Умавийлар давлати: Урушнинг авж олиши

0

Муҳаррам ойи ўтиб, сафар киргач, уруш – зулҳижжа ойида бўлгани каби –  кичик гуруҳлар ва якка шахслар жанги кўринишида бошланди ва улкан қирғинбаротнинг олдини олиш мақсадида дастлабки ҳафта мобайнида шу тарзда давом этди. Шу вақт оралиғида икки гуруҳ етмиш мартадан ортиқ тўқнашди, баъзилар тўқсондан ортиқ дейишган[1]. Кейинги ҳафта Али розияллоҳу анҳу қўшинга эртага чоршанба куни аскарларнинг барчаси иштирок этадиган катта уруш бўлишини эълон қилди, сўнг бу ҳақда Муовия розияллоҳу анҳуга ҳам хабар йўллади. Шу кечани одамлар жангга тайёргарлик кўриш, қиличларини ўткирлаш ва найзаларини учлаш билан ўтказдилар. Амр ибн Ос захирадаги қурол-аслаҳаларни опкелтириб, эҳтиёжи бўлганларга тарқаттирди. Сўнг ўзи қўшинни оралаб, одамларни руҳлантирувчи сўзлар билан жангга тарғиб қилиб юрди. Ҳар икки қўшин шу кечани ҳарбий кенгашиш, қўмондонлар ва байроқдорларни тайинлаш билан ўтказди.

Жангнинг биринчи куни

Чоршанба куни ҳар икки қўшин катта урушларда бўладиган тартибда саф тортди: олди қисм, марказ, ўнг қанот, чап қанот кўринишида ўринларни эгалладилар. Али розияллоҳу анҳунинг қўшини қуйидаги кўринишда сафланди: Али ибн Абу Толиб марказда, Абдуллоҳ ибн Аббос чап қанот амири, Аммор ибн Ёсир пиёда аскарлар амири, Муҳаммад ибн Ҳанафия катта байроқдор (роя эгаси), Ҳошим ибн Утба кичик байроқдор (ливо эгаси), Ашъас ибн Қайс ўнг қанот амири бўлди. Шомликлар қўшинида эса Муовия бош қўмондон, Амр ибн Ос отлиқ аскарлар қўмондони, Зулкилоъ Ҳимярий ўнг қанот  амири, Ҳабиб ибн Маслама чап қанот амири, Мухориқ ибн Саббоҳ байроқдор эди. Икки қўшин саф тортиб тураркан, аскарларнинг кўплигидан чор-атроф одамга лиқ тўлган эди. Баъзи ривоятларда Али ўз қўшинини сабру матонатга ва Аллоҳнинг зикрини кўпайтиришга чорлаб хутба қилгани, шунингдек, Амр ибн Ос ҳам ўз қўшинини оралаб, уларнинг сафларини текислаб юргани айтилган. Шундан сўнг уруш бошланиб кетди ва ҳар икки қўшин жуда қаттиқ шиддатли жангга киришди. Жанг то кун ботгунига қадар тўхтовсиз давом этди, ўртада фақат намоз ўқиш учун  жангни тўхтатдилар, ҳар икки тараф ўз томонида намоз ўқирди, ўрталарини ўлган аскарларнинг жасадлари ажратиб турарди. Али розияллоҳу анҳунинг қўшинидагилардан бир киши намоздан қайтаётганларида ундан: “Эй амирул мўъминин, биздан ва улардан ўлдирилганлар ҳақида нима дейсиз?” деб сўради. У деди: “Бизлардан ҳам, улардан ҳам кимда-ким Аллоҳнинг юзини ва охиратни истаган ҳолида ўлдирилган бўлса, жаннатга киради”[2].

Шу куни кечгача ҳар икки тараф сабру матонат билан урушди, ҳеч бир томон аниқ ғалабага эришмади ва ҳеч ким орқасига чекинмади. Кечқурун Али розияллоҳу анҳу жанг майдонига чиқиб, Шом аҳли томонга қараб туриб, Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Аллоҳ, мени ҳам, уларни ҳам Ўзинг кечиргин”, деб дуо қилди[3].

Иккинчи кун

Ривоятларда айтилишича, пайшанба куни Али розияллоҳу анҳу тонг ғира-ширасида бомдод намозини ўқигач, ҳужумга ҳозирланди. У бошқарувга баъзи ўзгаришлар киритди, Абдуллоҳ ибн Будайл Хузоийни ўнг қанотга қўйди, Ашъас ибн Қайс Киндийни чап қанотга ўтказди. Жанг бошлангач, иккала қўшин бир-бирининг устига ёпирилиб, кечагидан ҳам кўра қаттиқроқ шиддат билан жангга киришиб кетишди. Ироқликлар қўли баланд келиб, шомликларнинг шавкатини синдиришга яқин бўлди, Абдуллоҳ ибн Будайл Муовия қўшинининг Ҳабиб ибн Маслама бошчилигидаги чап қанотини тирқиратиб ташлади. Ҳатто Муовия жанг майдонини ташлаб чиқиб кетиш ҳақида ўйлаб, бироз тараддудга тушиб қолди. Бироқ кейин ўзини тутиб олди ва таъсирли сўзлар билан ўз жамоатининг руҳини кўтаришга киришди. Шундан сўнг шомликлар ўзига келиб олиб, ироқликлар устига шиддат билан ҳужум бошладилар ва Абдуллоҳ ибн Будайлни қатл қилдилар. Унинг ўрнига ўнг қанот амирлигини Аштар эгаллади. Шомликлар жипслашиб, бир-бирларига ўлимга байъат бердилар ва шиддат билан олға ташланиб, қаттиқ урушдилар. Уларнинг энг кўзга кўринган баҳодир жангчиларидан Зулкилоъ, Ҳавшаб, Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб каби бир қанчаси ўлдирилди. Иш шомликлар фойдасига ўзгариб, ироқликлар чекина бошлади, улар ичида ўлдирилган ва жароҳатланганлар сони ортиб кетди. Али ўз қўшинининг чекина бошлаганини кўргач, уларга ҳайқириб, руҳларини кўтарадиган сўзларни айтишга киришди. Ўзи ҳам жуда қаттиқ урушиб, майдон марказига кириб борди. Уни кўриб, аскарларнинг ҳамиятлари жўшиб, шижоатларига шижоат қўшилди.

[1] “Шазаротуз заҳаб” (1/45).
[2] Саид ибн Мансур, “Сунан” (2/344), санади заиф.
[3] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (15/297), санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг