Қурбонлик гўштидан кофирларга бериш мумкинми?

0

Савол:

Қурбонлик гўштидан кофирларга ҳам берса бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Қурбонлик гўштидан кофирларга беришнинг зарари йўқ. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларни дин борасида сизларга қарши жанг қилмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан чиқариб юбормаган кофирларга яхшилик қилишдан ва уларга нисбатан адолатли бўлишдан қайтармайди. Зеро, Аллоҳ адолатли инсонларни яхши кўради” – деган (Мумтаҳана, 8). Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо қўй сўйганларида: “Яҳудий қўшнимизга ҳам бердингларми, яҳудий қўшнимизга ҳам бердингларми?” – деб қайта-қайта сўраган эканлар. Ортидан нима учун бундай деб сўраганларини изоҳлаб: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаброил менга қўшнига яхшилик қилишга кўп буюрганидан ҳатто қўшнига мерос ҳам ажратса керак, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман” – деган экан (Термизий ривояти, 1943).

Бинобарин, қурбонлик гўштидан кофирга бериш унга яхшилик қилишнинг бир кўриниши саналади. Хусусан, агар кофир кимса қўшни ёхуд қариндош бўлса, унга яхшилик қилиш янада таъкидли бўлади, валлоҳу аълам.

Фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифасидан фойдаланилди.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг