Усмон ибн Аффон фазилатлари ҳақида келган ҳадислар

0

 

  • Эшикни оч ва унга жаннат башоратини бер:

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Мадинадаги хурмозор боғлардан бири ичида эдим, биров эшик қоқиб қолди. У зот: “Эшикни оч ва унга жаннат билан хушхабар бер”, дедилар. Қарасам, Абу Бакр экан. Унга эшикни очдим ва жаннат билан хушхабар бердим. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот яна: “Эшикни оч ва унга жаннат билан хушхабар бер”, дедилар. Бориб қарасам, Умар экан. Унга эшикни очдим ва жаннат билан хушхабар бердим. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва: “Эшикни оч ва унга бошига тушадиган бало-мусибат ортидан жаннат бўлиши билан хушхабар бер”, дедилар. Бориб қарасам, Усмон ибн Аффон экан. Унга эшикни очиб, жаннат билан хушхабар бердим ва у зотнинг сўзларини айтдим. Шунда у Аллоҳга ҳамд айтди, сўнг: “Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин”, деди[1].

Ушбу ҳадис мазкур уч саҳобанинг – Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумнинг фазилатларини ва уларнинг жаннат аҳлидан эканларини хабар беради. Шунингдек, у ҳадис ровийси Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг фазилатига ҳам далолат қилади. Бу ҳадисдан бир инсоннинг юзига – агар ғурурга берилиб қолишидан омонликда бўлса – мақтов айтишнинг жоизлигига ҳам далил олинади. Бунда яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очиқ кўриниб турган мўъжизалари ҳам борки, у зот Усмоннинг бошига келадиган фитна ва балолардан ва ҳар учаласининг иймон ва ҳидоят устида ўтишларидан хабар бердилар[2].

  • Тинчлан Уҳуд, устингда пайғамбар, сиддиқ ва икки шаҳид турибди:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамроҳликларида Уҳудга чиққанларида тоғда бир силкиниш бўлди. Шунда у зот оёқларини ерга уриб: “Тинчлан, Уҳуд! Сенинг устингда пайғамбар, сиддиқ ва икки шаҳид турибди”, дедилар[3].

  • Тинчлан, сенинг устингда фақат набий ё сиддиқ ё шаҳид бор:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа ва Зубайр билан бирга Ҳирода эдилар, қоя силкинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тинчлан, сенинг устингда фақат пайғамбар ё сиддиқ ё шаҳид бор”, дедилар[4].

  • Усмоннинг ҳаёси:

Саид ибн Ос айтади: Менга уммулмўъминин Ойша ва Усмон розияллоҳу анҳумо шундай айтиб берганлар:

Бир куни Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига киришга изн сўради. У зот тўшакларида Ойшанинг ёпинчиғига ўраниб, ёнбошлаб ётган эдилар. Шу ҳолларида Абу Бакрга изн бердилар. У кириб, эҳтиёжини сўзлашди, сўнг чиқиб кетди. Кейин Умар киришга изн сўради. Унга ҳам шу ҳолларида изн бердилар. Умар кириб, эҳтиёжини сўзлашиб, чиқиб кетди. (Усмон айтади): “Кейин мен киришга изн сўрадим. У зот ўтириб олдилар ва Ойшага: “Кийимларингни тўғрилаб ол”, дедилар. Кейин мен эҳтиёжимни сўзлашиб, чиқиб кетдим”. Шундан сўнг Ойша у зотга: “Ё Расулуллоҳ, Усмонга Абу Бакр ва Умардан бошқача, алоҳида бир эътибор қаратганингизни кўрдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Усмон жуда ҳаёли инсон. Агар унга ўша ҳолимда изн берсам, менга ўз эҳтиёжини етказа олмаслигидан қўрқдим”, дедилар[5].

  • Усмондан фаришталар ҳам ҳаё қилишлари:

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда сонларини ёки болдирларини очиб ётгандилар, Абу Бакр киришга изн сўради. Ўша ҳолларича изн бердилар ва у билан гаплашдилар. Кейин Умар киришга изн сўради. Унга ҳам ўша ҳолларича изн бердилар ва гаплашдилар. Кейин Усмон киришга изн сўраган эди, ўтириб, кийимларини тўғрилаб олдилар. Шундан сўнг Усмон кириб, гаплашди. Чиқиб кетганидан сўнг мен: “Абу Бакр кирган эди, қўзғалмадингиз, парво ҳам қилмадингиз. Кейин Умар кирган эди, унга ҳам ўрнингиздан қўзғалиб, парво қилмадингиз. Усмон кирганида эса қўзғалиб, кийимларингизни тўғрилаб олдингиз”, деган эдим, у зот: “Фаришталар ҳам уяладиган кишидан мен қандай уялмай?!”, дедилар[6].

