Умавийлар: Бани Умайя ва Муовия Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида

0

Умавийлар ва Муовия розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида

Ҳижрий 13 йили Абу Бакр Сиддиқ вафот этиб, Умар Форуққа халифа ўлароқ байъат берилди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам Бани Умайяга ишонч билдиришда, уларни масъул хизматларга тайин қилишда ўзидан олдинги икки улуғ зотнинг йўлидан борди. Улардан бирор кишини мансабидан бўшатмади, улардан бирор кишига нисбатан ёмон муносабатда бўлмади. Ваҳоланки, Умар қаттиққўллик билан, волийлар ва амалдорларни ғоят синчковлик билан назорат қилиш, уларнинг фаолиятларига танқидий баҳо бериш билан маълум ва машҳур эди. Бани Умайяга мансуб кишиларнинг Умар даврида масъул лавозимларда бўлиши уларнинг омонатдор ва лаёқатли кишилар эканига далолат қилади. Масалан, Язид ибн Абу Суфён Дамашқ волийси лавозимини, Муовия ибн Абу Суфён эса Шом диёридаги амалини сақлаб қолди[1].

Муовия юлдузининг порлай бошлаши

Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида сиёсат ва бошқарув майдонида Муовия розияллоҳу анҳунинг юлдузи порлай бошлади. Умар уни ҳижрий 15 йил Фаластинга, Қайсария фатҳига бош қилиб юборди. Унга ёзган мактубида шундай сатрлар бор эди: “Аммо баъд, мен сени Қайсарияга (йўл олувчи қўшинга) бош қилдим. Сен у ерга йўл ол, улар устидан Аллоҳнинг мададига суян, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм”ни кўп айт, Аллоҳ бизнинг Раббимиз, суянчимиз, хожамиздир. У нақадар яхши хожа ва нақадар яхши мададкордир”[2].

Умар тарафидан юкланган бу ғоят улкан топшириқ Муовия учун оғир синов вазифасини ўтади ва у бу синовдан муваффақиятли ўтди. Муовия Умарнинг Шомдаги волийларидан бўлмиш оғаси Язид ибн Абу Суфён ҳозирлаган улкан қўшинга бош бўлиб Қайсарияга йўл олди. Қайсария шаҳри мустаҳкам ҳарбий иншоатларга эга шаҳар бўлиб, аҳли бағоят куч-қудратга эга эди. Муовия уни узоқ қамал қилиб турди, шаҳар аҳли билан бир неча бор уруш ҳаракатларини олиб борди, асло умидсизликка тушмади, уни фатҳ қилишга қаттиқ ҳаракат қилди, охири Аллоҳ унинг қўлида фатҳ қилди. Ушбу шаҳар фатҳи ўта катта фатҳ бўлди, бу урушда шаҳар аҳлидан юз мингга яқин одам ўлди. Муовия ғалаба хабари ва ўлжаларнинг бешдан бирини амирулмўъминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди[3].

Муовия Аллоҳнинг тавфиқи билан ушбу фатҳ орқали ўзининг раҳбарлик ва бошқарувга лаёқати борлигини исботлади, бу иши билан кўпчиликнинг ишончини қозонди. Сўнг Дамашқ амири бўлган акаси Язид Шом соҳилларини фатҳ қилиш вазифасини унга ишониб топширди, у бу вазифани ҳам қойиллатиб бажарди.

Доктор Абдураҳмон Шужоъ айтишича, Шом диёри шаҳарлари мусулмонлар зарбалари остида бирин кетин таслим бўлди. Зотан, Рум давлати кетма-кет мағлубиятлар зарбасидан мусулмонларга қарши урушиш ҳақида ўйлайдиган ҳолда ҳам эмасди. Шу туфайли Байрут, Сайда, Ноблус, Лид, Ҳалаб, Антокия шаҳарлари бирин-кетин қўлга киритилди. Қайсария Шом шаҳарлари ичида охирги бўлиб Муовия ибн Абу Суфён қўлида фатҳ этилди, унинг фатҳи Қудс фатҳидан кейин содир бўлди[4].

Қайсария қамалида Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу мусулмон лашкарининг ўнг қанотига бош бўлганди. У аскарларига ваъз-насиҳат қилиб, уларни ўзларининг аҳволларини бир кўздан кечиришга ва гуноҳлардан тийилишга чақирди. Сўнг лашкарини урушга бошлади. Жангда жуда кўп румликлар ўлдирилди, бироқ шиддатли жанглардан кейин ҳам мусулмонлар мақсадга тўла эриша олмасдан ортга қайтишга мажбур бўлдилар. Убода аскарларини кейинги жангга тарғиб қилар экан, ушбу ҳужумдан кўзда тутилган мақсадга эриша олмаётганларидан қаттиқ ажабланиш изҳор қилиб: “Эй ислом аҳли! Мен (Ақаба кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат учун вакил қилинган) вакилларнинг энг ёши эдим ва энг умри узуни бўлдим. Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло мени сизлар билан бирга манави душманга қарши урушиш учун (вафот эттирмай) қолдирган экан… Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен қачон бир мўминлар жамоати билан мушриклардан бирор жамоат устига ҳамла қилган бўлсам, албатта улар майдонни бизга қолдириб, тумтарақай бўлиб кетишар ва Аллоҳ улар устидан бизга ғалаба ато этарди. Сизларга нима бўлдики, шунча ҳужумдан кейин ҳам уларни енга олмадингиз?!… – Кейин уларга ўзининг улар хусусида нимадан қўрқаётганини баён қилиб: – Қасамки, мен сизларнинг икки ишдан бирига тушиб қолганингиздан – ё ўлжаларга хиёнат қилиб қўйган бўлишингиздан ё эса жангда Аллоҳга ихлосингиз етишмаётган бўлишидан қўрқмоқдаман”, деди. Сўнг асҳобларини сидқидилдан шаҳидлик талаб қилиб урушишга тарғиб қилиб, ўзининг ҳам уларнинг олдинги сафларида бўлиши ва то Аллоҳ фатҳ ато этмагунича ё шаҳидликка эришмагунича ортига қайтмаслигини эълон қилди. Мусулмонлар румликлар билан тўқнашганда Убода отидан ерга тушиб, пиёда жанг қила бошлади. Умайр ибн Саъд Ансорий уни бу ҳолда кўргач, мусулмонлар ичида жар солиб, қўмондонларининг қандай ҳолда жанг қилаётганини айтиб, ундан ўрнак олишга чақирди. Ўша куни шиддатли жанглардан сўнг мусулмонлар румликларни мағлубиятга учратиб, қалъаларини қўлга киритдилар[5]. Қайсария фатҳи ва Муовиянинг Дамашқ соҳилларидаги ғалабасидан сўнг Умар ибн Хаттоб уни Урдунга волий қилиб тайинлади, бу воқеа 17 ҳижрийда бўлди[6].

Муовиянинг Дамашқ, Баълабакка ва Балқога волийлиги

Ҳижрий 18 йил Шомда тарқалган Амвос вабосида Язид ибн Абу Суфён вафот этгач, Умар ибн Хаттоб унинг ўрнига укаси Муовияни Дамашқ, Баълабакка ва Балқога волийликка тайинлади. Умарнинг бу иши Муовиянинг ота-онаси кўнглига жуда катта юпанч бахш этди. Умар ибн Хаттоб Абу Суфёнга ўғли Язиднинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор қилганида у: “Унинг ўрнига кимни волий қилдингиз, эй амирулмўъминин?”, деб сўради. Умардан: “Укаси Муовияни” деган жавобни эшитгач: “Қариндошлик риштасини боғлабсиз, эй амирулмўъминин”, деди Абу Суфён.

Абу Суфён Муовияга унинг волийликка тайинланиши муносабати билан ёзган мактубида деди: “Ўғлим, муҳожирларнинг ушбу жамоаси биздан ўзиб кетганлар, биз эса ортда қолганмиз. Ўзишлари ва пешқадамликлари уларни Аллоҳ ва расули наздида мартабаларини оширди, бизнинг кечикишимиз даражамизни пасайтирди, улар раҳбар ва саййидларга айландилар, биз эса тобеларга айландик. Энди улар сени улкан вазифага тайин қилдилар, сен уларга хилоф қилмагин. Билиб қўй, сен бир маррага қараб чопиб кетмоқдасан, бу йўлда бор кучингни аяма, маррага етиб борсанг, ортингда яхши мақтов қолдирасан”. Шунингдек, онаси Ҳинд бинти Утба ҳам Муовияга мактуб йўллаб, унга шундай насиҳат қилди: “Ўғлим, Аллоҳга қасамки, сенга ўхшаганлар камдан-кам туғилади. Бу одам сени шу ишга тайинлаган экан, энди сен ўзинг ёқтирган ишларда ҳам, ёқтирмаган ишларда ҳам унинг итоатидан чиқмагин”[7].

Айрим кишилар, хусусан ёши улуғлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Муовия розияллоҳу анҳуни ёш бўлишига ва ундан кўра каттароқ ва афзалроқ кишилар бор бўлишига қарамай волийликка тайин қилишидан ажабланиш изҳор қилиб, ёш йигитни волий қилиб қўйди, деганларида Умар: “Сизлар мени уни волийликка тайин қилганим учун маломат қилмоқдасиз, ҳолбуки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (Муовия ҳақида): “Эй Аллоҳ, уни ҳидоят қилувчи ва ҳидоятланувчи қилгин ва у сабабли ҳидоят қилгин” деб дуо қилганларини[8] эшитганман, деб жавоб берди.

[1] “Умавийлар асрида ислом олами” (15-бет).
[2] “Тарихи Табарий (4/431).
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/54).
[4] “Диросот фий аҳдин нубувва вал хилофатир рошида” (355-бет).
[5] “Ал-ансор фил асрир рошидий” (207-бет).
[6] “Тарихи Табарий” (4/67).
[7] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (11/399).
[8] “Ас-силсилатус-саҳиҳа” (4/615).

Изоҳ қолдиринг