Қуръони Каримда Ҳуд алайҳиссалом қиссаси (3)

0

Қуръони Каримда Ҳуд алайҳиссалом қиссаси

Хулоса қилиб айтганда, Од қавми (яъни биринчи Од қабиласи) тўфон ҳодисасидан кейин илк бор бутларга ибодат қилган кишилар бўлиб, Аллоҳ таоло насабдош биродарлари Ҳуд алайҳиссаломни уларнинг ичига пайғамбар қилиб юборди ва у ўз қавмини Аллоҳнинг динига даъват қилди.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Нуҳ қавми ва уларга оид бўлиб ўтган воқеаларни зикр қилгач шундай дейди: “Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми?!”. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: “Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз”,  дейишди. У айтди: “Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман. Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (сизларни охират азобидан) огоҳлантириш учун ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми? (Аллоҳ) сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа (ўринбосар) қилиб қўйганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эслангиз!  Бас,  Аллоҳнинг неъматларини эслангиз,  шояд нажот топурсиз.  Улар: “Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?”, дедилар. У айтди: “Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ бўлди. Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган (бутларингизнинг номлари ҳақида баҳслашмоқчимисизлар? Ахир Аллоҳ (уларга ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?! У ҳолда (Аллоҳнинг азобига) кўз тутаверинглар,  мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман”. Бас, унга (Ҳудга) ва у билан бирга бўлган (мўмин зотларга) Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик (ҳалок қилдик). Улар мўмин эмас эдилар” [Аъроф: 65-72].

 Шунингдек, Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида Нуҳ алайҳиссалом қиссасини зикр қилгач шундай дейди: “Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди:  “Эй қавмим,  Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма-хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос (улар хеч қандай илоҳ эмасдирлар). Эй қавмим,  мен сизлардан бу (даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?! Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз,  сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетмангиз!”. Улар дедилар:  “Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканингни тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг қуруқ гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Ва бизлар сенга иймон келтиргувчилар эмасмиз. Бизлар фақат:  “Сени худоларимиздан бири бир бало (яъни,  мажнун) қилиб қўйган”,  деймиз, холос”. У (Ҳуд) айтди: “Албатта,  мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, ҳеч кечиктирмай менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигоримиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз, Тўғри йўлдадир. Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган динни етказдим. Парвардигорим (сизларни ҳалок қилиб),  ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар (ўз куфрингиз билан) У зотга бирон зиён етказа олмассиз. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кузатиб тургувчидир”. Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик.  Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён килган ва барча қайсар, золимлар амру-фармонларига бўйинсунган ана ўшалардир. Уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта Од қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар.  Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради” [Ҳуд: 50-60].

 Мўъминун сурасида Нуҳ алайҳиссалом қиссасини зикр қилгач, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сўнгра Биз улардан кейин бошқа асрларни (яъни авлодларни – Од қабиласини) пайдо қилдик. Бас уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбарни (яъни Ҳудни) юбордик. (У айтди): “Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми?!”. Унинг қавмидан кофир бўлган, охиратдаги мулоқотни ёлғон деган ва Биз ҳаёти дунёда бой-бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади. Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган одамга итоат килиб (ўз бутларингиздан кечсангизлар), у ҳолда, албатта зиён кўргувчидирсизлар. У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин албатта (қабрларингиздан) чиқарилгувчидирсизлар, деб ваъда бермоқдами? Сизларга ваъда қилинаётган нарса жуда-жуда узоқдир. Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз. У (яъни Ҳуд) фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадир. Бизлар унга ҳеч иймон келтиргувчи эмасмиз”. (Шунда Ҳуд) айтди: “Парвардигорим, мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)”. (Аллоҳ) деди:  “Озгинадан кейин улар албатта надомат қилгувчиларга айланиб қолурлар” [Мўъминун: 31-40].

