олиб қолиб, қолган ярмини Абдуллоҳ ва Убайдулоҳга берди[7]. Бу исломдаги биринчи шерикчилик савдоси бўлгани айтилади.

 [1] Бухорий (6856, 4366).
[2] “Маҳзус савоб” (2/602).
[3] Муҳаммад Қалъачи, “Мавсуъату фиқҳи Умар ибн Хаттоб” (146-бет).
[4] “Маҳзус савоб” (3/893).
[5] Ибн Жавзий, “Маноқиби Умар” (157-бет).
[6] Заҳабий, “Тарихул ислом” (270-бет).
[7] Нажжор, “Хулафои рошидийн” (244-бет).

Изоҳ қолдиринг