Қўнғироқдан фойдаланиш жоизми?

0

Савол:

Баъзи инсонлар: “Будильник ишлатиш ҳаром, чунки унда мусиқа бор. Шунингдек, қўнғироқ ишлатиш ҳам тўғри эмас, чунки Пайғамбаримиз ундан қайтарганлар” – дейишади.  Шу тўғрими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ит ва қўнғироғи бўлган жамоага фаришталар ҳамроҳ бўлмайди”[Муслим: 2113].

 Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қўнғироқ шайтоннинг найи (мусиқа асбоби)дир”[Муслим: 2114].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фаришталар қўнғироқдан қочишларининг боиси, у насоролар черковидаги қўнғироққа ўхшаши ёки у тақишдан қайтарилган қўнғироқлардан бўлганидир, дейилган бўлса, баъзи олимлар: “Қўнғироқ ўзидан (мусиқага ўхшаш) товуш чиқаргани учун қайтарилган”, дейишган. Ушбу иккинчи сўзни: “Қўнғироқ шайтоннинг найи (мусиқа асбоби)дир”, деган ривоят қўллаб-қувватлайди”[“Шарҳи Муслим”, 14-жуз, 95-бет].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хулоса шундан иборатки, қўнғироқ товушининг икки жиҳати бўлиб, биринчиси ундан чиқадиган жарангдор товуш бўлса, иккинчиси ундан тараладиган куй жиҳатидир. Мазкур иккинчи жиҳат, яъни қўнғироқдан тараладиган куй шайтоннинг мусиқаси бўлгани учун фаришталар ундан қочадилар”.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаришталар ит ва қўнғироғи бўлган жамоага ҳамроҳ бўлмаслиги ҳақида хабар бердилар. Чунки (бўйнига қўнғироқлар илинган) ҳайвонлар ҳаракатланиши ва йўрғалаб юриши натижасида улардан мусиқасимон оҳанглар пайдо бўлади. Маълумки, мусиқа ҳаромдир” [“Шарҳи риёзус-солиҳин”, 4/340].

Будильник ва шунга ўхшаш товуш чиқарадиган жиҳозлар агар мусиқа товуши билан огоҳлантирадиган бўлса, мусиқаси бўлгани сабабидан ҳаром бўлади. Мусиқасиз оддий қўнғироқ бўлса, зиёни йўқ.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Будильник ва шунга ўхшаш товушли жиҳозлардаги қўнғироқ товушлари, шунингдек, эшикларга ўрнатилган қўнғироқлар ҳадисда келган қайтариққа кирмайди ва ундан фойдаланишнинг зиёни йўқ. Чунки бу қўнғироқлар чорва моллари ёки шунга ўхшаш жониворлар бўйнига тақилмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган мусиқа оҳанггини ҳам пайдо қилмайди”[“Шарҳи риёзус-солиҳин”, 4/340-341].

Саудия доимий фатво қўмитасидан ҳаром қилинган қўнғироқ ҳақида сўралганида қуйидагича жавоб берган: “Уй, мактаб ва шунга ўхшаш жойларда ўрнатилган қўнғироқлар насоролар черковидаги қўнғироққа ўхшаш бўлмаса ёки мусиқали товуш чиқармаса, жоиздир. Агар қўнғироқ товуши мусиқа ёки насоролар черковидаги қўнғироққа ўхшаса, у ҳолда бу иш ҳаром саналади” [“Саудия доимий фатво қўмитаси”, 26/284].

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳадисда қайтарилган қўнғироқдан мақсад насороларнинг қўнғироғига ўхшаш ёки мусиқали товуш чиқарадиган қўнғироқлардир. Шунга биноан, будильник ва шунга ўхшаш товушли жиҳозлардаги қўнғироқ товушлари, шунингдек, эшикларга ўрнатилган қўнғироқлар модомики насороларнинг қўнғироғига ўхшаш бўлмаса ёки мусиқали товуш чиқармаса, улардан фойдаланиш жоиздир, валлоҳу аълам.

 Манба: https://islamqa.info/ar/96588 саҳифасидан жузий ўзгартиришлар билан таржима қилинди.

 

Изоҳ қолдиринг