Ғуслда ўрилган сочни ёйиш шартми?

0

Савол:

Аёл кишининг сочи ўрилган бўлса ғусл олганда уни ёйиши шартми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аёл кишининг сочи бош терисига сув етишини ман қилмайдиган даражада зич ўрилмаган бўлса, жунубликдан ғусл қилар экан сочини ёйиши шарт эмас. Бунга тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилишган. Уларнинг фикрини имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис қўллаб-қувватлайди. Унда Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Мен сочимни ўриб юраман, жунубликдан покланишда сочимни ёйишим керакми?”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Йўқ, балки бошинг устидан уч ҳовуч сув қуйиб, кейин бутун баданингга сув қуйсанг бўлди, пок бўласан”, деб жавоб бердилар” [Муслим: 330].

Шурайҳ ибн Убайддан ривоят қилинади: “Жубайр ибн Нуфайр менга жунубликдан ғусл олиш ҳақида фатво берди. Унинг айтишича, Савбон розияллоҳу анҳу уларга шундай ривоят қилган экан: “Биз жунубликдан ғусл қилиш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганимизда у зот:  “Эркак киши ғуслда сочини ёйиб, бошини то сочининг тубига сув етгунча ювади. Аммо аёл киши бўлса, сочини ёйиб ўтирмайди. Балки бошининг устидан уч ҳовуч сув қуйса кифоя”, деб жавоб бердилар [Абу Довуд: 255. Шайх Албоний ҳадис санадини саҳиҳ деган].

Аммо соч бош терисига сув етишини ман қиладиган даражада зич ўрилган бўлса, у ҳолда бошнинг барча қисмига сув етказиш учун ўрилган сочни ёйиш лозим бўлади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайздан покланган аёл қай тартибда ғусл қилиши кераклигини баён қилиб шундай деганлар: “… сўнг бошига сув қуйиб, то сув бош терисига етгунча бошини яхшилаб ишқалайди[Муслим:  332].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган фикрни инобатга олмаганда, аёл киши жунубликдан ғусл қилишда ўрилган сочини ёйиши фарз эмаслигида уламолар ўртасида ихтилоф борлигини билмайман[“Муғний”,  1/257].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ Имом Муслим келтирган қуйидаги ривоятни назарда тутган: “Абдуллоҳ ибн Амр аёлларни ғуслда ўрилган сочларини ёйишга буюриши Ойша розияллоҳу анҳога етганда шундай дейди:  “Бу Ибн Амр қизиқ одам экан-ку! Аёлларни ғуслда ўрилган сочларини ёйишга буюрибди. Ундан кўра сочларини қириб ташлашга буюра қолмайдими! Дарҳақиқат, мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир идишдан ғусл қилар, мен бошимга уч ҳовучдан ортиқ сув қуймас эдим[Муслим:  331].  Шунингдек, ушбу фикр имом Нахаийдан ҳам ривоят қилинган.

Аёл киши ҳайз ёки нифосдан покланиб, ғусл қилганда сочини ёйиши фарз ёки йўқлигида уламолар турли фикрларни билдиришган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, агар соч бош терисига сув етмайдиган даражада зич ўрилган бўлса, у ҳолда сочни ёйиш лозим бўлади.

Ҳанафий, моликий, шофеий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, шунингдек, имом Аҳмаддан келган бир ривоятда аёл киши хоҳ жунубликдан, хоҳ ҳайздан ёки нифосдан ғусл қилишда сочини ёйиши фарз эмас. Балки ўрилган сочнинг остини ҳўллаб, боши устидан уч ҳовуч сув қуйса кифоя.

Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, шунингдек, зоҳирий мазҳаби уламоларининг айтишича, аёл киши ҳайздан ғусл қилганда ўрилган сочини ёйиши фарз. Моликий мазҳаби уламоларидан бўлмиш Божий ҳам шу фикрда бўлган.

Бу масалада биринчи фикр эгаларининг сўзлари тўғрироқ бўлиб уларнинг келтирган далиллари қуйидагича:

  1. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Мен сочимни ўриб юраман, жунубликдан покланишда сочимни ёйишим керакми?”. Шунда у зот: “Йўқ, балки бошинг устидан уч ҳовуч сув қуйиб, кейин бутун баданингга сув қуйсанг бўлди, пок бўласан”,  деб жавоб бердилар [Муслим:  330].

  2. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Асмо розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан қай тартибда ғусл қилиш кераклиги ҳақида сўраганида, у зот: “Сув ва сидр билан (қон чиқадиган жойни) яхшилаб ювади, сўнг бошига сув қуйиб, то сув бош терисига етгунча бошини яхшилаб ишқалайди, сўнг бадани устидан сув қуяди, сўнгра бир парча атирли мато билан тозалайди”, дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо: “Қандай қилиб у билан тозалайди?” дегандилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажабланиб: “Субҳаналлоҳ!  Ўша мато билан тозалайди-да”, дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо унга шивирлаб: “Ана шу мато билан авратингни артасан”, дедилар [Муслим:  332].

Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур икки ҳадисда аёллар жунубликдан ҳам, ҳайздан ҳам ғусл олганда ўрилган сочларни ёйиш кераклигини айтмадилар. Агар ғуслда ўрилган сочларни ёйиш лозим бўлганда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам албатта бунга буюрган бўлар эдилар. Қолаверса, имом Муслим келтирган бир ривоятда Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Ҳайз ва жунубликдан покланишда сочимни ёйишим керакми?”, деган [Муслим:  330].

  1. Убайд ибн Умайрдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Амр аёлларни ғуслда ўрилган сочларини ёйишга буюраётгани Ойша розияллоҳу анҳога етганда шундай дейди: “Бу Ибн Амр қизиқ одам экан-ку! Аёлларни ғуслда ўрилган сочларини ёйишга буюрибди. Ундан кўра сочларини қириб ташлашга буюра қолмайдими! Дарҳақиқат, мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир идишдан ғусл олар, мен бошимга уч ҳовучдан оритқ сув қуймас эдим[Муслим: 331].

  2. Нофеъдан ривоят қилишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг хотинлари жунубликдан ва ҳайздан ғусл қилганда ўрилган сочларини ёйишмас, лекин бошларини яхшилаб ювишар эдилар” [Ибн Абу Шайба: 1/74, Абдураззоқ: 1/272 ва Доримий: 1/280 ривояти. Санади саҳиҳ].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазҳабимиз (яъни ҳанбалий мазҳаби)нинг айрим уламолари: “Аёл киши ҳайздан ғусл қилганда ўрилган сочларини ёйиши мустаҳаб, фарз эмас”, дейишган. Бу аксар фуқаҳоларнинг фикри бўлиб,  бу борада энг тўғри фикр ҳам шу ҳисобланади, иншааллоҳ[“Муғний”:  1/257].

Хулоса қиладиган бўлсак, аёл киши жунубликдан ғусл қилганда ўрилган сочлари модомики бош терисига сув етишини ман қиладиган даража зич бўлмаса,  уни ёйиб ўтириши шарт эмас, балки боши устидан уч ҳовуч сув қуйса кифоя. Аммо соч бош терисига сув етишини ман қиладиган даража зич ўрилган бўлса, ҳар қандай ҳолатда сочни ёйиши лозим бўлади.

Аёл киши ҳайз ёки нифосдан ғусл қилганда сочлари, гарчи бош терисига сув етишини ман қиламайдиган даража зич ўрилмаган бўлса-да, уларни ёйиб чўмилиши мустаҳаб, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг