Қурбонлик сўйиш ва сочни олиш

0

(21) Қурбонлик сўйиш

Ҳожилар Жамрати куброда тош отиб, ярим эҳромдан чиқишгач, қурбонлик қиладилар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Манҳар[1]га бориб, ўз қўллари билан олтмиш учта туя сўйдилар. Сўнг (қолган туяларни) Алига бердилар. Қолган туяларни Али сўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қурбонликларга (ёхуд уларни сўйишга) шерик қилдилар[2]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик қилган туялар сони юзтадан иборат эди.

Ҳожилар қурбонликларни Манҳардан ташқари Минонинг хоҳлаган жойида, шунингдек, Маккада ҳам сўйишлари жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен бу ерда (яъни Манҳарда) сўйдим, аслида Минонинг барча ерлари қурбонлик сўйишга яроқлидир”. Ҳадиснинг баъзи ривоятларида шундай дейилади: “Макканинг барча водийлари (ҳожилар Маккага кириб келишлари учун яроқли) йўл ва қурбонлик сўйиладиган жойдир[3].

Ҳожилар қурбонликларни ўзлари сўйишлари ёки бошқа бировларни вакил қилиб тайинлашлари ва улар ҳожилар номидан сўйишлари жоиз.

Ҳожилар қурбонликларидан ейишлари мустаҳаб. Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисида шундай дейилади: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар: (у зот ва Али сўйган) ҳар бир туядан бир парчадан гўшт олиниб, бир қозонда қайнатилди. Икковлари қозондаги гўштдан едилар ва шўрвасидан ичдилар»[4]. Баъзи уламоларнинг фикрича, қурбонлик гўштидан ейиш вожибдир. Иншааллоҳ, келгусида қурбонликка оид батафсил ҳукмлар баён қилинади.

(22) Сочни қириш ёки қисқартириш

Ҳожилар қурбонлик қилиб бўлишгач, сочларини қирадилар ёки қисқартирадилар. Сочни қириш уни қисқартиришдан афзал. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Эй Аллоҳ, сочини қирганларни мағфират қил». (Саҳобалар) айтишди: «Эй Расулуллоҳ, сочини қисқартирганларни ҳам». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Аллоҳ, сочини қирганларни мағфират қил». (Саҳобалар) айтишди: «Эй Расулуллоҳ, сочини қисқартирганларни ҳам». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сочини қисқартирганларни ҳам»[5].

Ҳожилар сочларини ўзлари қиришлари ёки бировга қирдиришлари ҳам жоиз. Сочни бошнинг ўнг томонидан бошлаб олиш суннатга мувофиқдир. Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисида келишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минога келиб тушадилар, сўнг Жамрага бориб, тош отадилар. Сўнг Минодаги чодирларига келиб, қурбонликларини сўядилар. Сўнг сартарошга қараб: «Ол», дея, (бошларининг) ўнг томонига, сўнг чап томонига ишора қиладилар. Сўнг олинган сочларини одамларга улаша бошлайдилар»[6]. Тўғрироқ фикрга кўра, сочининг маълум бир қисмини қириш ёки баъзи жойларини қисқартириш билан кифояланмасдан, балки ё сочининг барчасини қириб олиши, ё барчасини қисқартириши лозим.

Сочни қириб олиш фақат эркакларга хос. Бинобарин, аёллар фақат сочларини қисқартиришлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аёллар сочини қириб олмайдилар, балки уларга вожиб бўлгани сочларини қисқартириш, холос»[7]. Аёллар ўрилган сочлари ёки умуман сочларининг учидан бир бармоқ бўғини миқдорида қисқартиришлари кифоя.

Эслатма:

Ҳаж ёки умрада сочни қириш ёки қисқартириш ибодат саналиб, инсон бунинг учун ажр-савоб олади. Аммо ундан бошқа ҳолатларда инсоннинг ниятига қараб, соч олиш ҳукми турлича бўлиши мумкин:

1) Ибодат сифатида соч олиш бидъат. Чунки соч олиш фақат ҳаж ва умрадагина ибодат саналади. Қолаверса, кундалик ҳаётда ибодат сифатида сочни қириб олиш хаворижларнинг аломатларидан бири бўлган. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тавсифлар эканлар, жумладан шундай деганлар: «Уларнинг сиймо-аломати сочни қириб олишдир»[8].

2) Сочни тартибга солиш учун уни қириш ёки қисқартиришнинг зиёни йўқ. Зеро, бу иш мубоҳ-жоиз ишлар қабилидан саналади[9].

[1] Манҳар – Минодаги жойнинг номи. Луғавий маъноси – “қурбонлик сўйиладиган жой”.
[2] Ҳасан: Абу Довуд (1764), Ибн Можа (3074) ривояти.
[3] Саҳиҳ: Абу Довуд (1937), Ибн Можа (3048) ривояти.
[4] Муслим (1218) ривояти.
[5][5] Бухорий (1727), Муслим (1302), Абу Довуд (1979), Термизий (913), Ибн Можа (3043) ривояти.
[6] Муслим (1305) ривояти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини табаррук учун одамларга улашганлари, шунингдек, сочларидан бошқа у зотдан қолган осор-нишоналарни табаррук қилиш ҳам фақат у зотга хос. Бинобарин, бу каби ҳадисларни солиҳ кишиларнинг осори-нишоналарини табаррук қилишга далил қилиш жоиз эмас.
[7] Саҳиҳ: Абу Довуд (1985) ривояти. Албонийнинг «Ас-саҳиҳа»сига (605) қаранг.
[8] Бухорий (7562), Абу Довуд (4765), Ибн Можа (175) ривояти.
[9] Мазкур ҳукмни шайхулислом Ибн Таймия «Мажмуул фатово»да зикр қилган.

Изоҳ қолдиринг