  • Умматимнинг энг ҳаёли кишиси Усмондир:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умматимнинг энг раҳмли кишиси Абу Бакрдир. Аллоҳнинг динида энг қаттиққўли Умардир. Энг ҳаёлиси Усмондир. Қозиликда моҳирроғи Али ибн Абу Толибдир. Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани Убай ибн Каъбдир. Ҳалол-ҳаромни энг яхши биладигани Муоз ибн Жабалдир. Мерос илмида моҳирроғи Зайд ибн Собитдир. Билингки, ҳар бир умматнинг бир омонатли кишиси бўлади, бу умматнинг омонатли кишиси Убайда ибн Жарроҳдир[7].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ўлимига сабаб бўладиган фитна ҳақида хабар берганлари

  • Ким уч нарсадан нажот топса, бутунлай нажот топибди:

Абдуллоҳ ибн Ҳаволадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уч нарсадан нажот топса, ҳақиқатан нажот топибди, – дедилар уч марта, –  менинг ўлимим, дажжол, ҳақда сабр-матонат билан турувчи, уни (яъни ҳақни ўз эгаларига) адо этувчи халифанинг қатл этилиши (фитналаридан)”.

Маълумки, ҳақда сабр билан туриб, қатл этилган халифа Усмон розияллоҳу анҳудир. Барча белгилар ушбу ҳадисда кўзда тутилган халифанинг Усмон ибн Аффон эканига ишора қилади. Ушбу ҳадисда – валлоҳу аълам – ушбу фитнага аралашиб қолишдан ҳиссий ва маънавий саломат қолишнинг муҳимлигига ишора бор. Ҳиссий жиҳати фитнага ундаш, гижгижлаш, ўлдириш ва шу кабилар, маънавий жиҳати эса фитнадан сўнг у ҳақда ноҳақ гап-сўзга шўнғиш ва талашиб-тортишишдир. Шу билан бу ҳадис бутун умматга тааллуқли бўлади, фақат ўша фитна даврида бўлганларга хос эмас[8].

  • Ўша куни мана бу ниқобланган киши ўлдирилади:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида сўзлаётган эдилар, бир киши ўтиб қолди. У зот: “Ўша куни мана бу бошини ўраб олган киши мазлум бўлиб ўлдирилади”, дедилар. Қарасам, у Усмон ибн Аффон экан[9].

  • Бу ўша куни тўғри йўлда бўлади:

 Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, у содир бўладиган замон яқинлигини айтдилар. Шунда бошини ўраб олган бир одам ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана бу одам ўша куни тўғри йўлда бўлади”, дедилар. Мен сакраб туриб, Усмоннинг (яъни ҳалиги одамнинг) билакларидан тутдим, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланиб: “Шуми?”, десам: “Шу”, дедилар[10].

  • Тоғдек фитналар бўлганида бу ва шериклари ҳақ устида бўлади:

Мурра ал-Баҳзийдан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида эдим. У зот: “Тоғлардек буюк фитна кўтарилади. Ўшанда бу ва у билан бирга бўлганлар ҳақ устида бўлади”, дедилар (бир кишига ишора қилиб). Шунда мен бориб, ўша кишининг кийимидан тортдим. Қарасам, Усмон ибн Аффон экан[11].

  • Ўша куни у ва унинг асҳоби ҳақ ва ҳидоят устида бўлади:

Абул Ашъасдан ривоят қилинади: Муовия розияллоҳу анҳунинг амирлиги даврида Илиёда бир неча хатиблар сўзладилар. Охири бўлиб Мурра ибн Каъб туриб, шундай деди: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзим эшитган бир ҳадис бўлмаганда эди, туриб гапирмаган бўлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, унинг замони яқинлигини айтдилар. Шунда бошини ўраб олган бир одам ўтиб қолди. У зот: “Ўша куни бу ва унинг асҳоби ҳақ ва ҳидоят устида бўлади”, дедилар. Мен: “Шу одамми ё Расулуллоҳ?” деб, у одамнинг юзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаратдим. “Шу”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Қарасам, у Усмон экан”[12].

  • Амин ва унинг дўстларини маҳкам ушланглар:

Абу Ҳабибадан ривоят қилинади: Мен Усмон қамал қилинган ҳовлига кирдим. Абу Ҳурайра Усмондан сўзлашга изн сўради. У изн бергач, ўрнидан турди, сўнг Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлар мендан сўнг фитна ва ихтилофга – ёки ихтилоф ва фитнага – йўлиқасизлар”, деганларини эшитдим. Шунда бир киши: “Бизга кимни тавсия қиласиз, ё Расулуллоҳ?”, деб сўради. У зот: “Амин (омонатли киши) ва унинг асҳобини маҳкам ушланглар!”, дедилар Усмонга ишора қилиб”[13].

  • Аллоҳ кийдирган кўйлакни ечманг:

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Усмон, Аллоҳ сизга бир кўйлак кийдирса керак. Агар уни ечиб олмоқчи бўлсалар, уларга ечиб берманг!”, дедилар[14].

Бир ривоятда: “Эй Усмон, бир кун келиб Аллоҳ сизни бу ишга волий қилса, шунда мунофиқлар Аллоҳнинг Ўзи кийдирган кўйлагингизни ечиб олмоқчи бўлишса, уни ечманг!”, деб уч бор такрорладилар[15].

  • Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган аҳдимда тураман:

Абу Саҳла Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликларида: “Ҳузуримда асҳобларимдан бирон киши бўлсайди”, дедилар. Биз: “Ё Расулуллоҳ, Абу Бакрни чақириб берайликми?”, десак, индамадилар. “Умарни чақириб берайликми?”, десак ҳам индамадилар. “Усмонни чақириб берайликми?”, деган эдик: “Ҳа”, дедилар. Усмон келгач, у билан ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга сўзлар, Усмоннинг юзи ўзгариб борарди.

Абу Саҳла деди: Ҳовлисини ўраб олиб, уни ўлдиришмоқчи бўлган куни биз Усмон ибн Аффонга: “Эй амирулмўъминин, урушсангиз бўлмайдими?”, дедик. У: “Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан бир аҳд олганлар, мен ўша аҳдда сабр-матонат билан тураман», деди[16].

Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Усмонга бўлган муҳаббатларини ва ўзларидан кейин умматнинг манфаати учун нақадар қаттиқ қайғурганларини ифодалаб беради. У зот ўшанда Усмонга унинг ўлдирилиши билан якунланадиган фитнага тааллуқли баъзи нарсаларнинг хабарини бердилар. Бу гаплар ўрталарида сир бўлиб қолишини истадилар. Шу боис бунинг хабари бизга фақат ўша фитна кунларида фитначиларга қарши урушиши сўралганда Усмоннинг: “Йўқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аҳдлашганман, ўша аҳдимда сабр-матонат билан тураман», деб жавоб берганидан маълум бўлди. Бу сўзларидан маълум бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанда фитна олови гуриллаган пайт қандай йўл тутса, тўғри бўлишини унга кўрсатиб кетганлар, “Мунофиқлар Аллоҳнинг Ўзи кийдирган кўйлагингизни ечиб олмоқчи бўлишса, уни ечманг!”, деганлар. Кўйлакдан мурод – халифалик бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун келиб, унинг халифа бўлиши ҳақида хабар бердилар. Халифаликдан бўшамасликка ва уни халифаликдан бўшатишга уринадиган, Аллоҳ унга кийдириб қўйган кўйлакни ечиб олишга ҳаракат қиладиган кимсалар талаби билан халифаликдан воз кечмасликка буюрдилар.

Ушбу ҳадис Усмон ҳовлиси қамалга олиниб турган ҳолда ҳам фитначиларга қарши уруш қилишга кўнмагани сирини, шунингдек, қавм қаттиқ туриб талаб қилганда ҳам халифаликдан бўшашга асло рози бўлмагани сирини очиб беради. Бу эса унинг ўша фитнада тутган йўли борасида аксарият тарихчилар савол остига олган ва тушунишга қийналган нуқталардан биридир[17].

Усмоннинг қатл қилиниши фитнаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида айтиб ўтиб кетган айрим ғайб хабарларидан бўлиб, аслида ғайбни билиш ёлғиз Аллоҳ таолонинг сифатларидан, айрим ҳоллардагина Аллоҳ таоло пайғамбарларига баъзи ғайбий сирларни билдирган ва уни одамларга баён қилиб беришни буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхшиликларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар берувчиман, холос” [Аъроф: 188].

[1] Бухорий (3695).
[2] “Шарҳун нававий ала саҳиҳи муслим” (15/170).
[3] Бухорий (3697).
[4] Муслим (2417).
[5] Муслим (2402).
[6] Муслим (2401).
[7] “Саҳиҳи сунани Ибн Можа” (125).
[8] Доктор Муҳаммад Абдуллоҳ Ғаббон, “Фитнату мақтали Усмон” (1/44).
[9] “Фазоили саҳоба” (1/551), исноди саҳиҳ.
[10] “Саҳиҳи сунани Ибн Можа” (1/24).
[11] “Муснади Аҳмад” (5/33).
[12] “Муснади Аҳмад” (17602).
[13] “Фазоилус саҳоба” (1/500), исноди саҳиҳ. “Муснади Аҳмад” (8185).
[14] “Саҳиҳи Сунани Термизий” (2923).
[15] “Саҳиҳи Сунани Ибн Можа” (90).
[16] “Саҳиҳи Сунани Термизий” (2928).
[17] Доктор Муҳаммад Абдуллоҳ Ғаббон, “Фитнату мақтали Усмон” (1/48).

Изоҳ қолдиринг