Шуаро сурасида Нуҳ алайҳиссалом қиссасини зикр қилгач Аллоҳ таоло шундай дейди: “Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди:  (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!  Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги — баланд бино қураверасизларми?! Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизлар?! Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар, бераҳмларча ушлайсизлар?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан қўллаган – сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан,  боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!  Албатта мен сизларнинг устингизга улуғ куннинг — қиёматнинг азоби тушишидан қўрқурман”. Улар дедилар: “Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир (яъни бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма). Албатта бу (айш-ишратга берилиб умр ўтказиш) аввалгилардан қолган одатдир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз”. Бас, улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач,  Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қабиласи ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир.  (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб,  (мўминларга) меҳрибондир” [Шуаро: 123-140].

Фуссилат сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Энди Од (қабиласи)га келсак, улар ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва “Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?”, дедилар. Ахир улар ўзларини яратган зот – Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар. Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёда расво-хор қилгувчи азобни тотдириб қўйиш учун наҳсли – шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ – хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас” [Фуссилат: 15-16].

Аҳқоф сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), Од (қабиласи)нинг биродарини (яъни Ҳуд пайғамбарни) эсланг! Ўшанда у ўзининг қумтепалардаги қавмини: “Сизлар ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Мен ҳақиқатан сизларнинг устингизда улуғ куннинг азобидан қўрқурман”,  деб огоҳлантирган эди. Дарҳақиқат, ундан илгари ҳам, ундан кейин ҳам огоҳлантиргувчи (пайғамбар)лар ўтгандир. Улар: “Сен бизларни худоларимиздан буриш (юз ўгиртириш) учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргинчи?”, дедилар. У айтди: “(Азоб келар вақтнинг) билими ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган динни етказурман. Лекин мен сизларни нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман”. Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: “Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир”, дедилар. “Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса — бир бўронки,  унда аламли азоб бордир”. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон (ҳалок) қилур. Бас, (у бўрон келиб, Од қабиласидаги кофирларнинг ўзларини ҳам, мол-ҳолларини ҳам ҳалок қилди. Барчалари қирилиб битиб),  тонг отганида, фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи – осий қавмни мана шундай жазолаймиз” [Аҳқоф: 21-25].

Зориёт сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Од (қабиласининг қиссаси) да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди” [Зориёт: 41-42].

Нажм сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта У зот аввалги Од ва Самуд (қабилалари)ни ҳам ҳалок қилди. Бас, (улардан бирон кишини тирик) қолдирмади. Яна У зот илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандир). Чунки уларнинг ўзлари жуда золим ва туғёнга кетган кимсалар эдилар. Яна У зот зеру-забар бўлган қишлоқни (яъни Лут пайғамбар қавмини) ҳам қулатиб, уни ўраган нарса (яъни осмонда ёғилган тошлар) билан ўраб кўмиб ташлади.  Бас, (эй инсон) Парвардигорингнинг қайси неъматлари ҳақида шак-шубҳа қилурсан?!” [Нажм: 50-55].

Қамар сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Од (қабиласи ҳам ўзларига юборилган Ҳуд пайғамбарни) ёлғончи қилди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарвоқе, Биз уларнинг устига бир давомли наҳс кунида (яъни наҳс-шумлиги ҳеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Қасамки, Биз Қуръонни зикр – эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма – ибрат олгувчи борми?!” [Қамар: 18-22].

Ал-Ҳаққа сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас,  улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар)” [Ал-Ҳаққа: 6-8].

Фажр сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Эрам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Қозиқлар (яъни ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. Бас,  Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир” [Фажр: 6-14].

Дарҳақиқат, мазкур қиссаларнинг ҳар бири тўғрисида “Тафсир” китобимизда ўз ўрнида гапириб ўтганмиз. Ҳамду сано ва миннат Аллоҳ таологагина хосдир.

Бундан ташқари Од қабиласининг қиссалари Тавба, Иброҳим, Фурқон, Анкабут, Сод ва Қоф сураларида ҳам зикр қилинган.

Изоҳ қолдиринг